Ўзбекистонлик олимларнинг салоҳияти халқаро даражада эътироф этилди
Илм-фан соҳасида жаҳоннинг энг етакчи изланувчан ва салоҳиятли олимлари рўйхатини эълон қилиб борадиган "World's Top 2% Scientists 2026"нинг янгиланган рейтингида Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети олимлари номи қайд этилди.
Айтиш лозимки, ҳар йили нафақат АҚШ, балки дунёнинг энг нуфузли олий таълим даргоҳи саналган Стенфорд университети ва Elsevier нашриёти дунё олимларининг кўрсаткичлари асосида энг кучли икки фоиз олимлар рўйхатини янгилаб боради.
Эътиборли жиҳати, бу йил ушбу рўйхатдан Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети профессор-ўқитувчилари, илмий изланувчилари Дилфуза Эгамбердиева микробиология, Бобомурод Аҳмедов, Жавлон Райимбоев, Аҳмаджон Абдужабборов физика-астрономия, Элёр Бердимуродов кимё, Юсуфжон Ғаффоров микология ва паразитология йўналишларида дунёнинг энг салоҳиятли олимлари сифатида эътироф этилди.
Ўзбекистонлик олимларнинг бундай нуфузли рейтингдан жой олиши мамлакатимиз илмий салоҳияти йилдан-йилга ошиб бораётганлигини, юртимиз олимлари томонидан олиб борилаётган изланишлар халқаро даражада тан олинаётганлигини амалда кўрсатганлиги билан аҳамиятлидир.
Т. Рўзиев, ЎзА