Пиротехника воситалари савдосининг олди олинди
Бу ҳақда вилоят божхона бошқармаси Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар гуруҳи хабар берди.
Сирдарё вилояти божхона бошқармаси Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими, вилоят давлат хавфсизлик хизмати, ички ишлар ва миллий гвардия бошқармаларининг тезкор гуруҳи ходимлари ҳамкорлигида ўтказган тадбир натижасида 28 миллион 500 минг сўмлик пиротехника воситалари савдосининг олди олинди.
Бу ҳақда вилоят божхона бошқармаси Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар гуруҳи хабар берди.
Оммавий ахборот воситаларида турли соҳа вакиллари томонидан хорижда ишлаб чиқарилган пиротехника воситалари инсон омилига, айниқса, болаларимизга жиддий тан жароҳати етказиши мумкинлиги, ҳатто, бу воситалар кўз-юз яқинида ишлатилиши оқибатида ногирон бўлиб қолиш хавфи борлиги борасида бот-бот айтилса-да, ана шу ноқонуний ишга қўл ураётган кимсалар ҳамон учраб турибди...
Олдиндан олинган тезкор маълумотлар асосида Янгиер шаҳар ҳудудидан фуқаро Ҳайит Эшмонов ( материалдаги исми-шарифлар ўзгартирилган) тўхтатилиб, қўл сумкаси холислар иштирокида кўздан кечирилганда, Хитойда ишлаб чиқарилган, божхона расмийлаштирувидан ўтказилганлигини тасдиқловчи ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган, умумий қиймати 8 миллион 500 минг сўмлик, жами 13 минг 200 дона “трения” пиротехника воситалари борлиги фош этилди.
Яна бир фуқаро Бакир Астановнинг қилимиши ундан ҳам ошиб тушди.
Ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида Мирзаобод тумани ҳудудида “Cobalt” русумли автотранспорт воситасида йўловчи сифатида келган фуқаро Бакир Астанов тезкор тадбирга жалб этилган “шартли харидор” га хорижда ишлаб чиқарилган, тасдиқловчи ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган ва сифати кафолатланмаган, умумий қиймати 20 миллион сўмлик, 3 турдан иборат бўлган, оғирлиги 30,5 килограмм пиротехника воситаларини ноқонуний равишда сотаётган вақтида тезкор тадбир иштирокчиларининг “қармоғига“ тушди.
Ҳар икки ҳолат юзасидан текширув ва суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Энди Бакир Астанов ҳам, Ҳайит Эшмонов ҳам қонун олдида жавоб беради.