Ўзбекистонда микроэлектроника лойиҳалаш бўйича мутахассислар тайёрланади
Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда Малайзиянинг "Penang Skills Development Centre (PSDC)" маркази ўртасида касбий таълим ва малакали мутахассислар тайёрлаш бўйича ҳамкорлик йўлга қўйилди.
Ҳамкорлик доирасида вазирлик тасарруфидаги Малакани баҳолаш марказларида микроэлектроника, мехатроника ва микросхемаларни лойиҳалаш (IC Design) йўналишлари бўйича ихтисослашган ўқув ва баҳолаш марказини ташкил этиш режалаштирилди.
Янги марказда "Касб ваучери" тизими орқали фуқаролар замонавий технологиялар бўйича билим ва кўникмаларини ошириб, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларни эгаллаш имкониятига эга бўлади.

Маълумки, “Penang Skills Development Centre” (PSDC) 1989 йилда ташкил этилган бўлиб, электроника, микроэлектроника, яримўтказгичлар ва автоматлаштириш соҳалари учун мутахассислар тайёрлашга ихтисослашган. Марказнинг саноат ҳамкорлари қаторида Intel, AMD, Bosch, Renesas вa OSRAM каби йирик халқаро компаниялар мавжуд.
Гулноза Бобоева,
ЎзА