Янги Ўзбекистонда янги авлод қишлоқ хўжалиги мутахассислари тайёрланади
Ўзбекистон учун қишлоқ хўжалиги азалдан ижтимоий-иқтисодий барқарорликни таъминловчи стратегик аҳамиятга эга тармоқлардан бири бўлиб келган. Мамлакатимизнинг бугунги ривожланиш босқичида ушбу соҳага ҳар қачонгидан ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Зеро, иқлим ўзгариши, сув ресурсларининг танқислиги, ерлар деградацияси, озиқ-овқат хавфсизлиги билан боғлиқ замонавий таҳдидлар аграр тизимни мутлақо янги ёндашувлар асосида ислоҳ қилиш, шу жумладан соҳа учун юқори малакали ва халқаро майдонда рақобатбардош бўлган кадрлар тайёрлашни тақозо этмоқда.
Бугунги кунда иқтисодиётимизнинг 20 фоизи айнан қишлоқ хўжалиги ҳиссасига тўғри келади. 3,5 миллион нафар юртдошларимиз меҳнат қилаётган ушбу тармоқда йилига 467 триллион сўмлик маҳсулот яратилиб, мева-сабзавотларимиз ички эҳтиёжни қоплаш билан бирга, 83 та хорижий давлатга экспорт қилинмоқда.
Сўнгги ўн йилда соҳада давлат бошқарувини такомиллаштириш, бозор механизмлари, илғор технологияларни жорий этиш, таълим тизимини модернизация қилиш, маҳсулот етиштирувчи, қайта ишловчи ва сотувчи субъектлар ўртасидаги интеграцияни кучайтириш, қишлоқ хўжалиги машинасозлигини ривожлантириш, ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланишга қаратилган кўплаб меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 11 апрелдаги “Тошкент давлат аграр университети фаолиятини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қишлоқ хўжалиги, айниқса, аграр таълим тизимини тубдан такомиллаштиришга қаратилган навбатдаги муҳим қадам бўлди.

Қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш жараёнида Тошкент давлат аграр университети фаолиятини трансформация қилишга алоҳида эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Боиси, салкам юз йиллик тарихга эга мазкур олий таълим муассасаси наинки юртимиз, балки бутун Марказий Осиё минтақасидаги аграр соҳа учун малакали кадрлар тайёрлайдиган энг йирик даргоҳлардан бири ҳисобланади. Турли йилларда университетни юртимиз қишлоқ хўжалиги тараққиётига улкан ҳисса қўшган юзлаб илм-фан ва жамоат арбоблари битирган.
Бугунги кунда университетнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, таълим жараёнига илғор стандартларни жорий этиш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, муассасанинг 4 қаватли ўқув биноси реконструкция қилиниб, 1380 ўринга мўлжалланган янги замонавий 5 қаватли корпус барпо этилди. Ўтган йили Мустақиллик байрами арафасида давлат-хусусий шериклик асосида янги 550 ўринли замонавий талабалар ётоқхонаси ҳам фойдаланишга топширилди. Айни пайтда ёш олимлар ва ходимларнинг яшаш шароитини яхшилаш мақсадида 315 хонадонли турар жой қад ростламоқда.

Қарорда университетнинг инновациялар, халқаро стандартлар ва аниқ натижага йўналтирилган мутлақо янги моделини яратиш бўйича қатор муҳим вазифалар кўзда тутилган. Жумладан, 2030 йилга қадар университетни ривожлантиришнинг асосий мақсадли кўрсаткичларидан бири сифатида халқаро рейтинг ташкилотларининг топ-500 талик олий таълим ташкилотлари рўйхатига киритишга эришиш белгиланган. Бунинг замирида таълим муассасасининг халқаро майдондаги нуфузини ошириш вазифаси билан бирга, қатор комплекс чора-тадбирлар мужассам. Яъни, нуфузли халқаро рейтингларда юқори поғоналарни эгаллаш учун, энг аввало, таълим сифати, профессор-ўқитувчиларнинг илмий салоҳиятини ошириш, инфратузилма ва бошқарувга оид бир қанча талабларни бажариш зарур. Қолаверса, ҳужжатда белгиланганидек, ушбу мақсадга эришиш доирасида халқаро ҳамкорликда амалга ошириладиган илмий тадқиқотлар сонини 3 баробарга, халқаро аккредитациядан ўтган таълим дастурлари сонини эса 4 баробарга, шунингдек қўшма таълим дастурларини 20 тага, ўқув-илмий лабораториялар сонини 20 фоизга ошириш кўзда тутилган. Шу тариқа ўқув режалари, таълим усуллари ва билимларни баҳолаш тизими энг илғор жаҳон амалиётлари билан уйғунлаштирилади.
Бу борадаги амалий қадам сифатида айни пайтда университетимиз АҚШ, Германия, Хитой, Жанубий Корея, Вьетнам, Туркия, Польша, Россия, Қозоғистон каби давлатларнинг 30 дан ортиқ олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда таълим тизимини такомиллаштириш, илм-фанни ривожлантириш, назария ва амалиёт ўртасидаги интеграцияни кучайтириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг янги навларини яратиш ва етиштиришга қаратилган лойиҳалар устида иш олиб бормоқда. Бундан ташқари, ушбу университетлар билан қатор йўналишлар бўйича қўшма таълим дастурлари ҳам йўлга қўйилган. Университетимиз ўқитувчи ва талабалари малака ошириш ва стажировка ўташ учун мунтазам равишда хорижий давлатларга юборилмоқда. Масалан, биргина ўтган йили 200 га яқин профессор-ўқитувчилар Хитой, Россия, Малайзия, Жанубий Корея, Польша ва Туркияда малака оширди, 152 нафар талаба эса Хитой, Польша, Германия, Болгария каби давлатларда амалиёт ўтаб келди.
2026/2027 ўқув йилида университетнинг Экофизиологик тадқиқотлар илмий лабораториясини ISO/IEC 17025:2017 халқаро стандарти бўйича аккредитациядан ўтказиш режалаштирилган. Кўзда тутилган чора-тадбирларнинг ҳаётга татбиқ этилиши натижасида янги, долзарб йўналишлардаги тадқиқотлар кўлами кенгаяди, университет эса глобал илмий мулоқотнинг тўлақонли иштирокчисига айланади.

Университетнинг молиявий мустақиллигини мустаҳкамлаш учун илмий ишланмаларни тижоратлаштиришдан олинадиган маблағлар ҳажмини уч баробарга ошириш ҳам белгиланган. Шу билан бирга, ҳужжатда бошқарув ва хизматлар кўрсатиш жараёнларини рақамли технологиялар, шу жумладан сунъий интеллект ёрдамида ташкил этиш кўзда тутилган бўлиб, бунинг натижасида умумий самарадорликни ошириш, ўқув жараёнини аниқроқ режалаштириш, натижаларни таҳлил қилиш, хизматлар кўламини кенгайтириш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, меҳнат бозори эҳтиёжларини башорат қилиш ва ресурсларни оқилона бошқаришга эришилади.
Президентимиз ўтган йил 17 ноябрь куни пахтачиликда самарадорликни илғор тажриба ва технологиялар асосида ошириш, қишлоқ хўжалигини молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишиш чоғида агрономларни тайёрлайдиган олийгоҳлар битирувчилари учун “дуал таълим” механизми жорий этилишини маълум қилган эди. Бу масалага қарорда ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, кадрлар тайёрлаш йўналишлари ва соҳаларнинг хусусиятидан келиб чиқиб, университетнинг юқори курсларида ўқиш назарий таълимдан ажралган ҳолда 4 ой муддатга узлуксиз дуал таълим асосида ташкил этиш, бунинг учун қатор йирик корхоналар билан ҳамкорлик қилиш кўзда тутилмоқда.
Бугунги кунга келиб, университетнинг механизация ва агромуҳандислик таълим йўналишларида таҳсил олаётган талабалар ушбу тизим асосида Чирчиқ шаҳридаги “Agrotech” кластерида ўқитилмоқда. Ҳозирда бундай амалиёт агрономия, ўсимликларни ҳимоя қилиш ва карантини, ўрмончилик ва аҳоли яшаш жойларини кўкаламзорлаштириш ҳамда агрокимё ва тупроқшунослик йўналишларида ҳам жорий этилган. Ушбу жараёнда талабалар замонавий агротехнологияларни қўллаш, ҳосилдорликни ошириш, экинларни касаллик ва зараркунандалардан ҳимоя қилиш, тупроқ ва озиқ моддаларни таҳлил қилиш борасидаги билим ва кўникмаларини мустаҳкамламоқда. Бу тизим талабаларга ишлаб чиқариш муҳитида амалий тажриба тўплаш ва иш ҳақи олиш имконини бермоқда.
Қарорга кўра, университет таркибида янги тузилма – Агрохизматлар департаменти ташкил этилади. Унинг зиммасига фермер ва деҳқон хўжаликлари, томорқа ер эгаларига консалтинг хизматлар кўрсатиш, замонавий кўчма лабораториялар фаолиятини йўлга қўйиш, рақамли агрохизматлар платформасини шакллантириш каби қатор вазифалар юклатилган.
Яна бир муҳим янгилик – университет ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Агромуҳандислар мактаби ва Янги агрономларни тайёрлаш жамғармаси ҳам ташкил этилади. Амалиётга йўналтирилган янги мактаб бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан ишлаб чиқариш билан бевосита уйғун ҳолда фаолият юритади. Бунда корхоналар билан ҳамкорликда сунъий интеллектга асосланган лабораториялар яратилиб, ишлаб чиқариш муаммолари портфели асосида тадқиқотлар ва тажриба-конструкторлик ишлари олиб борилади. Шунингдек, дронлар, робототехника ва рақамли ечимларни қўллаган ҳолда қатор хизматлар кўрсатилиб, натижада университетнинг молиявий барқарорлиги ошади, талабаларда амалий кўникмалар шаклланади.
Ўз навбатида, Янги агрономларни тайёрлаш жамғармасининг ташкил этилиши ва мақсадли молиялаштиришнинг йўлга қўйилиши натижасида талабалар ерни ўзлаштириш ва маҳсулот етиштиришдан тортиб, уни сотиш ва бозорга олиб чиқишгача бўлган босқични тўлиқ ўзлаштиради. Ўқув-тажриба хўжалиги учун ер участкаларининг ажратилиши, уларни ўзлаштириш фоизсиз молиялаштирилиши ҳамда олинган даромаднинг талабалар ихтиёрида қолдирилиши эса реал иқтисодий рағбатни яратади.
Умуман олганда, қарорда акс этган халқаро рейтингларга кириш, рақамлаштириш ва илмий фаолиятни ривожлантириш каби мақсадлар ортида бир фундаментал ўзгариш ётибди. Гап Тошкент давлат аграр университетининг бошқарув ва институционал моделини тубдан ўзгартириш ҳақида кетяпти. Белгиланган чора-тадбирлардан кўриниб турибдики, ҳужжат асосида университетни мустақил, масъулиятли ва натижадорликка йўналтирилган барқарор муассасага айлантириш мақсад қилинган. Қарор қабул қилишда автономиянинг оширилиши ва лойиҳавий ёндашувнинг кучайтирилиши янги бошқарув маданиятини шакллантиради. Бу эса, ўз навбатида, университетга аграр сиёсатдаги ўзгаришлар, технологик тенденциялар ва бозор талабларига тезроқ мослашиш имконини бериб, уни ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига айлантиради.
Қолаверса, қарорда инсон капиталини ривожлантиришга алоҳида урғу берилгани, профессор-ўқитувчилар ва илмий ходимларга қўйилаётган талабларнинг кучайтирилиши давлат таълим тизимини модернизация қилиш, энг аввало, инсонлардан бошланишини чуқур англашидан далолат беради. Тизимли малака оширишнинг йўлга қўйилиши, хорижий мутахассисларнинг жалб этилиши ва илмий фаолликнинг ошиши янги касбий муҳитни вужудга келтиради. Натижада ҳам ўқитувчиларда, ҳам талабаларда янгича – танқидий, тадқиқотчиликка асосланган, реал муаммоларни ҳал қилишга қаратилган тафаккур шаклланади. Моддий-техник базани мустаҳкамлаш, янги лабораториялар ташкил этиш, тажриба-синов ва ишлаб чиқариш майдончаларини ривожлантириш бўйича муҳим вазифалар белгилангани ҳам бежиз эмас – замонавий инфратузилма яратишга инвестиция киритмасдан илм-фан ривожланишига эришиб бўлмайди.
Мухтасар айтганда, қарорда аграр таълим тизимининг барча йўналишларини трансформация қилишни назарда тутувчи туб ислоҳотлар акс этган. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, қишлоқ хўжалигининг тақдири ва келажаги – бутун мамлакатимизнинг тақдири ва келажагидир. Барқарор ва фаровон келажакни барпо этиш учун эса университетимизнинг ҳар бир ходими ислоҳотларга камарбаста бўлиб, бир ёқадан бош чиқариб ишлаши лозим.
Сайёра Холмирзаева,
Тошкент давлат аграр университети
“Ўзбек тили ва адабиёти” кафедраси мудири,
профессор.