Пара каратэчиларимиз Осиё чемпионатида 4 та медалли бўлди
Индонезиянинг Бали шаҳрида пара каратэ бўйича ўтказилган 5-Осиё чемпионатида Ўзбекистон спортчилари 4 та медални қўлга киритди.
Қитъа чемпионатида Осиёнинг энг маҳоратли пара каратэчилари билан баҳс олиб борган матонатли спортчиларимиз 1 та олтин ва 3 та бронза медалларига эга чиқди.

Шиддатли кечган мусобақаларда терма жамоамиз аъзоларидан Саидикромхон Маҳкамов К-22 тоифасида Япония, Хитой, Жанубий Корея каби бир қатор давлатларнинг пара каратэчиларини мағлуб этиб, олтин медалга эгалик қилган бўлса, Муҳаммадсодиқ Ортиқжонов К-10 тоифасида, Муҳаммаджон Ғоипназаров К-21 тоифасида ҳамда Севинчбону Очилова К-22 йўналишида бронза медали соҳиблари бўлди.

Бугун, 22 июнь куни мазкур нуфузли мусобақада зафар қучган каратэчиларимиз Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Спорт вазирлиги, Миллий паралимпия қўмитаси, Ўзбекистон каратэ WKF ассоциацияси вакиллари томонидан тантанали кутиб олинди.
Т. Рўзиев, ЎзА