Тошкент шаҳри ва унга туташ ҳудудларда иссиқхоналар учун махсус экологик тартиб жорий этилади
Пойтахт ва атроф ҳудудлардаги иссиқхоналар учун экологик талаблар кескин кучайтирилди. Ҳукумат қарори билан қаттиқ ёқилғидан фойдаланишга янги чекловлар жорий этилди.
Мамлакатимизда, хусусан, пойтахтимизда экологик барқарорликни таъминлашга қаратилган истиқболли ислоҳотлар изчил давом эттирилмоқда. Бунинг ифодасини соҳа бўйича қонунчиликдаги ўзгаришларда ҳам кўриш мумкин.
Ҳукуматнинг тегишли қарори билан Махсус ҳудудда жойлашган қаттиқ ёқилғида ишловчи иссиқхоналарга белгиланадиган экологик талаблар тўғрисидаги низом тасдиқланди.
2026-йил 22-октябрда қабул қилинган қарорга кўра, Тошкент шаҳри, Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ, Қибрай, Янгийўл, Зангиота ва Тошкент туманлари иссиқхона хўжаликлари фаолияти учун махсус экологик тартиб жорий этиладиган ҳудуд (Махсус ҳудуд) этиб белгиланди.
Махсус ҳудудда иситиш тизимига эга бўлган иссиқхона хўжаликлари фаолияти фақатгина табиий газ шу жумладан, суюлтирилган газ), электр энергияси, геотермал энергия, қуёш энергияси ҳамда иссиқлик электр станцияларида ҳосил бўладиган иккиламчи иссиқлик энергиясидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.
Қаттиқ ёқилғида (кўмир, брикет ва биомасса пеллетлари) фаолият юритаётган иссиқхона хўжаликлари 2026 йил 1 декабрга қадар иситиш турини юқоридаги турларга ўзгартириб, фаолиятини давом эттиради.
Қаттиқ ёқилғидан фақатгина қуйидаги талабларнинг барчасини бир вақтнинг ўзида бажарган ҳолда фойдаланишга рухсат этилади:
– қозон қурилмаларини ёқилғи узатиш ва ёниш жараёнини автоматик бошқариш тизими ҳамда чанг-газ тозалаш ускуналари билан жиҳозлаш;
– узлуксиз автоматик мониторинг тизимини ўрнатиш ва уни Экология қўмитасининг ахборот тизимларига интеграция қилиш;
– ускуналарнинг мувофиқлик сертификатига эга бўлиши;
– онлайн камералар, қувват манбаи ва захира генератори ўрнатиш ҳамда ҳосил бўлган чиқиндиларни утилизация қилиш.
Шунингдек, иссиқхона хўжаликларида шиналар, битум, мазут, пластмасса ва полимер плёнкалар, синтетик картон, резина, жун толаси, ишлатилган мойлар, маиший ва ишлаб чиқариш чиқиндиларини ҳамда шунга ўхшаш таркибли материалларни ёқилғи сифатида ёқиш қатъиян тақиқланади.
Экологик модернизацияни молиявий қўллаб-қувватлаш учун ҳам бир қанча чоралар кўрилади. жумладан:
– 2028 йил 1 январга қадар чанг-газ тозалаш ускуналари, қозон қурилмалари, энергия тежамкор экранлар, энергия самарадор технологиялар, электр, геотермал, қуёш ва когенерация асосидаги иситиш ускуналарини харид қилиш харажатларининг 50 фоизи, бироқ ҳар бир гектари учун 50 млн сўмдан ошмаган қисмига давлат бюджети ҳисобидан субсидия ажратилади;
– автоматик мониторинг станцияларини харид қилишда истак билдирган иссиқхоналарга уч томонлама шартнома тузиш орқали 7 йил муддатга фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан ҳар бир станция учун 350 млн сўмдан ортиқ бўлмаган маблағлар молиялаштирилади;
2026–2027 йилларда электр энергияси, геотермал, қуёш энергияси, когенерация иситиш тизимларига ўтиш лойиҳалари учун тижорат банклари орқали 7 йил муддатга 3 йиллик имтиёзли давр билан йиллик 14 фоиз ставкада (шундан, банк маржаси 4 фоиз) лойиҳа қийматининг 50 фоизигача қисмига ва ҳар бир гектарга 3 млрд сўмгача кредитлар ажратилади.
2026 йил 1 декабрдан бошлаб белгиланган талабларга жавоб бермайдиган иссиқхона хўжаликларига давлат экологик экспертизаси бўйича ижобий хулоса берилмайди, илгари берилган хулосанинг амал қилиши белгиланган тартибда вақтинча тўхтатилади. Бунда иссиқхонани электр, газ ва сув таъминотидан узиш чоралари кўрилади.
Махсус ҳудуддаги иссиқхона хўжаликларида ҳар йили 15 октябрдан 15 мартга қадар назорат ва мониторинг ишлари амалга оширилади. Инсон ҳаёти ва соғлиғига юқори хавф солувчи омиллар аниқланган тақдирда иссиқхона фаолияти ёки ифлослантирувчи манба 10 кунгача вақтинча тўхтатиб турилади.
Шербек Исломов, ЎзА