Наркожиноятларнинг барвақт олдини олишга қаратилган миллий дастур ижроси қандай таъминланмоқда?
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Наркотиклар ва ўқотар қуролларни назорат қилиш агентлигида гиёҳвандлик ва наркожиноятларнинг барвақт олдини олиш ҳамда уларга қарши курашиш бўйича 2025 - 2026 йилларга мўлжалланган комплекс амалий ҳаракатлар миллий дастури ижроси муҳокама қилинди.
Президент Администрацияси, вазирлик ва идоралар вакиллари иштирок этган тадбирда давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 3 ноябрдаги “Аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини гиёҳвандлик ва наркожиноятлардан самарали ҳимоя қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида белгиланган вазифаларга алоҳида тўхталиб ўтилди.

Миллий стратегияни амалга оширишда гиёҳвандлик ва уюшган наркожиноятчиликка қарши курашиш фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш орқали аҳолини, биринчи навбатда, ёшлар саломатлиги ҳамда миллат генофондини самарали ҳимоя қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон аҳолисининг саломатлиги ва миллат генофондига жиддий таҳдид солаётган гиёҳвандлик иллатига қарши курашиш ҳамда бунга сабаб бўлаётган уюшган наркожиноятчиликка чек қўйишга қаратилган норматив-ҳуқуқий, тезкор-профилактик ва ташкилий-тарбиявий чоралар комплекси қандай бажарилаётгани таҳлил қилинди.

Вояга етмаганлар ва ёшлар келажагини гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалардан ҳар томонлама асраш – барча даражадаги давлат органлари, ташкилотлари ва муассасаларининг долзарб вазифаси этиб белгиланди ҳамда уларнинг бу борадаги масъулиятини тубдан оширилгани эслатиб ўтилди.

Миллий дастурда гиёҳвандликка қарши курашиш, ноқонуний муомала каналларини бартараф этиш, ёшлар ўртасида профилактик тадбирларни кучайтириш ҳамда жамоатчилик иштирокини кенгайтиришга қаратилган 100 дан ортиқ амалий чора-тадбирлар назарда тутилган.
Йиғилиш танқидий руҳда ўтиб, дастур ижроси юзасидан масъул вазирлик ва идоралар раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди.
Миллий дастурнинг ҳар бир банди алоҳида муҳокама қилиниб, унинг ижросини самарали таъминлаш юзасидан аниқ вазифалар ва қўшимча чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Н.Абдураимова,
ЎзА