Анадолудаги Ҳорзумлулар изидан
Саккиз аср аввал юртимиздан Жалолиддин Мангуберди сафида бир неча ўнг минг жасур жангчиларни тақдир Анадолунинг ғарбий чеккаларига олиб борган эди. Орадан қарийб 800 йил ўтди. Биз эса уларнинг авлодларини излаб, Хоразмдан Туркияга йўл олдик.
Сўнгги йилларда мамлакатимиз зиёлилари, олимлари ва тадқиқотчилари иштирокида тарихий хотирани тиклаш, миллий ўзликни англаш ҳамда халқимиз цивилизацион илдизларини чуқур тадқиқ этишга қаратилган қатор илмий-маърифий сафарлар амалга оширилмоқда.
Бу каби ташаббуслар Олтой тоғларидан Кавказ, Волгабўйи ва Анадолу сарҳадларигача бўлган улкан ҳудудларни қамраб олган. Сафарлар давомида аждодларимиз босиб ўтган йўллар изидан бориш, бой тарихий меросимизни яқиндан ўрганиш ва халқимиз тақдири билан боғлиқ узвий ришталарни аниқлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида Жалолиддин Мангуберди фонди ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази ташаббуси билан Туркиянинг ғарбий вилоятларига навбатдаги илмий-маърифий сафар ташкил этилди. Ушбу ташаббус саккиз аср муқаддам Хоразмдан Анадолуга кўчиб борган ҳорзумлуларнинг тарихи, бугунги ҳаёти ва асрлар давомида сақланиб келаётган тарихий хотирасини ўрганишга бағишланди.
2026 йил июнь ойида амалга оширилган мазкур сафар давомида тарихий манбаларда қисқача қайд этилган, аммо тақдири ва мероси ҳақида етарлича маълумот сақланмаган Анадолу ҳорзумлуларининг ўтмиши, маданий анъаналари ва бугунги авлодлари ҳақида қимматли маълумотлар йиғилди.
Тарих китобларидаги бир жумланинг ортидан
Жалолиддин Мангуберди ҳақидаги кўплаб китобларда бир маълумот такрорланади: у ҳалок бўлганидан кейин унинг қўшини ва уларнинг оилаларидан иборат ўн минглаб инсонлар Анадолу, Сурия ва Миср томонларга тарқалиб кетган. Туркияда эса уларнинг авлодлари “Ҳорзумлу” номи билан сақланиб қолган.
Бироқ савол туғилади:
Бу одамлар бугун қаерда яшайди? Улар ўз келиб чиқишини эслайдими? Хоразм ҳақида нималарни билади?
Мана шу саволлар бизни 2500 километрдан зиёд йўл босишга ундади.
Экспедициянинг илк манзили Истанбул бўлди.
Бизни Истанбул университетининг таниқли профессори, мўғулшунос олим Куршат Йилдирим кутиб олди. У билан суҳбатларимизда нафақат экспедиция йўналишлари, балки Жалолиддин Мангубердининг Анадолудаги мероси ҳақида ҳам фикр алмашдик.
Қизиғи шундаки, ҳорзумлулар ҳақидаги кўплаб маълумотлар айнан турк олимлари томонидан йиғилган бўлса-да, Хоразмдан уларни излаб келган тадқиқотчилар деярли бўлмаган.
Бу ҳолат бизга экспедициянинг масъулиятини янада чуқурроқ ҳис эттирди.
Денизли: Памукқалъа ва хоразмликлар излари
Эртаси куни 600 километрлик йўлни босиб Денизлига етиб келдик.
Туркия автобуслари ҳақида кўп эшитган эдик, аммо ўз кўзимиз билан кўрганимизда ҳайратимиз янада ошди. Автобусда чой, кофе, салқин ичимликлар, ҳатто музқаймоқ ҳам таклиф этилади. Равон йўллар ва қулай шароит туфайли 11 соатлик сафар деярли сезилмай ўтди.
Денизлидаги илк манзилимиз XIII асрда қурилган Оқхон карвонсаройи бўлди.
Айнан шу карвонсарой орқали асрлар давомида савдогарлар, сайёҳлар ва саркардалар ўтган. Ривоятларга кўра, 1402 йилда Амир Темур ҳам шу ерда меҳмон бўлган.
Кейин эса Памукқалъага йўл олдик.
Оқ травертинлари билан бутун дунёга машҳур бўлган бу мўъжизавий ҳудудда юрар эканмиз, бир ҳақиқат хаёлга келади: бугун миллионлаб сайёҳларни ўзига жалб қилаётган жойларда бир пайтлар хоразмликлар ҳам қадам босган бўлиши мумкин.
Турк ўчоғида кутилмаган топилма
Денизлидаги энг қизиқ учрашувлардан бири Турк ўчоғи ташкилотида бўлди.
У ерда маҳаллий аҳоли билан суҳбатлашар эканмиз, кутилмаган ҳолда “Ҳорзум бейлари” номли қадимий халқ қўшиғига дуч келдик.
Қўшиқнинг матни ва руҳиятида жанговарлик, эрк ва ватанпарварлик руҳи яққол сезиларди.Энг муҳими, маҳаллий аҳоли бу қўшиқни ҳорзумлулар билан боғлаб айтар эди. Биз учун бу шунчаки фольклор намунаси эмас, балки саккиз асрлик хотиранинг тирик қолган бир бўлаги эди.
Кутаҳия: Гермианлар ва Жалолиддин аскарлари
Экспедициянинг энг муҳим қисмларидан бири Кутаҳия шаҳрида ўтди.
Бу ерда Гермиан бейлигига бағишланган халқаро симпозиум ташкил этилган эди. Туркиялик олимлар билан мулоқотлар давомида бир ҳақиқат яна бир бор таъкидланди:
Гермиан бейлиги тарихи ҳақида баҳслар турлича бўлиши мумкин, аммо унинг ҳарбий қуввати ва шаклланишида хоразмликлар муҳим ўрин тутгани кўпчилик томонидан тан олинади.
Симпозиумдаги маърузалардан кейин биз учун энг қизиқ қисми бошланди. Биз ҳорзумлулар яшайдиган қишлоқларни излашга отландик.
Кутаҳия вилоятидаги тоғлар орасида жойлашган Оважик қишлоғига кириб келар эканмиз, кўнглимизда ғалати ҳаяжон бор эди.
Наҳотки, мана шу одамлар саккиз аср аввал Хоразмдан чиққан жангчиларнинг авлодлари бўлса?
Қишлоқда учратган Козим Гунеш ва бошқа маҳаллий аҳоли вакиллари ўзларини ҳорзумлу деб таништирди. Улар бутун тарихни батафсил билмас эдилар. Бу табиий ҳол. Ахир орадан саккиз аср ўтган. Аммо уларнинг шеваларида, айрим сўзларида ва хотираларида Хоразм билан боғлиқ излар ҳали ҳам сақланиб қолган эди.
Кейин қўшни Дўғар қишлоғига бордик. У ерда тасодифан тўй устидан чиқиб қолдик. Дастурхонлар, меҳмондўстлик, катталарнинг ўтириши, хизмат қилиб юрган йигитлар...
Бир лаҳзага ўзимизни Хоразмнинг чекка қишлоқларидан бирида ҳис қилдик. Фақат тил бошқача эди.
Арсланбек Султанбеков ва тарихнинг жонланиши
Ўша куни кечқурун Гермиан фестивали доирасидаги концерт дастурига бордик. Майдонга яқинлашганимиз сари қозоғистонлик машҳур санъаткор Арсланбек Султанбековнинг “Турклар келмоқда” қўшиғи янграй бошлади.
Минглаб одамлар Бўзқурт ишорасини кўтарган ҳолда мусиқага ҳамоҳанг бўлишарди. Дўмбиранинг ҳар бир зарби гўё асрлар қаъридан келаётган садодек туюларди.
Шу лаҳзада тарих китобларида ўқиган воқеаларимиз кўз олдимизда жонланиб кетгандек бўлди.
Маниса: саккиз асрдан кейинги учрашув
Экспедициянинг энг таъсирли қисми Маниса вилоятида бошланди. Бу ерда бир нечта ҳорзумлу қишлоқларини зиёрат қилдик.
Ҳорзум Алаяка қишлоғида маҳаллий аҳоли билан узоқ суҳбатлашдик. Улар ўзларининг ҳорзумлу эканликларини яхши билар, аждодлари Хуросон ва Хоразм томонлардан келганини таъкидлар эдилар. Энг қизиғи, уларнинг кўпчилиги ҳаётида биринчи марта ҳақиқий хоразмликлар билан суҳбатлашаётганини айтишди.
“Учта қўйни сотсак бўларкан...”
Суҳбат давомида гап Ўзбекистонга бориш мавзусига кўчди. Улар визанинг бор-йўқлиги, йўл қанча вақт олиши, харажат қанча бўлиши билан қизиқишди.
Биз Хоразмга сафар қилиш учун тахминан 1000–1200 доллар атрофида маблағ етарли бўлиши мумкинлигини айтдик.
Шунда улардан бири ёнидаги дўстига қараб кулиб деди:
“Mehmet, ata yurdunu görmek için üç koyun satsak ne çıkar? Şu parayı da kurtlara kaptırdık diye düşün. Nasıl olsa dağdaki kurtlar her yıl bizden birkaç koyun alıp gidiyor!” ("Меҳмет, ота юртни кўриш учун учта қўй сотсак нима бўларди? Шу пулни ҳам бўриларга олдирдик деб ўйлай қол. Барибир тоғдаги бўрилар ҳар йили биздан бир нечта қўй олиб кетяпти-ку!") Атрофдагилар кулиб юборишди.
Лекин ҳазилнинг тагида чин истак бор эди.
Бу лаҳзада биз уларнинг кўзларида Хоразмга бўлган қизиқиш эмас, балки саккиз асрлик хотира билан қайта учрашиш орзусини кўрдик.
Саккиз асрлик ришта
Экспедиция давомида биз бир ҳақиқатни англадик. Ҳорзумлулар бугунги кунда ўзларини турк миллати ва Туркия жамиятининг ажралмас қисми деб биладилар. Бу табиий ҳол.
Саккиз аср давомида улар Анадолу тарихи ва маданияти билан уйғунлашиб кетган. Бироқ шу билан бирга уларнинг хотирасида Хоразм номи ҳамон яшаб келмоқда.Баъзан қишлоқ номи сифатида, баъзан лақаб сифатида, баъзан эса ота-боболар ҳақидаги қисқа бир ривоят шаклида.
Хулоса
Биз Туркияга ҳорзумлуларни ўрганиш учун борган эдик. Аммо қайтар эканмиз, фақат тарихий маълумотлар эмас, яна бир муҳим хулоса билан қайтдик: Саккиз аср аввал узилиб кетган ришта ҳали бутунлай узилмаган экан.
У баъзан бир қўшиқда, бир шевада, баъзан эса қишлоқ қариясининг оддий бир ҳазилида яшаб келар экан.
Балки яқин йилларда Маниса ёки Кутаҳиядан чиққан бир автобус ҳақиқатан ҳам Самарқанд, Бухоро ва Хоразм сари йўл олар. Ўшанда бу шунчаки саёҳат эмас, балки саккиз асрдан кейинги тарихий учрашув бўлар эди.






Бекзод Абдимримов,
Республика Маънавият ва маърифат
маркази Хоразм вилояти бўлими раҳбари.
ЎзА