Пахтакор янги йилгача ишсизликдан холи ҳудуд бўлади
Сурхондарё вилоятининг Бандихон туманида маҳаллаларда аҳоли бандлигини таъминлаб, оилалар даромадини ошириш, эҳтиёжманд оилаларни манзилли қўллаб-қувватлаб, маҳаллани ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудудга айлантириш юзасидан муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Тумандаги Пахтакор маҳалласида томорқадан самарали фойдаланиш мавзуида ўтказилган семинарда ҳам ана шу масалага алоҳида эътибор қаратилди.
Маҳалладаги томорқа ер эгалари иштирок этган тадбирда туман ҳокими А.Алламуродов, Ўзбекистон маҳаллалар уюшмаси масъул ходими М.Шербеков, “Ангор Агро Стар” масъулияти чекланган жамияти мутахассислари мамлакатимизда аҳолининг даромад манбаини яратиш, уларнинг бандлигини таъминлаш ва маҳаллаларни ишсизлик ҳамда камбағалликдан холи ҳудудга айлантиришга давлат даражасида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Қишлоқларда мўъжазгина томорқадан оқилона фойдаланишнинг самаралари ҳақида фикр алмашди. Маҳаллий иқлимга мос, томорқаларга экиб, яхши даромад олиш мумкин бўлган ўнга яқин турдаги сабзавотнинг хусусиятлари, уларни етиштириш ва парваришлаш агротехнологияси тўғрисида етарли маълумот ва тавсиялар берилди.

Семинарда аҳолига карамнинг уч хил нави таклиф этилди. Пахтакорлик томорқачиларда кўпроқ брокколи ва гулкарам навлари катта қизиқиш уйғотиб, уларни ўз томорқасида етиштириш истагини билдирди.

Маълумотларга кўра, маҳалладаги 624 хонадонда уч минг 820 га яқин аҳоли яшайди. Меҳнатга лаёқатли инсонларнинг 39 нафари ёки 2,1 фоизи ишсиз. 28 та камбағал оила бор. Ишсиз кишилар бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш учун зарур лойиҳалар ишлаб чиқилиб, уларни амалга ошириш чоралари кўрилмоқда. Шунга мувофиқ иккита сартарошхона ташкил этиб, тўрт кишини, иккита аёллар гўзаллик салони очиб, тўрт нафар хотин-қизни, янги иш бошлайдиган сутни қайта ишлаш цехида уч нафар кишини иш билан таъминлаш режалаштирилган.

Автомобиллар ва автомобиль шиналарини таъмирлаш, автомобилларни ювиш, гилам ювиш, этикдўзлик, ўқув маркази, қассобхона, устоз-шогирд анъаналари асосидаги тикувчилик маркази, миллий ширинликлар ишлаб чиқариш ва кийим тозалаш цехларини ишга тушириш кўзда тутилган. “Бир контур-бир маҳсулот” тамойили асосида 14,5 гектар деҳқон хўжалиги майдонида кўкат етиштириш йўлга қўйилиб, 75 та хонадоннинг 2,25 гектар томорқасини оқова сув билан таъминлаш мўлжалланмоқда. Натижада 115 та янги иш ўрни барпо этилиб, маҳалла ишсизликдан холи ҳудудга айланади. Камбағаллик даражаси ҳозирги тўрт фоиздан янги йилгача бир фоизга тушади.
Семинар якунида мутасаддиларга ҳар бир хонадон билан манзилли ишлаш, томорқаларга даромадли экинлар экишни кенгайтириш, аҳолининг унумли меҳнат билан барқарор даромад топиш имкониятини ошириш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири