“Жаҳон чемпионати – 2026”: “I” гуруҳида Ҳоланд ва Мбаппе тўқнашувига гувоҳ бўламиз
Дунё футбол ихлосмандлари интиқлик билан кутаётган 2026 йилги футбол бўйича Жаҳон чемпионатида ҳар бир гуруҳдаги баҳслар кескин ва муросасиз кечиши кутилмоқда.
Қуръа натижалари айрим терма жамоаларнинг нисбатан қулай гуруҳдан жой олганини кўрсатмоқда. Хусусан, Европанинг етакчи жамоаларидан саналган Франция ва Норвегия термалари "I" гуруҳидан ўрин олган бўлиб, уларга Сенегал ва Ироқ терма жамоалари рақиблик қилади.
Албатта, Жаҳон чемпионатида заиф рақибнинг ўзи бўлмайди. Сенегал Африка футболининг энг кучли вакилларидан бири саналса, Ироқ терма жамоаси ҳам Осиё минтақасида ўзининг ҳужумкор ўйини билан танилган. Бироқ, мутахассислар фикрича, Франция ва Норвегия термалари таркиб, тажриба ҳамда рейтинг нуқтаи назаридан мазкур гуруҳнинг асосий фаворитлари ҳисобланади.

Шу ўринда ушбу тўртта терма жамоанинг мундиал сари қандай етиб келганини ёдга олишни лозим топдик.
Франция терма жамоаси Европа минтақаси саралаш босқичининг “D” гуруҳида муваффақиятли иштирок этиб, 5 та ғалаба ва 1 та дуранг билан 16 очко жамғарди ҳамда ўз тарихида 17-маротаба Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритди. Французлар мундиаллар тарихидаги энг муваффақиятли жамоалардан бири ҳисобланади. Улар 1998 ва 2018 йилларда Жаҳон чемпиони бўлган бўлса, 2006 ва 2022 йилларда кумуш, 1958 ҳамда 1986 йилларда бронза медалларига сазовор бўлган.

Норвегия терма жамоаси ҳам саралаш босқичида ишончли ўйин намойиш этди. Европа минтақаси “I” гуруҳида иштирок этган скандинавияликлар Италия, Исроил, Эстония ва Молдова термаларига қарши ўтказилган барча учрашувларда ғалаба қозониб, 24 очко билан мундиал иштирокчисига айланди. Айниқса, жамоанинг ҳужум чизиғидаги етакчиси Эрлинг Ҳоланд юқори натижа қайд этди. Норвегия саралаш баҳсларида жами 37 та гол урган бўлса, уларнинг 16 таси Ҳоланд ҳиссасига тўғри келди. Бу эса Жаҳон чемпионати саралашлари тарихидаги энг яхши кўрсаткичлардан бири сифатида эътироф этилмоқда.

Африка минтақаси саралаш баҳсларида Сенегал терма жамоаси “В” гуруҳида 10 та учрашувда 24 очко жамғариб, ўз тарихида тўртинчи бор Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритди.
Ироқ терма жамоаси мундиалгача анча мураккаб йўлни босиб ўтди. Жамоа Осиё минтақаси саралашининг иккинчи даврасида “F” гуруҳида 18 очко билан биринчи ўринни эгаллади. Кейинги босқичда эса “В” гуруҳида 15 очко тўплаб, учинчи ўриндан жой олди ва мундиал учун курашни давом эттириш имкониятини сақлаб қолди.

Навбатдаги саралаш баҳсларида ироқлик футболчилар Саудия Арабистони ва Индонезия термалари билан рақобатлашди. Улар 4 очко жамғарган бўлса-да, тўплар нисбатига кўра иккинчи ўринни эгаллаб, кейинги раундга йўл олди. Шундан сўнг ҳал қилувчи учрашувда Бирлашган Араб Амирликлари терма жамоасини 3:2 ҳисобида мағлуб этиб, қитъалараро плей-офф йўлланмасини қўлга киритди. Қитъалараро плей-офф финалида эса Боливия устидан 2:1 ҳисобида ғалаба қозониб, Жаҳон чемпионати иштирокчисига айланди. Шу тариқа мундиалнинг “I” гуруҳидаги жамоалар дунё биринчилигига етиб келди.
Ушбу гуруҳдаги илк баҳслар 16 июнь куни бошланади. Шу куни Нью-Жерси штатидаги “МетЛайф” стадионида Франция ва Сенегал терма жамоалари ўзаро куч синашса, Массачусетс штатида жойлашган “Жиллетт” стадионида Ироқ ҳамда Норвегия жамоалари майдонга чиқади.
Иккинчи тур учрашувлари 22 июнь куни ўтказилади. Филадельфия шаҳридаги “Линкольн Файнэншл Филд” аренасида Франция Ироққа қарши баҳс олиб боради. Шу куни “МетЛайф” стадиони Норвегия ва Сенегал терма жамоалари ўртасидаги муҳим тўқнашувга мезбонлик қилади.
Гуруҳ босқичининг сўнгги тури 26 июнь куни бўлиб ўтади. Массачусетсдаги “Жиллетт” стадионида Франция ва Норвегия терма жамоалари ўзаро ҳисоб-китоб қилади. Торонто шаҳридаги “Би-Эм-О Филд” стадионида эса Сенегал ва Ироқ жамоалари майдонга тушади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА