Пора билан боғлиқ жиноят учун ҳукм қилинган шахслар муддатидан илгари озод қилиниши тақиқланмоқда
Сенат ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини оширишга, коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарлик муқаррарлигини таъминлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.
– Қонуннинг асосий мақсади – жиноят қонунчилигида мавжуд бўшлиқларни тўлдириш, коррупциявий жиноятлар учун жазо чоралари қатъийлигини таъминлаш ҳамда халқаро стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш, - деди Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Абдулҳаким Эшмуродов. – Қонун билан Жиноят кодексига концептуал ва принципиал ўзгартиришлар киритилмоқда.

Кодекснинг саккизинчи бўлимига “коррупцияга оид жиноятлар” деган янги атама ва уларнинг аниқ рўйхати киритилиб, терминологик чалкашликларга барҳам берилди.
Пора олиш, пора бериш ва бу жараёнда воситачилик қилганлик учун ҳукм қилинган шахсларга нисбатан жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш институтини қўллаш тақиқланмоқда.

Суд амалиётидаги зиддиятларни бартараф этиш мақсадида хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда содир этилган фирибгарлик белгиси Жиноят кодексининг 168-моддаси тўртинчи қисмига (ўта оғир жиноятлар тоифасига) ўтказилди ва ушбу қилмиш учун 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилмоқда.
Хусусий ва нодавлат секторида коррупциянинг олдини олиш мақсадида нодавлат ташкилоти хизматчисини пора эвазига оғдириб олиш жинояти учун жавобгарлик чоралари кучайтирилмоқда. Жиноят кодексининг бир қатор моддаларида қилмишнинг “ғаразгўйлик ниятларида” содир этилиши жазони оғирлаштирувчи янги квалификация белгиси сифатида белгиланмоқда.

Давлат бошқаруви тизимида функциялар такрорланишининг олдини олиш мақсадида “Ўзбекистон Республикасининг Ҳисоб палатаси тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш киритилди ва коррупцияга қарши ички назорат (комплаенс-назорат) тизими жорий қилиниши устидан назорат қилиш вазифаси бекор қилинди. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда эса давлат харидлари ва бюджет тизимидаги қонунбузилишлар учун санкциялар кучайтирилди.
Сенаторлар маъқуллаган қонун жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни мустаҳкамлаш ҳамда жиноятлар учун жазонинг муқаррарлигини таъминлашга хизмат қилади.
Н.Абдураимова, Ф.Абдурасулов (сурат), ЎзА