“Пари-Сен-Жермен” – икки карра ғолиб!
Парижнинг “Пари-Сен-Жермен” – “ПСЖ” клуби Европа чемпионлар лигаси(ЕЧЛ)да иккинчи марта ғолиб чиқди.
Клублар ўртасидаги дунёнинг энг нуфузли мусобақаси ҳисобланадиган ЕЧЛ 1956 йилдан буён ўтказиб келинади. Бу мусобақа ўтган йилдан тамоман янгича тартибда ташкил этилди. Яъни, мамлакат чемпионатида эришган юқори натижалари ва саралаш босқичидан чиққан жами 36 жамоа швейцарча тизим қуръасига кўра тўрттадан уй ва сафар учрашувлари ўтказади. Тўплаган очколарига кўра мусобақа жадвалида дастлабки саккиз ўринни эгаллаган жамоа тўғридан-тўғри нимчорак финалга чиқади. 9–24-ўринни эгаллаган жамоалар эса нимчорак финалга чиқиш учун белгиланган тартиб бўйича уй ва сафар ўйинларида ғолибларни аниқлайди.
Аввало, янги тартибдаги ЕЧЛ мусобақасининг ўтган йилги натижаларини эсга олсак. Мусобақа низомидан келиб чиққан ҳолда биринчи турдан дастлабки саккиз ўринни эгаллаш учун кураш қизиди. Бу вазифани “Ливерпул”(Англия) 21 очко, “Барселона”(Испания) 19, “Арсенал”(Англия) 19, “Интер”(Италия) 19, “Атлетико”(Испания) 18, “Байер”(Германия), “Лилл”(Франция) ва “Астон Вилла”(Англия) 16 очко тўплаб уддалади ва нафасларини ростлади.
Номдор жамоалар ҳисобланган “Реал”(Испания), “Бавария”(Германия), “Ювентус”(Италия), “Манчестер Сити”(Англия), “ПСЖ” (Франция) жамоалари охирги турлардаги ғалабалари эвазига кучли 24 жамоа қаторидан ўрин олди. Айниқса, “ПСЖ”нинг аҳволи 5 тур ўйинларидан кейин танг эди. Қолган учта ўйинни йирик ҳисобларда ютсагина мусобақани давом эттирарди. “ПСЖ” 6-турда “Залцбург”(Австрия)ни сафарда 3:0 ҳисобида енгди, 7-турда ҳар бир очко учун курашаётган “Манчестер Сити”ни 4:2 ҳисобида мағлуб этди, 8-турда “Штутгарт”(Германия)ни сафарда 4:1 ҳисобида ютиб, 13 очко жамғарган ҳолда тўплар нисбатига кўра бирмунча қулай 15-ўринни эгаллади. Чунки яна тўртта жамоа 13 очко тўплаганди. Агар “ПСЖ” охирги учта ўйиндан биттасини ютқазса ҳам 10 очко билан кучли 24 жамоа қаторига кирмасди. “Манчестер Сити” эса охирги турдаги ғалабаси эвазига 11 очко жамғарди ва тўплар нисбатига кўра 22-ўриндан жой олди.
Нимчорак финалга йўлланма берадиган ўйинлар шов-шувли натижаларга бой бўлди. Бу ўйинларнинг бирида “Манчестер Сити” ва “Реал” дуч келди. Икки ўйинда ҳам мағлуб бўлган (2:3, 1:3) “Манчестер Сити” жамоаси “Реал” футболчиларига йўл бўшатди. “Ювентус” ўз майдонида ПСВ(Голландия) жамоасини 2 :1 ҳисобида енгди, сафарда эса 1:3 ҳисобида ютқазди.
Голландлар ғалаба голини қўшилган вақтнинг 8-дақиқасида киритди. “Бавария” ҳам сафарда “Селтик”(Шотландия) жамоаси устидан 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди, ўз майдонида эса худди шундай ҳисобда ютқазаётганди. Фақат қўшилган вақтнинг 4-дақиқасида ҳисобни тенглаштирди ва навбатдаги босқичга чиқди. Қуръага кўра ўз ҳамюртлари “Брест” жамоасига қарши ўйнаган “ПСЖ” футболчилари ҳар икки ўйинда йирик ҳисобдаги ғалаба нашидасини сурди – 3 : 0, 7 : 0. Қолган ўйинлар натижалари: “Брюгге”(Бельгия) – “Аталанта”(Италия) – 2:1, 3:1; “Фейенорд”(Голландия) – “Милан”(Италия) – 1:0, 1:1; “Монако”(Франция) – “Бенфика”(Португалия) – 0:1, 3:3; “Спортинг”(Португалия) – “Боруссия”(Дортмунд, Германия) – 0:3, 0:0.
Нимчорак ўйинлари бошланди. “ПСЖ” – “Ливерпул” – 0 : 1. Гўё ҳамма нарса ҳал бўлди, аммо жавоб учрашувида ПСЖ шундай ҳисобда енгди. Навбат пенальтилар сериясига келди. Айнан шундай ҳаяжонли лаҳзаларда “ПСЖ” дарвозабони Жанлужи Доннарумма маҳоратини намойиш этди. “ПСЖ” пенальтилар сериясини 4 :1 ҳисобида ўз фойдасига ҳал қилди. “Реал” – “Атлетико” ўйинида ҳам кучлар тенг келди – 2:1, 0:1. Пенальтилар сериясида омад “Реал” футболчиларига кулиб боқди – 4:2. Қолган ўйинларнинг натижалари: “Интер” – “Фейенорд” – 2:0, 2:1; “Бавария” – “Байер” – 3:0, 2:0; “Астон Вилла” – “Брюгге” – 3:1, 3:0; “Барселона” – “Бенфика” – 1:0, 3:1; “Боруссия” – “Лилл” – 1:1, 2:1; “Арсенал” – ПСВ – 2:1, 2:2. “Арсенал” ўйин охирларида ҳисобни тенглаштириб, чорак финалга йўл олди.
Чорак финал. Мухлислар “Арсенал” ва “Реал” ўртасидаги ўйиндан кўп нарса кутганди. Лекин “Арсенал” иккала ўйинда ҳам ғалаба қозониб (3:0, 2:1), “Реал”ни мусобақадан чиқариб юборди. Дастлабки ўйинда Деклан Райснинг жаримадан унумли фойдаланиб, киритган иккита чиройли голи барчани ҳайратга солди. “Бавария” ва “Интер” учрашувида кўпчилик кутмаган натижа қайд этилди. “Интер” сафарда 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди, ўз майдонида хотиржам дуранг қилди – 2:2. “ПСЖ” ва “Барселона” дастлабки ўйиндаёқ ярим финал йўлланмасини ҳал қилиб бўлди: “Барселона” – “Боруссия”– 4:0, 1:3; ПСЖ – “Астон Вилла” – 3:1, 2:3.
Ярим финал. “ПСЖ” сафар ўйинида “Арсенал”дан 1:0 ҳисобида устун келди, ўз майдонида эса 2:1 ҳисобида зафар қучди. “Барселона” ўз майдонида “Интер” билан дуранг ўйнади – 3:3. Миландаги ўйин ҳам биринчи учрашувга ўхшаш тарзда бошланди. Яна “Барселона” иккита тезкор голни ўтказиб юборди. 60-дақиқага келиб ҳисобни тенглаштирди, ҳатто 87-дақиқада гол уриб ҳисобда олдинга чиқди – 3:2. Асосий вақт тугади, ҳакам қўшган дақиқалар бошланди. Қўшилган вақтнинг охирги сонияларида италияликлар қарши ҳужумда ҳисобни тенглаштиришди – 3:3. Қўшимча бўлимлар белгиланди. Италияликларнинг 99-дақиқада киритган голи “Интер”га финал йўлланмасини тақдим этди.
Финал. 31 май. Мюнхен. Майдонда “ПСЖ” ва “Интер” футболчилари саф тортди. Барча қизиқарли ва муросасиз ўйинни кутганди. Лекин “ПСЖ” жамоаси рақибларидан устун экани ўйин бошидан сезилди. Ҳисоб – 5:0. Аслида ҳисоб бундан йирикроқ бўлса ҳам ҳеч ким ажабланмасди. Финал ўйинининг энг яхши ўйинчиси деб икки гол муаллифи ва битта самарали узатмани амалга оширган 19 ёшли Дезире Дуэ эътироф этилди. ЕЧЛнинг шу мавсумида 13 тадан гол урган Рафиня(“Барселона”) ва Гирасси(“Боруссия”) энг яхши тўпурар бўлди.
Энди юқоридаги мусобақа жадвалига қаранг. Кучли саккизликни қайси жамоалар эгаллаганди? “ПСЖ” бу жадвалда 15-ўринда эди. Бироқ, ҳал қилувчи ўйинларда “ПСЖ” кучли саккизликдаги жамоаларни мағлубиятга учратди. Биз Англия чемпионатини энг кучли чемпионат сифатида таърифлаймиз. “ПСЖ” ЕЧЛ ўйинларида ўтган мавсумда Англия чемпионатида 1–3-ўринларни эгаллаган “Ливерпул”, “Арсенал” ва “Манчестер Сити”ни ютди. Дарҳақиқат, Луис Энрике бошчилигидаги “ПСЖ” кучли жамоа эканини исботлади. ЕЧЛ рамзий жамоасига етти нафар футболчиси киритилгани бунинг далилидир: Жанлужи Доннарумма, Нуну Мендеш, Маркинос, Ашраф Ҳакими, Витиня, Усмон Дембеле, Дезире Дуэ(ҳаммаси “ПСЖ”дан), Алессандро Бастони(“Интер”), Деклан Райс(“Арсенал”), Ямал ва Рафиня(иккаласи “Барселона”дан).
Бу мавсумда ўтган йилги мусобақа натижаларидан хулоса чиқарган жамоалар дастлабки турдан ҳар бир очко учун кураш олиб борди ва кучли саккизлик қуйидаги тартибда жойлашди: “Арсенал” 24, “Бавария” 21,”Ливерпул” 18, “Тоттенхэм” 17, “Барселона”, “Челси”(Англия), “Спортинг”(Португалия” ва “Манчестер Сити” 16 тадан очко. Кучли саналадиган “Реал”, “Интер”, “ПСЖ”, “Ювентус”, “Атлетико” каби жамоалар 9-24-ўринлардан жой олди. Нимчорак финалга чиқиш ўйинларида “ПСЖ” сафарда “Монако”(Франция) клубини сафарда 3 : 2 ҳисобида ютди ва ўз майдонида хотиржам дуранг(2:2) ўйнади. Норвегиянинг “Буде Глимт” жамоаси ўтган йилги финалчи “Интер”ни икки бор 3:1, 2:1 ҳисобларида мағлубиятга учратиши энг кутилмаган натижа бўлди. Туркиянинг “Галатасарой” жамоаси ўз майдонида “Ювентус”ни 5:2 ҳисобида енгди.
Сафардаги ўйиннинг асосий вақтида 0:3 ҳисоби қайд этилди ва қўшимча таймлар белгиланди. Қўшимча бўлимларда иккита гол урган туркияликлар нимчорак финалга чиқди. Қолган жуфтликларда кучлилар ўз вазифаларини бажарди.
Нимчорак финал. Яна “Манчестер Сити” ва “Реал” дуч келди. Икки ўйинда ҳам ғалаба қозонган(3:0, 2:1) “Реал” яна “Манчестер Сити”ни мусобақадан чиқариб юборди. “Буде Глимп” ўз майдонида “Спортинг” устидан 3:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Аммо “Спортинг” ўз майдонида 5:0 ҳисобида ютди. “Галатасарой” ўз майдонида “Ливерпул”ни 1:0 ҳисобида енгди, лекин сафарда 0:4 ҳисобида ютқазди. Қолган ўйинларда қуйидаги натижалар қайд этилди: “Аталанта” – “Бавария” – 1:6, 1:4; “Ньюкасл”(Англия) – “Барселона” – 1:1, 2:7; “ПСЖ” – “Челси” – 5: 2, 3:0; “Байер” – “Арсенал” – 1:1, 0:2; “Атлетико” – “Тоттенхэм” – 5:2, 2:3.
Чорак финал. Энг қизиқарли баҳс “Реал” ва “Бавария” ўртасида кечди. Мадриддаги ўйинда “Бавария” 2:1 ҳисобида ғалабани тантана қилди. Германиядаги ўйинда “Реал” биринчи бўлимдан кейин 3:2 ҳисобида олдинда эди. Бу ҳисоб учрашувнинг 89-дақиқасигача сақланиб турди. Айнан шу дақиқада “Реал” гол ўтказди, қўшилган вақтда яна битта гол ва мусобақани тарк этди. Қолган ўйинларнинг натижалари: “ПСЖ” – “Ливерпул” – 2:0, 2:0; “Спортинг” – “Арсенал” – 0:1, 0:0; “Барселона” – “Атлетико” – 0:2, 1:2.
Ярим финал. “ПСЖ” – “Бавария” – 5:4. Учрашувнинг 65-дақиқасигача парижликлар 5:2 ҳисобида олдинда эди. Кейинги уч дақиқада иккита гол ўтказиб юборди. Жавоб учрашуви қизиқарли ўтади деганлар янглишди. Германияда бўлган ўйинда Усмон Дембеле 4-дақиқада “Бавария” дарвозасини ишғол қилди. Натижада ўйин тамоман ўзгариб кетди. Мезбонлар жавоб голини 94-дақиқада урди ва “Бавария” аламли тарзда мусобақани якунлади. Иккинчи баҳс натижаси мутахассислар кутгандек бўлди: “Атлетико” – “Арсенал” – 1:1, 0:1.
Финал. 30 май. Будапешт. “ПСЖ” – “Арсенал” – 1:1(пенальтилар сериясида 4:3). Бу жамоалар ўтган йили ярим финалда учрашганди ва иккала ўйинда ҳам парижликлар ғалаба қозонганди. Финал ўйини эса эҳтиёткорликни талаб қилади, ҳар бир хато қимматга тушиши мумкин. Ўйиннинг 6-дақиқасида Хаверц(“Арсенал”) ҳисобни очди. 65-дақиқада Дембеле(“ПСЖ”) пенальтидан ҳисобни тенглаштирди. Қолган вақтда футболчилар тўп билан муомала қилиш маданиятини намойиш этган ҳолда пенальтилар сериясини кутди. “Арсенал” футболчиларидан Эзе ва Габриэл пенальтини ноаниқ бажарди, Мендеш(“ПСЖ”) тепган пенальтини эса дарвозабон қайтарди.
Финалнинг энг яхши футболчиси Витинья(“ПСЖ”) бўлди. ЕЧЛнинг энг яхши тўпурари Мбаппе(Реал”) – 15 гол. ЕЧЛ рамзий жамоасига тўрт нафардан “ПСЖ” ва “Арсенал” футболчилари киритилди: Дарвозабон Райя(“Арсенал”). Ҳимоячилар – Пачо(“ПСЖ”), Пубил(“Атлетико”), Салиба(“Арсенал”). Яримҳимоячилар – Киммих(“Бавария”), Дуэ(“ПСЖ”), Райс(“Арсенал”), Кварацхелия(ПСЖ). Ҳужумчилар – Сака(“Арсенал”), Дембеле(“ПСЖ”), Луис Диас(“Бавария”).
Футбол жамоавий ўйин ва унда бош мураббийларнинг ўрни беқиёс. Бу мавсумдаги ЕЧЛ ўйинларида бош мураббийлар Луис Энрике(“ПСЖ”) ва Микел Артета(“Арсенал”) мутахассису мухлислар эътирофига сазовор бўлди. Уларнинг ҳар бир ўйинга футболчиларни яхши тайёрлагани ва тўғри услуб танлагани учрашувларнинг қизиқарли, томошабоп ўтишини таъминлади. Лекин бу мавсумда мураббийлик байроғини баланд кўтариш Луис Энрикега насиб этган экан.
ЕЧЛ 71-марта ўтказилди. Шу ўринда ЕЧЛнинг барча ғолибларини эсга олайлик: “Реал” 15 марта, “Милан” 7, “Бавария” ва “Ливерпул” 6 тадан, “Барселона” 5, “Аякс”(Голландия) 4, “Интер” ва “Манчестер Юнайтед”(Англия) 3 мартадан, “Ювентус”, “Бенфика”, “Порту”(Португалия), “Ноттингем Форест”, “Челси”(иккаласи Англиядан) ва “ПСЖ” 2 мартадан, “Боруссия”(Дортмунд), “Селтик”, “Гамбург”(Германия), “Фейенорд”, “Црвена звезда”(Белград, ҳозирги Сербия), “Стяуа”(Руминия), “Марсел”(Франция), “Астон Вилла”, ПСВ ва “Манчестер Сити” бир мартадан ғолиб бўлди. Хуллас, “ПСЖ” – Европа чемпионлар лигасининг 24-ғолиби! Энди эса икки карра ғолиби. Ҳа, футболдаги нуфузли мусобақалардан бири бўлган ЕЧЛнинг 70 ва 71-мавсуми “ПСЖ”нинг ғалабаси билан ниҳоясига етди.
Энди футбол мухлислари 11 июнь-19 июль кунлари АҚШ, Канада ва Мексика яшил майдонларида бўладиган жаҳон чемпионати ўйинларини кутади. Унда биринчи марта Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳам қатнашади. Биз юртимиз футболчиларига жаҳон чемпионати ўйинларида омад тилаймиз.
ЎЗБЕКИСТОН, ОЛҒА!
Ўйна футбол, футбол, ургин гол, гол, гол!
Майдонга тушсанг бас, доим ғолиб бўл!
Камолга етказдинг қанча хоқонни,
Билимда лол этдинг жумла жаҳонни,
Боксда қулатдинг Олимп қўрғонни,
Футболда ҳам танит Ўзбекистонни!
Ўйна футбол, футбол, ургин гол, гол, гол!
Майдонга тушсанг бас, доим ғолиб бўл!
Марди майдондасан ҳайқир, сол долға,
Ўзингни аёвсиз курашга чоғла,
Дадил бўл, рақиблар бағрини доғла,
Ўзбекистон, олға, ўзбегим, олға!
Ўйна футбол, футбол, ургин гол, гол, гол!
Майдонга тушсанг бас, доим ғолиб бўл!
Энди пойгаларда ўзбек ўзадир,
Ўзбек зарбасидан тўплар тўзадир,
Ўзбекистон, олға, зафар биздадир,
Олтин тўп, олтин тож қора кўздадир!
Ўйна футбол, футбол, ургин гол, гол, гол!
Майдонга тушсанг бас, доим ғолиб бўл!
Ўзбекистон, олға, ўзбегим, олға!
Марди майдондасан ҳайқир, сол долға!
Асрор МЎМИН,
Ўзбекистонда хизмат
кўрсатган журналист,
Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.