Ўзбекистонда янги пенционерларнинг 61 фоизи тўлиқ иш стажига эга эмас
Бугун аҳоли бандлигини расмийлаштириш, меҳнат муносабатларини қонуний асосда йўлга қўйиш ва ижтимоий солиқларни ўз вақтида тўлаш нафақат бугунги ижтимоий ҳимоя, балки келгусида муносиб пенсия олиш учун ҳам муҳим омил ҳисобланади. Чунки фуқаронинг пенсия миқдори, аввало, унинг расмий меҳнат фаолияти, иш стажи ва қонунчиликда белгиланган тартибда тўланган ижтимоий солиқлар билан бевосита боғлиқ.
Пенсия жамғармаси маълумотларига кўра, амалиётда эса иш стажи етарли бўлмаган ҳолда пенсияга чиқаётган фуқаролар сони ортиб бормоқда. Бу ҳолат, асосан, норасмий меҳнат муносабатлари, иш ҳақининг расмий ҳисобга олинмаслиги ва ижтимоий солиқларнинг тўланмаслиги билан боғлиқ.
Амалдаги қонунчиликка кўра, тўлиқ пенсия тайинланиши учун эркакларга 25 йил, аёлларга эса 20 йил иш стажи талаб этилади. Агар фуқаронинг иш стажи белгиланган талабга етмаса, пенсия мавжуд иш стажига мутаносиб равишда тўлиқ бўлмаган иш стажи асосида тайинланади.
Маълумотларга кўра, 2010 йилда янги тайинланган пенсиялар орасида тўлиқ иш стажига эга бўлмаган фуқаролар улуши атиги 6 фоизни ташкил этган. 2025 йилга келиб эса бу кўрсаткич 61 фоизга етган. Яъни, бугун янги пенсия тайинланаётган ҳар уч нафар фуқаронинг қарийб икки нафари тўлиқ иш стажига эга эмас. Умумий пенсионерлар таркибида ҳам мазкур тоифанинг улуши сезиларли даражада ошган. Хусусан, 2010 йилда тўлиқ иш стажига эга бўлмаган пенсионерлар улуши 3 фоизни ташкил этган бўлса, 2025 йилда бу кўрсаткич 39 фоизга етган. Шу билан бирга, пенсионерларнинг 47 фоизи 820 минг сўмдан 1 миллион сўмгача миқдорда пенсия олаётгани ҳам масаланинг долзарблигини кўрсатади.
Норасмий меҳнат — келажак пенсияга таъсир қилади. Мутахассисларнинг фикрича, иш стажи етарли бўлмаган пенсионерлар сони ортишига бир қатор омиллар сабаб бўлмоқда. Жумладан, норасмий меҳнат муносабатларининг сақланиб қолаётгани, иш ҳақининг расмий ҳисоботларда тўлиқ акс эттирилмаслиги ёки «конверт»да берилиши, ижтимоий солиқларнинг тўланмаслиги сабаб бўлмоқда. Шунингдек, меҳнат фаолиятини тасдиқловчи ҳужжатларнинг белгиланган тартибда архивга топширилмаслиги, фуқароларнинг айрим даврларда расмий меҳнат билан қамраб олинмагани сабаб бўлаётир.
Норасмий ишлаш кўп ҳолларда фуқарога бугунги кунда қўшимча даромад ёки айрим харажатларни тежаш имконини бергандек кўриниши мумкин. Бироқ бундай меҳнат муносабатлари келажакда меҳнат стажининг етарли даражада шаклланмаслиги ва пенсия миқдорининг камайишига олиб келиши мумкин. Шу сабабли иш берувчи билан меҳнат муносабатларини расмийлаштириш, иш ҳақининг қонуний тартибда ҳисобланиши ва ижтимоий солиқларнинг тўланиши ҳар бир ходимнинг келажакдаги ижтимоий таъминоти учун муҳим аҳамиятга эга.
Пенсия — инсоннинг узоқ йиллик меҳнат фаолияти давомида шаклланадиган ижтимоий кафолатларидан биридир. Шу боис фуқаролар меҳнат фаолиятини расмийлаштиришга, иш стажи ва меҳнат фаолияти ҳақидаги маълумотларнинг тўғри юритилишига эътибор қаратиши зарур. Зеро, норасмий бандлик масаласи фақат бугунги даромад билан боғлиқ эмас. У инсоннинг эртанги ижтимоий ҳимояси, меҳнат стажи ва пенсия миқдорига ҳам бевосита таъсир қилади. Шу нуқтаи назардан, аҳоли ўртасида расмий бандликнинг афзалликлари, ижтимоий солиқларни тўлашнинг аҳамияти ва пенсия таъминоти бўйича ҳуқуқий саводхонликни ошириш муҳим вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.
Ш.Маматуропова, ЎзА