Ўзбекистонда қурилиш стандартлари Еврокодлар асосида такомиллаштирилмоқда
Ўзбекистонда қурилиш соҳасининг техник-меъёрий базасини халқаро талаблар асосида такомиллаштириш, бинолар ва иншоотларнинг хавфсизлиги ҳамда ишончлилигини ошириш мақсадида Еврокодларни миллий қурилиш тизимига босқичма-босқич жорий этиш бўйича ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Техник меъёрлаш ва стандартлаштириш илмий-тадқиқот институти раҳбарияти ҳамда Еврокодларни жорий этиш йўналишида фаолият юритаётган мутахассислар учун TAIEX INTPA Expert Mission доирасида халқаро мастер-класс ўтказилмоқда.
Унда Руминиянинг ASRO — Руминия стандартлаштириш ташкилоти экспертлари иштирок этиб, Еврокодларни миллий қурилиш тизимига мослаштириш ва амалиётга жорий этиш бўйича тажрибалари билан ўртоқлашмоқда.

Тадбир давомида Еврокодларни Ўзбекистоннинг миллий қурилиш тизимига жорий этишнинг амалий механизмлари, миллий иловалар ва миллий параметрларни шакллантириш, амалдаги қурилиш стандартларини уйғунлаштириш, шунингдек, соҳадаги институционал механизмларни такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинмоқда.
Еврокодлар — Европа мамлакатларида бинолар ва иншоотларни лойиҳалашда қўлланиладиган замонавий техник стандартлар тизими бўлиб, улар конструкцияларнинг мустаҳкамлиги, барқарорлиги, ёнғин хавфсизлиги ва турли ташқи таъсирларга чидамлилигини таъминлашга қаратилган.

Халқаро экспертлар миссияси доирасида Ўзбекистон мутахассисларига Еврокодларни миллий шароитга мослаштириш, зарур стандарт ва меъёрларни ишлаб чиқиш, миллий йўл хариталарини шакллантириш ҳамда Европа амалиётини миллий тизимга интеграция қилиш бўйича методик тавсиялар берилмоқда.
Мазкур ҳамкорлик қурилиш соҳасида ягона ва замонавий техник ёндашувларни шакллантириш, лойиҳалаш жараёнларида халқаро стандартлардан кенгроқ фойдаланиш ҳамда қурилаётган объектларнинг хавфсизлиги ва сифатини ошириш учун муҳим аҳамият касб этади.

Таъкидлаш жоизки, Еврокодларни миллий қурилиш тизимига жорий этиш бир марталик жараён эмас. Бу амалдаги меъёрий ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш, миллий параметрларни белгилаш, мутахассисларни тайёрлаш ва соҳа иштирокчиларини янги талабларга мослаштиришни қамраб оладиган босқичма-босқич жараёндир.
Халқаро экспертлар билан ҳамкорликда амалга оширилаётган ишлар натижасида Ўзбекистонда замонавий, хавфсиз ва халқаро талабларга мос қурилиш нормалари ва стандартларини шакллантириш, соҳанинг техник-меъёрий базасини мустаҳкамлаш ҳамда қурилиш сифатини янги босқичга олиб чиқиш учун зарур асос яратилмоқда.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА