“Пахтакор” Суперлигада пешқадамга айланди
Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 6-тури ҳам ўз якунига етди. Ушбу турда қайд этилган натижалардан сўнг жадвалда пешқадам ўзгарди.
Гап шундаки, 6-турда Фарғонадаги “Истиқлол” стадионида ўтган “Нефтчи” ҳамда “Пахтакор” ўртасидаги учрашув 0:1 ҳисобида якунланди. Беллашувдаги ягона гол 22-дақиқада Достон Ҳамдамов томонидан киритилди.

Бу ғалабадан сўнг Камолиддин Тожиев қўл остидаги “Пахтакор” клуби очколарини 15 тага етказиб олди ва турнир жадвалида биринчи ўринга кўтарилди. Бироқ, амалдаги чемпион “Нефтчи” ҳисобида ҳам 15 очко бўлса-да, ўзаро ўйиндаги мағлубият ушбу жамоани иккинчи ўринга қулатди.
Дарвоқе, куни кеча “Бухоро” ўз майдонида “Қизилқум”ни енгди ва очколарини 13 тага етказган ҳолда яна учинчи поғонага чиқиб олди. “Бунёдкор” жамоаси ҳисобидаги очколар ҳам 13 тага етган ҳолда тўртинчи ўринни эгалламоқда.

“Навбаҳор” 12 очко билан бешинчи ўринни банд этиб турибди ва юқори тўртликка кириш учун жиддий даъвогар сифатида намоён бўлмоқда. “Насаф” эса 11 очко билан кейинги ўринда қолмоқда.
Жадвалнинг ўрта қисмида жойлашган “Локомотив”, “Хоразм” ва “Сурхон” клублари 8 очкодан жамғарган бўлса, “Динамо” 7, “Қизилқум”, “Андижон”, “Қўқон-1912” ва ОКМК 10-14 ўринларда бормоқда. “Сўғдиёна”да 2 очко, “Машъал” эса очкосиз сўнгги поғоналарда.

Суперлиганинг 7-тур учрашувлари 12–14 апрель кунлари бўлиб ўтади:
12 апрель
16:00 — “Навбаҳор” — “Сурхон”
17:00 — “Динамо” — “Локомотив”
18:15 — “Андижон” — ОКМК
13 апрель
18:00 — “Насаф” — “Бухоро”
19:00 — “Пахтакор” — “Машъал”
20:15 — “Қизилқум” — “Сўғдиёна”
14 апрель
18:00 — “Хоразм” — “Қўқон-1912”
20:15 — “Бунёдкор” — “Нефтчи”
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА