"Ўзсувтаъминот": АҚШ компаниялари билан ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди
Аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш, оқова сув хизматларини такомиллаштириш ва мавжуд инфратузилмани замонавий талаблар асосида ривожлантириш соҳада янги технологиялар ҳамда инвестицияларни жалб этишни тақозо этмоқда. Бу борада халқаро тажрибани ўрганиш ва хорижий компаниялар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш муҳим аҳамиятга эга.
19 октябрь куни Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамда инвестициявий алоқаларни ривожлантириш доирасида “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Аҳмад Сувонқулов бошчилигидаги делегация АҚШнинг “Aquatech”, “Nobel Systems” ва “Honeywell International” компаниялари вакиллари билан учрашувлар ўтказди.
Музокараларда ичимлик ва оқова сув тизимларини модернизация қилиш, сув иншоотларига замонавий технологияларни жорий этиш, бошқарув жараёнларини рақамлаштириш ҳамда янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш имкониятлари муҳокама қилинди.

Хусусан, сув таъминоти тизимлари самарадорлигини ошириш, мавжуд инфратузилмани илғор технологик ечимлар асосида такомиллаштириш ва АҚШ компанияларининг тажрибасидан фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашувлар якунида томонлар истиқболли лойиҳалар бўйича ҳамкорлик имкониятларини батафсил ўрганиш ва амалий музокараларни давом эттиришдан манфаатдор эканини билдирди.
Нилуфар Бозорова, ЎзА