Ўзбекистонда вакциналар хавфсизлиги қандай таъминланади?
Инсоният тарихи давомида кўплаб хавфли юқумли касалликлар мислсиз талафотлар келтириб, миллионлаб инсонларнинг ҳаётига зомин бўлган. Тиббиётнинг ривожланиши ва энг муҳими, вакциналарнинг яратилишигина бу аччиқ тарихни бутунлай ўзгартириб юборди. Бугунги кунда эмлаш шахсий ҳимоя воситаси, шунингдек, бутун жамият саломатлигини асровчи қудратли қалқон ҳисобланади. Қайсидир маънода, вакциналар келажагимиз учун қўйилган энг ишончли хавфсизлик кафолатидир.
Хўш, вакциналар хавфсизлиги қандай текширилади? Уларни сақлаш ва ташишда нималарга эътибор берилади?
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси бош мутахассиси Хурсаной Жамолова вакциналарнинг сифат назорати, клиник ва лаборатория текширувлари, совуқ занжир талаблари ҳамда эмлашдан кейинги тиббий кузатув ҳақида қуйидагиларни гапириб берди:
– Мамлакатимизда аҳоли ва болалар тасдиқланган миллий профилактик эмлашлар календарига асосан 13 турдаги юқумли касалликларга қарши эмланмоқда.
Айни кунда республикага марказлашган ҳолда олиб келинаётган вакциналар хавфсиз бўлиб, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг преквалификация сертификатига эга. Яъни, бугунги кунда республикада аҳоли ва болаларни эмлаш учун яроқлилиги тасдиқланган, хавфсизлиги таъминланган вакциналар Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ЮНИСЕФ ташкилоти раҳбарлигида олиб келинмоқда.
Вакциналарнинг хавфсизлиги бўйича бир қанча тадбирлар олиб бориляпти. Яъни, бу ишлаб чиқарувчи завод томонидан ўша ишлаб чиқарилган вакцинани амалиётда қўллаш учун бир нечта клиник босқичлардан ўтказилади. Вакциналарнинг амалиётга яроқлилиги тасдиқланганидан сўнг Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти лабораториясига юборилиб, преквалификация сертификати олинади.
Юртимизга келтирилган ҳар бир вакцина ишлаб чиқарувчи заводнинг сертификатига мослигини ўрганиш учун яна лаборатория синовлари ўтказилади ва Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш маркази томонидан унинг яроқлилиги қайта тасдиқланади.
Шунингдек, вакциналарнинг совуқлик занжирига риоя этилиши мониторинги ҳам олиб борилмоқда. Яъни, вакциналар омборхонадан махсус авторефрижераторларда совуқлик занжирига риоя этилган ҳолда ҳудудларга олиб кетилади. Даволаш-профилактика муассасаларининг ҳаммасида эмлаш хоналарида совутгичлар ўрнатилган. Мана шу совутгичларда вакциналар совуқлик занжирига риоя этилган ҳолда +2 дан +8 гача ҳароратда сақланади.
Ҳар йили мамлакатимизга болаларни эмлаш учун 22 миллион дозага яқин 13 турдаги вакцина олиб келинмоқда. 5 миллиондан кўпроқ, 6 миллион нафарга яқин бола эмлаш билан қамраб олиняпти. Эмлашдан сўнг болаларга уч кун давомида патронаж хизмати кўрсатилади ва мана шу кузатув натижасида эмлаш хавфсизлиги, самарадорлиги ўрганилади.
Жорий йилнинг тўққиз ойи давомида республика бўйича 600 мингдан ортиқ бола эмланди ва эмланган болалар орасида оғир, ножўя ҳолатдаги шунингдек, жиддий реакциялар кузатилмади.
Алоҳида айтиб ўтишимиз керакки, республиканинг 4 мингга яқин даволаш-профилактика муассасалари эмлаш пунктларида касбий тайёргарлиги оширилган вакцинатор тиббиёт ходимлари ишлаяпти. Бундан ташқари, ҳар бир болага вакцина қилинишидан олдин ота-оналарига тушунчалар бериб ўтилади.
Энг муҳими, ота-оналар фарзандларининг соғлом вояга етиши ва турли ҳил касалликларнинг оғир асоратларидан ҳимоялаш учун яшаш манзилидаги поликлиникага мурожаат қилиб, эмлашларни ўз қақтида олиши зарур.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА