Профессионал ҳайдовчилар учун Россияда вақтинчалик бўлиш муддати 180 кунга узайтирилди
Бу ҳақда Ҳукумат комиссияси ахборот хизмати маълум қилди. Унда ёзилишича, Россия Федерацияси ҳукумати халқаро автомобиль ташувларини амалга ошираётган профессионал ҳайдовчилар учун мамлакат ҳудудида вақтинчалик бўлиш муддатини 180 кунгача узайтириш тўғрисида қарор қабул қилган. Ушбу тартиб 2026 йил 30 июндан кучга киради. Илгари мазкур тоифадаги ҳайдовчилар учун бу муддат 90 кунни ташкил этар эди.
Ушбу янгилик Ўзбекистон, бошқа МДҲ давлатлари ҳамда Грузия фуқаролари бўлган профессионал ҳайдовчиларга тааллуқли бўлиб, халқаро юк ташувлари жараёнида қатор қулайликлар яратади. Хусусан, мамлакат ҳудудида бўлиш муддатининг икки баробарга узайтирилиши логистика жараёнларини янада барқарор ташкил этиш, юкларни ўз вақтида манзилга етказиш ва ортиқча маъмурий чекловларни камайтиришга хизмат қилади.

Айниқса, бу қарор ўзбекистонлик экспортчилар ва ташувчилар учун муҳим амалий аҳамиятга эга. Чунки ташқи бозорларга маҳсулот етказиб беришда автомобиль транспорти асосий йўналишлардан бири бўлиб қолмоқда. Мева-сабзавот, озиқ-овқат маҳсулотлари, қурилиш материаллари ва бошқа товарларни экспорт қилишда ҳайдовчиларнинг мамлакатда узоқроқ муддат бўлиши ташувларнинг узлуксизлигини таъминлайди.
Ушбу масала 2026 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев раислигида ўтказилган “Очиқ мулоқот”лар доирасида ҳам бир неча бор кўтарилган эди. Унда транспорт-логистика компаниялари, экспортчилар ва импортчилар Россия ҳудудида фаолият юритишда юзага келаётган амалий муаммолар ҳақида фикр билдирган.

Хусусан, экспортчилар билан ўтказилган очиқ мулоқотларда ҳайдовчиларнинг Россия Федерацияси ҳудудида ўз касбий вазифаларини бажариш жараёнида дуч келаётган қийинчиликлар, жумладан, вақтинчалик бўлиш муддати билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинган.
Шундан сўнг мазкур йўналишдаги таклиф ва мурожаатлар икки мамлакат ҳукуматлари даражасида, Ўзбекистоннинг Россия Федерациясидаги элчихонаси иштирокида ишлаб чиқилгани маълум қилинган эди.

Янги тартибга мувофиқ, Россияга визасиз тартибда келувчи ва халқаро автомобиль ташувларида профессионал ҳайдовчи сифатида фаолият юритаётган МДҲ давлатлари ҳамда Грузия фуқаролари бир календарь йил давомида жами 180 суткагача ушбу мамлакат ҳудудида бўлишлари мумкин.
Шу билан бирга, бундай хорижий фуқаролар Россия Федерациясига кириш ва унинг ҳудудида вақтинчалик бўлиш ёки яшаш мақсадида белгиланган тартибда тегишли ариза тақдим этишлари лозим.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади,
ЎзА