Покистон инвесторлари билан ҳамкорлик қилинади
Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев Покистон Ислом Республикасининг “Go Dairy (Private) Limited” компанияси раҳбари Дур Муҳаммад Аюб бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Самимий руҳда ўтган учрашувда қишлоқ хўжалиги, чорвачилик, озиқ-овқат саноати ҳамда экспорт салоҳиятини ошириш йўналишларида ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.

Учрашув давомида вилоят ҳокими Тошкент вилоятининг иқтисодий салоҳияти, қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик тармоқларида амалга оширилаётган ислоҳотлар, инвесторлар учун яратилган қулай шарт-шароитлар ҳамда йирик инвестициявий лойиҳалар ҳақида батафсил маълумот берди. Хусусан, ҳудудда замонавий агрокластерлар ташкил этиш, экспортбоп маҳсулотлар етиштириш, қайта ишлаш саноатини ривожлантириш ва қўшимча қиймат яратишга қаратилган лойиҳаларга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
Ўз навбатида, Дур Муҳаммад Аюб бошчилигидаги компания вакиллари ҳам ўз фаолияти ва Ўзбекистонда амалга оширишни режалаштираётган лойиҳалари ҳақида маълумот берди. Таъкидланганидек, компания мамлакатимизда наслчилик, боқиш, ем ишлаб чиқариш, сўйиш ва қайта ишлаш босқичларини ўз ичига олган тўлиқ циклли чорвачилик комплексини ташкил этишни режалаштирмоқда. Янги лойиҳа доирасида дастлабки босқичда 20-30 минг бош қорамолга мўлжалланган замонавий чорвачилик мажмуаси, экспортга йўналтирилган совитиш ва музлатиш омборлари ҳамда маҳсулотларни қадоқлаш инфратузилмасини яратиш кўзда тутилган. Компания вакиллари Ўзбекистонни Форс кўрфази мамлакатлари, МДҲ давлатлари ва Хитой бозорларига маҳсулот етказиб бериш учун муҳим логистика маркази сифатида баҳолаётганини қайд этди.

Шунингдек, учрашувда картошка ва сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш, қадоқлаш, уруғчилик ҳамда илмий-тадқиқот йўналишларида ҳам ҳамкорлик қилиш имкониятлари муҳокама қилинди. Ташриф дастури доирасида компания вакиллари Янгийўл, Қибрай, Юқори Чирчиқ ва Бўстонлиқ туманларида бўлиб, ҳудудлардаги чорвачилик хўжаликлари, агрокластерлар ва инвестициявий майдонлар фаолияти билан танишди.
Ҳамкорлар илғор тажрибаларни ўрганиш, замонавий технологияларни жорий этиш ва қишлоқ хўжалиги ҳамда озиқ-овқат саноати йўналишларида истиқболли инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалалари юзасидан фикр алмашди.
А.Мусаев, ЎзА мухбири