Пекин мулоқоти глобал иқтисодиётга янги нафас бермоқда
Шу ой ўрталарида Пекинда бўлиб ўтган АҚШ Президенти Дональд Трамп ва Хитой раҳбари Си Цзиньпин учрашуви халқаро сиёсатдаги энг муҳим воқеалардан бири сифатида баҳоланмоқда. Етти йиллик танаффусдан кейин Америка раҳбарининг Хитойга давлат ташрифи амалга оширилгани Вашингтон ва Пекин муносабатида янги дипломатик босқич бошланаётганидан дарак берди.
Шу ой ўрталарида Пекинда бўлиб ўтган АҚШ Президенти Дональд Трамп ва Хитой раҳбари Си Цзиньпин учрашуви халқаро сиёсатдаги энг муҳим воқеалардан бири сифатида баҳоланмоқда. Етти йиллик танаффусдан кейин Америка раҳбарининг Хитойга давлат ташрифи амалга оширилгани Вашингтон ва Пекин муносабатида янги дипломатик босқич бошланаётганидан дарак берди.
Сиёсатшунос Сайфиддин Жўраев фикрича, саммит кескин геосиёсий шароитда ўтди. Савдо зиддияти, Яқин Шарқдаги беқарорлик, энергетика бозоридаги босим ва технологик рақобат икки давлатни ўзаро мулоқотни кучайтиришга ундади. Шу нуқтаи назардан мазкур ташриф халқаро даражадаги қарама-қаршиликни юмшатишга қаратилган амалий қадам сифатида қабул қилинди.
Иқтисодий барқарорликка доир келишувлар музокаранинг энг муҳим натижаларидан бири бўлди. Сўнгги йилларда жорий қилинган юқори тариф глобал ишлаб чиқариш занжирига жиддий босим ўтказган эди. Пекинда томонлар савдо алоқасини мувозанатлаштириш, бож юкламасини камайтириш ва йирик импорт шартномаларини кўпайтириш бўйича умумий ёндашувга келди.
Айниқса, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги битимлар Америка иқтисодиёти учун катта аҳамият касб этмоқда. Хитой келаси йилларда миллиардлаб долларлик агросаноат маҳсулотларини сотиб олиш мажбуриятини олди. Бу фермерлар, логистика компаниялари ва озиқ-овқат саноати учун янги имкониятлар очади.
Авиация соҳасидаги келишувлар ҳам музокараларнинг амалий самарасини кўрсатди. Boeing самолётларини харид қилиш бўйича эришилган келишув нафақат Америка саноати, балки халқаро авиация бозори учун ҳам муҳим воқеликка айланди. Бу йирик корпорациялар ўртасида ишонч тикланаётганидан далолат беради.
Пекин учрашуви иқтисодий алоқаларни тизимли бошқариш механизмларини ҳам шакллантирди. Савдо кенгаши ва Инвестиция кенгашининг ташкил этилиши икки давлат ўртасида мунтазам маслаҳатлашув платформасини яратди. Бу эса келажакдаги келишмовчиликларни кескин инқирозга айлантирмасдан ҳал қилиш имконини оширади.
Ташрифнинг яна бир ижобий жиҳати энергетика хавфсизлиги билан боғлиқ. Ҳурмуз бўғози атрофидаги хавф дунё нефть бозорига жиддий таъсир кўрсатган бир шароитда Вашингтон ва Пекин денгиз йўлларининг очиқ сақланиши бўйича муштарак позиция билдирди. Бу қарор глобал бозорларга барқарорлик сигнали сифатида қабул қилинди.
Хавфсизлик соҳасида ҳам муайян яқинлашув кузатилди. Томонлар Эрон ядро қуролига эга бўлмаслиги лозимлигини тасдиқлади. Шунингдек, Корея ярим оролида ядросизлантириш масаласи бўйича умумий ёндашув сақлаб қолинди. Бу халқаро хавфсизлик борасида мулоқот механизми ишлаётганини кўрсатади.
Технологик соҳадаги мулоқот алоҳида аҳамият касб этди. Сунъий интеллект, ярим ўтказгичлар ва юқори технологиялар бўйича музокаралар рақамли иқтисодиёт келажаги учун муҳим сигнал сифатида баҳоланмоқда. Айрим чекловлар юмшатилиши глобал IT бозоридаги босимни қисман пасайтириши мумкин.
Мутахассислар фикрича, Пекин саммити рақобат ва ҳамкорликни бир вақтнинг ўзида сақлаб қолишга асосланган янги дипломатик моделни намоён қилди. Бу ёндашув тўлиқ келишув эмас, аммо халқаро тизимда хавфли кескинликнинг олдини олиш учун муҳим сиёсий механизм вазифасини бажариши мумкин.
Марказий Осиё давлатлари учун ҳам мазкур жараён ўзига хос аҳамиятга эга. АҚШ – Хитой мулоқоти барқарорлашуви транспорт йўлаклари, инвестиция муҳити ва савдо фаоллигига ижобий таъсир кўрсатиши мумкин. Бу эса минтақа давлатлари ташқи иқтисодий имкониятларини кенгайтириш учун қўшимча шароит яратади.
Пекиндаги учрашув шуни англатдики, дунёдаги энг йирик икки иқтисодиёт ўртасидаги муносабатлар энди фақат рақобат билан эмас, балки ўзаро манфаатларни ҳисобга олган ҳолда бошқариладиган мулоқот орқали ҳам белгиланади. Бу эса глобал иқтисодий тизим учун муҳим барқарорлаштирувчи омил бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Вашингтон ва Пекин рақобатдан “бошқариладиган барқарорлик” моделига ўтадими?
АҚШ – Хитой саммити нафақат икки давлат муносабати, балки бутун халқаро тизим келажаги учун муҳим сиёсий сигнал сифатида баҳоланмоқда. Учрашув шуни кўрсатдики, Вашингтон ва Пекин тўлиқ келишувга эришмаган бўлса-да, хавфли қарама-қаршиликни чеклаш ва рақобатни бошқариш механизмини сақлаб қолишдан манфаатдор.

Сўнгги йилларда бу икки қудратли давлат муносабати асосан тариф уруши, технология соҳасидаги чеклов ва геосиёсий босим хусусиятини намоён этаётган эди. Энди эса муносабатларда мутлақ тўқнашув эмас, балки “бошқариладиган рақобат” формати шаклланмоқда. Бу модель икки томон бир вақтнинг ўзида ҳам рақобатлашиши, ҳам муайян соҳаларда ҳамкорликни сақлаб қолишини англатади.
Музокараларда энг кўп муҳокама қилинган йўналишлардан бири технология соҳаси бўлди. Сунъий интеллект, ярим ўтказгичлар ва рақамли инфратузилма XXI асрнинг асосий стратегик ресурсларига айланмоқда. Nvidia чиплари бўйича айрим чекловлар юмшатилиши Пекин ва Вашингтон тўлиқ технологик ажралишдан ҳозирча манфаатдор эмаслигини англатади. Бу халқаро IT компаниялари ва глобал рақамли бозор учун ижобий сигналдир.
Саммитнинг яна бир муҳим натижаси – мулоқотнинг институционаллашувидир. Янги Савдо кенгаши ва Инвестиция кенгаши икки давлат муносабатларида доимий алоқа платформаси вазифасини бажаради. Бу эса келажакда юзага келиши мумкин бўлган иқтисодий ёки сиёсий келишмовчиликларни музокара орқали юмшатиш имконини оширади.
Мутахассислар фикрича, саммитнинг асосий ютуғи дунё иқтисодиёти учун хавфли тўлиқ “декаплинг”, яъни икки иқтисодиётнинг кескин ажралиб кетиши эҳтимолини пасайтирганида. Зеро, АҚШ ва Хитой иқтисодиёти ҳануз ўзаро чуқур боғланган. Савдо, технология, логистика ва молиявий тизимлардаги тўлиқ узилиш глобал бозорлар учун жуда оғир оқибатларга олиб келиши мумкин.
Ташриф Марказий Осиё нуқтаи назаридан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Минтақа давлатлари сўнгги йилларда кўп векторли ташқи сиёсат олиб бормоқда ва АҚШ ҳам Хитой билан алоқаларни мувозанатлаштиришга ҳаракат қилмоқда. Вашингтон ва Пекин мулоқоти барқарорлашуви мазкур давлатларга ташқи босимсиз иқтисодий имкониятни кенгайтиради.
Айниқса, Ўрта йўлак, “Макон ва йўл” ташаббуси каби транспорт лойиҳалари учун янги шароитлар шаклланиши мумкин. Глобал савдо тизимидаги нисбий барқарорлик Марказий Осиёнинг транзит аҳамиятини янада оширади. Бу эса минтақа иқтисодиётларига қўшимча сармоя ва логистик фаоллик олиб келиши мумкин.
Пекин саммити шуни кўрсатдики, XXI аср халқаро тизими энди бир марказли эмас. Дунёдаги икки йирик иқтисодиёт ўзаро рақобат қилса-да, глобал барқарорлик учун бир-бири билан ҳисоблашишга мажбур. Бу эса янги геосиёсий модел – рақобат ва ҳамкорлик бир вақтнинг ўзида мавжуд бўлган мураккаб тартиб шаклланаётганини англатади.
Энг муҳим хулоса шундаки, Пекин музокаралари АҚШ ва Хитой ўртасидаги зиддиятларни тўлиқ бартараф этмаган бўлса-да, глобал иқтисодиёт ва хавфсизлик тизими учун хавфли бўлган кескин эскалация эҳтимолини пасайтирди. Бу эса халқаро бозорлар, инвесторлар ва ривожланаётган давлатлар учун нисбатан барқарор муҳит сақланиб қолишини англатади.
Мусулмон Зиё, ЎзА