Президент мактабига кириш учун 1-босқич тест синовлари бўлиб ўтди
Навоий шаҳридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги вилоят ҳудудий бўлимида Президент мактабига талабгор ўқувчилар учун тест синовларининг биринчи босқичи бўлиб ўтди.
Мажмуада имтиҳонларнинг шаффоф ва адолатли ўтиши учун пухта тайёргарлик кўрилган. Ўқувчилар тўлиқ Face ID текширувидан ўтказилиб, тест жараёнига киритилмоқда. Тест ҳужжатлари имтиҳон бошланиш жараёнидан олдинроқ махсус қопларда келтирилиб, холислар иштирокида очилган ҳолда гуруҳлар учун бириктирилган масъуллар томонидан ўқувчиларга тарқатилди.

Ушбу босқичда ўқувчиларга математика фани бўйича 30 та топшириқдан иборат тест саволини ечиш учун 60 дақиқа вақт ажратилди.
Жорий йилда Президент мактабида ўқиш истагини билдирган умумтаълим мактабларининг 4-синфини битирган 1789 нафар ўқувчи тегишли платформалар орқали онлайн шаклда ҳужжат топширишди.

Имтиҳон ўтаётган мажмуада ўқувчилар учун барча қулай шароитлар яратилган.
Биринчи босқичдан ўтган 480 нафар ўқувчи 2-босқичда иштирок этади. Уларнинг фақатгина 24 нафари Президент мактабига қабул қилинади.

Абдували Бўриев, ЎзА мухбири