Жиззахда халқаро анжуман: муҳандисликнинг ақлли ва барқарор ечимлари
Бугунги муҳандисликнинг энг катта ютуғи мураккаб технология яратишдагина эмас, балки илм-фан ютуқларини инсон ҳаётини яхшилайдиган амалий ечимларга айлантиришдадир. Жиззахда ўтказилган "ETSSIS 2026"халқаро илмий конференцияси айнан шу мақсад йўлида янги илмий алоқалар, замонавий ғоялар ва истиқболли ташаббусларни бир майдонга жамлади.
Жиззах политехника институтида ташкил этилган “Engineering Tomorrow: Smart, Sustainable, and Innovative Solutions” (ETSSIS 2026) биринчи халқаро илмий конференцияси ўндан ортиқ давлат вакилларини бирлаштирди. 200 нафардан зиёд олим, муҳандис ва тадқиқотчи қатнашган анжуманда қарийб 130 та илмий мақола тақдим этилди. Рақамлар ортида эса замонавий муҳандислик тараққиётига дахлдор саволлар, изланишлар ва уларнинг ечимини топишга қаратилган муштарак интилиш мужассам.
Конференция Жиззах политехника институти ҳамда IEEEнинг Россия-Сибир секцияси ҳамкорлигида ўтказилди. Венгриянинг Óbuda университети ҳамкор сифатида иштирок этди. Анжуманнинг онлайн ва офлайн шаклларда ташкил этилиши хорижий олимлар билан мулоқот қилиш, тажриба алмашиш ва янги ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш имкониятларини кенгайтирди.
Бугун муҳандислик олдида турган вазифалар тобора мураккаблашмоқда. Саноатни рақамлаштириш, энергия тежамкорлигини таъминлаш, экологик муаммоларга ечим топиш, транспорт хавфсизлигини ошириш – буларнинг барчаси чуқур илмий ёндашув ва замонавий технологияларни талаб қилади. Шу боис анжуманда назарий изланишларни амалиёт билан боғлаш, илмий ғояларни ишлаб чиқариш эҳтиёжларига мослаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Очилиш маросимида Жиззах политехника институти ректори, техника фанлари доктори, профессор Алишер Усманқулов ва Венгриянинг Óbuda университети проректори, профессор Золтан Ражнаи (Zoltán Rajnai) иштирок этди. Хитойнинг Suzhou University of Technology университети президенти, профессор Жианг Жианминг (Jiang Jianming) конференция қатнашчиларига онлайн мурожаат йўллади. Турли мамлакатлар олий таълим муассасалари раҳбарлари ва олимларининг иштироки муҳандислик соҳасида халқаро ҳамкорликка бўлган қизиқишни намоён этди.
Ялпи мажлисда Венгриянинг Óbuda университети профессори Андрес Молнар (Андреás Molnár), Россия Фанлар академияси Сибирь бўлими тадқиқотчиси Дамир Исламов, Германияда фаолият юритувчи саноат маслаҳатчиси Раҳматилла Қўчқоров, Жиззах политехника институти доценти Достон Ғуломов ва бошқа мутахассислар маърузалар билан қатнашди. Муҳокамаларда замонавий муҳандислик муаммолари, инновацион ишланмаларнинг амалий қиймати ва уларни ҳаётга татбиқ этиш истиқболлари кўриб чиқилди.
Анжуманнинг аҳамияти шундаки, муҳокама марказига ҳаётнинг ўзи тақозо этаётган масалалар олиб чиқилди. Жумладан, Жиззах вилояти автомобиль йўлларидаги кўприкларнинг техник ҳолатини сунъий интеллект ёрдамида олдиндан баҳолаш, шаҳар транспорти ҳаракатини самарали бошқариш, атмосферадаги ифлослантирувчи моддаларни мобил технологиялар орқали ўлчашга қаратилган тадқиқотлар эътиборни тортди.
[gallery-32050]
Бу каби ишланмаларнинг қиймати уларнинг илмий янгилиги билангина эмас, балки инсон ҳаёти хавфсизлиги, инфратузилма ишончлилиги ва атроф-муҳит муҳофазасига қўшадиган ҳиссаси билан ҳам белгиланади. Масалан, кўприкларнинг техник ҳолатини олдиндан баҳолаш эҳтимолий носозликларни барвақт аниқлашга, транспорт оқимини оқилона ташкил этиш эса вақт ва ресурсларни тежашга ёрдам бериши мумкин.
Энергетика йўналишидаги изланишлар ҳам долзарблиги билан ажралиб турди. Қуёш энергиясидан қишлоқ хўжалигида фойдаланиш, фотоэлектрик панелларни сув тўплаш ва томчилатиб суғориш тизимлари билан уйғунлаштириш, энергия тежамкор технологияларни такомиллаштириш каби масалалар муҳокама қилинди. Бундай ёндашувлар қайта тикланувчи энергия манбаларидан унумли фойдаланиш билан бирга, сув ва электр ресурсларини тежаш имкониятларини ҳам кенгайтиради.
Конференция доирасида саккизта устувор йўналиш бўйича шуъба йиғилишлари ташкил этилди. Қайта тикланувчи энергия, барқарор муҳандислик ва экологик тизимлар, ақлли шаҳарлар, келажак транспорти, саноат автоматлаштируви, сунъий интеллект, илғор материаллар ва нано технологиялар, муҳандислик таълимини рақамли трансформация қилиш масалалари юзасидан фикр алмашилди. Турли соҳаларнинг бир илмий майдонда бирлашиши замонавий муаммоларни ҳал этишда фанлараро ҳамкорлик нақадар муҳимлигини намоён этди.
Илмий натижаларнинг халқаро миқёсда тан олиниши ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Конференцияда тақдим этилган ва белгиланган мезонларга мувофиқ қабул қилинган мақолаларни IEEE Xplore халқаро электрон кутубхонасига киритиш учун кўриб чиқишга юбориш режалаштирилган. Бу муаллифларга ўз изланишларини кенгроқ илмий жамоатчиликка етказиш имконини бериши мумкин. Бироқ мақолаларнинг Scopus каби халқаро маълумотлар базаларида индексланиши тегишли ташкилотларнинг мустақил баҳолаши ва қарорларига боғлиқ.
Жиззах политехника институти учун мазкур анжуман янги ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, маҳаллий олимларнинг илмий салоҳиятини намоён этиш ва ёш тадқиқотчиларни халқаро илмий муҳитга олиб кириш йўлидаги муҳим тажриба бўлди. Институт ректори Алишер Усманқулов ташаббуси билан конференцияни ҳар йили ўтказиш ва уни халқаро илмий ҳамжамият эътироф этадиган анжуманга айлантириш кўзда тутилган.
Албатта, бир конференциянинг самараси унда ўқилган маърузалар ёки тақдим этилган мақолалар сони билан чекланмайди. Унинг ҳақиқий натижаси янги ҳамкорлик шартномалари, биргаликдаги тадқиқотлар, ҳаётга татбиқ этилган ишланмалар ва илмий изланишларга қўшилган ёшлар ҳиссасида намоён бўлади. Шу маънода, келгусида иштирокчи давлатлар географиясини кенгайтириш, нуфузли илмий марказлар билан алоқаларни ривожлантириш ва истиқболли лойиҳаларни амалий босқичга олиб чиқиш муҳим вазифа бўлиб қолади.
Зеро, илмнинг қудрати унинг китоб саҳифаларида ёки илмий минбарларда қолиб кетмаслигида. У инсон ҳаётига кириб борганида, муаммоларга ечим топганида, ишлаб чиқаришга наф келтирганида ва келажак учун янги йўл очганида ҳақиқий кучга айланади. Жиззахдаги “ETSSIS – 2026” конференциясининг истиқболи ҳам айнан шу мезонлар билан белгиланади.
Абдужалол Қаюмов, Жамшид Ёрбеков(сурат),
ЎзА мухбирлари