“Ўзмиллийбанк” билан янги имкониятлар сари
Мамлакатимизда кечаётган янгиланишлар жараёнида ёшлар камолоти ва уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бирига айланди.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Биз ёшларимизга нафақат билим беришимиз, балки уларнинг ўз ишини бошлаши, жамиятда муносиб ўрин топиши учун барча молиявий ва ташкилий имкониятларни яратиб беришимиз шарт. Чунки ташаббускор ёшлар — Янги Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги ва таянчидир”. Ана шундай эзгу мақсадларни ҳаётга татбиқ этиш, йигит-қизларни тадбиркорликка йўналтириш ва уларнинг бандлигини таъминлаш борасида “Ўзбекистон ташқи иқтисодий фаолият миллий банки” акциядорлик жамияти томонидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида ташкил этилган “Раҳбар ва ёшлар” маърифий учрашуви ҳам айни шундай амалий ҳаракатларнинг мантиқий давоми бўлди. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги билан ҳамкорликда ўтказилган ушбу самимий мулоқотда битирувчиларни иш билан таъминлаш, ёшларнинг стартап ғоялари ва бизнес лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлаш масалалари диққат марказида бўлди.
Тадбирда эътироф этилганидек, Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган “Келажакка қадам” лойиҳаси бугун ёшлар учун ўзига хос имкониятлар эшигини очмоқда. Мазкур тизим нафақат ғояларни саралайди, балки уларни ҳаётга татбиқ этиш учун аниқ молиявий ресурслар ва йўл хариталарини тақдим этади.
[gallery-28946]
Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, тизимли ислоҳотлар натижасида 2025 йилда олий ўқув юртларини битирган йигит-қизларнинг 94 фоизи меҳнат бандлиги таъминлангани соҳадаги ижобий кўрсаткичлардан далолат беради. Учрашувда “Ўзмиллийбанк” АЖ томонидан тақдим этилаётган “Бизнес старт”, “Бизнес прогресс”, “Менинг биринчи касбим” ва “Талаба инвест” каби мақсадли дастурлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Айниқса, илк бор ўз мутахассислиги бўйича иш бошлаётган ёшларга кўрсатилаётган молиявий кўмак ва талабаларнинг амалиёт жараёнларини молиялаштириш тизими иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Очиқ ва конструктив руҳда ўтган мулоқот давомида бўлажак филологлар ва тилшунос ёшлар ўзларининг нашриёт ишини йўлга қўйиш, замонавий ўқув марказлари ташкил этиш ҳамда китобхонликни тарғиб этишга қаратилган инновацион лойиҳалари юзасидан мутасаддилардан атрофлича жавоб олди.
Талаба Гулсара Ҳасанова ва Сардорбек Қуроловларнинг таъкидлашича, бу каби учрашувлар ёшларда тадбиркорликка бўлган иштиёқни ошириш билан бирга, давлат томонидан яратилаётган имтиёзлардан самарали фойдаланиш кўникмасини шакллантиради. Зеро, Президентимиз айтганидек, “Биз ёшларга шароит яратиб берсак, улар албатта ўз сўзини айтади”.
Тадбир якунида фаол ва ташаббускор ёшларга ташкилотчиларнинг ташаккурномалари топширилди.
Назокат УСМОНОВА, Аслиддин АЛИЖОНОВ (суратлар), ЎзА мухбирлари