Мусобақаларга старт берилди
Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлган каби Андижонда ҳам “Янги Ўзбекистон талабалари олимпиадаси” ўйинларига расман старт берилди.
Талаба-ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш, уларнинг жисмоний фаоллигини ошириш ҳамда спортга бўлган қизиқишини янада кучайтириш мақсадида ўтказилаётган мусобақалар очилишига бағишлаб, Андижон давлат университети спорт залида ташкил этилган тадбирда спорт вазирлиги, вилоят спорт бошқармаси мутасаддилари, вилоятдаги олий таълим муассасалари ректорлари, мураббийлар ҳамда талаба-ёшлар иштирок этди.

Тадбирда мамлакатимизда талабаларнинг спорт билан мунтазам шуғулланиши, спорт соҳасида ўзларининг иқтидор ва салоҳиятларини тўлақонли намоён этишлари учун кенг имкониятлар яратиб берилаётганлиги, хусусан, “Янги Ўзбекистон талабалари олимпиадаси” мусобақалари ҳам ана шу йўналишдаги ишлардан бири эканлиги таъкидланди.


Мазкур мусобақалар олий таълим муассасаларида апрель – май ойларида “Соғломлаштириш ва спорт ойлиги” доирасида ташкил этилади.

Талабалар мусобақаларда спортнинг баскетбол (3х3), волейбол, гандбол, енгил атлетика, стол тенниси, сузиш ва футбол тури бўйича беллашиб, ғолиблик учун ўзаро баҳс олиб боради.
Ф. Убайдуллаев, ЎзА мухбири.