Ўзбекистонда туғилиш коэффициенти қандай?
Мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг муҳим жиҳатларидан бири бўлган демографик ўсиш суръатлари изчил давом этмоқда. Аҳоли сонининг барқарор ўсиши нафақат мамлакатнинг меҳнат ресурслари салоҳиятини белгилайди, балки ижтимоий инфратузилмани режалаштиришда ҳам асосий омил бўлиб хизмат қилади.
Миллий статистика қўмитасининг сўнгги маълумотларига кўра, мамлакатимизда демографик ўсиш суръатлари юқори ва барқарор кўрсаткичларни сақлаб қолмоқда. Хусусан, 2025 йил якунлари бўйича республикада туғилиш коэффициенти ҳар 1 000 нафар доимий аҳолига нисбатан ўртача 23,2 нафарни ташкил этди.
Ҳудудлар кесимидаги таҳлиллар шуни кўрсатадики, энг юқори ўсиш суръатлари воҳа вилоятларида кузатилмоқда. Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятлари мос равишда 27,5 ва 27,1 кўрсаткич билан демографик етакчиликни сақламоқда. Шунингдек, Самарқанд (24,5), Жиззах (24,1) ва Наманган (23,9) вилоятларида ҳам туғилиш даражаси республика ўртача кўрсаткичидан юқори экани қайд этилган.
Фарғона водийсининг бошқа ҳудудлари — Фарғона (23,5) ва Андижон (22,8) вилоятларида ҳам барқарор ҳолат кузатилаётган бўлса, Хоразм, Сирдарё ва Навоий вилоятларида бу рақам 22 атрофида турибди.
Нисбатан пастроқ кўрсаткичлар Бухоро ва Тошкент вилоятларида қайд этилган. Бу вилоятларда туғилиш коэффициенти 20 нафардан зиёдни ташкил этган бўлса, пойтахт Тошкент шаҳрида бу кўрсаткич 19,8 нафарга тенг бўлди. Энг кам туғилиш даражаси эса Қорақалпоғистон Республикасида қайд этилиб, ҳар минг кишига 19,2 нафар чақалоқ тўғри келмоқда.
Ҳамроз Баёнов,
ЎзА