Ўзбекистонда ишбилармонлик фаоллиги индекси апрель ойида юқори ўсишни қайд этди
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан баҳоланган Ишбилармонлик фаоллиги индекси 2026 йил апрель ойида 1065 бирликни ташкил этиб, ўтган ойга нисбатан 6,5 фоизга ортган бўлса, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан эса 22 фоизга ўсиш кузатилган.
Жорий йилнинг апрель ойида Ишбилармонлик фаоллиги индекси компонентлари даражасида қуйидаги ўзгаришлар кузатилди. Хўжалик юритувчи субъектларнинг банк ҳисоб-варақларидаги операциялар сони бўйича компонент 8,3 фоизга ортган. Товар-хом ашё биржасида хом-ашё сотиб олиш жадаллиги 5,4 фоизга ошган бўлса, фаолият кўрсатаётган хўжалик юритувчи субъектлар бўйича компонент 1,7 фоизга ортган. Товар белгилари бўйича компонент эса 33,9 фоизга ортган.

Шунингдек, 2026 йил апрель ойида Ишбилармонлик фаоллиги индекси барча ҳудудда ўтган ойга нисбатан ўсиши кузатилган. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикасида 46,2 фоиз, Наманган вилоятида 43,0 фоиз, Жиззах вилоятида 41,1 фоиз ва Сирдарё вилоятида 38,1 фоиз даражада сезиларли даражада ўсиш кузатилган.
Ҳисобот даврида банклараро тўлов операциялари сони 7 641,3 минг тани ташкил этиб, 2026 йилнинг март ойига нисбатан 588,8 минг транзакцияга ёки 8,3 фоизга ортган. Банклараро тўлов операциялари сони 12 та ҳудудда ортган. Хусусан, Тошкент шаҳрида 9,8 фоиз, Тошкент вилоятида 9,1 фоиз, Сирдарё вилоятида 9,0 фоиз ва Қорақалпоғистон Республикасида 8,1 фоиз даражада юридик шахслар ўртасидаги банк операциялари сони ўтган ойга нисбатан сезиларли ортган. Бу кўрсаткич Хоразм вилоятида 4,4 фоиз ва Андижон вилоятида 3,7 фоизга камайган.
Жорий йилнинг март ойида Ишбилармонлик фаоллиги индексининг биржа компоненти 1,0543 бирликни ташкил этган бўлиб, ўтган ойга нисбатан 5,4 фоизга ортган. Бунда, ҳар бир битим бўйича сотиб олинган товарларнинг ўртача ҳажми 15,0 фоизга ортганлиги ва тузилган битимлар сони 4,1 фоизга камайганлиги кузатилди.

Республика товар-хом ашё биржасида асосий 34 турдаги товарлар савдосининг умумий айланмаси ҳажми 2026 йил апрель ойида 8 532 миллиард сўмни ташкил этиб, ушбу кўрсаткич ўтган ойга нисбатан 14,4 фоизга ортган. Бунда биржа савдолардаги ушбу фаолликда саноат мойи савдоси ҳажмининг ўтган ойга нисбатан 208,5 бараварга, битум 2,6 баравар, пахта мойи 1,9 баравар ва дизель ёқилғиси 1,6 бараварга ортиши асосий омил ҳисобланади.
Ҳисобот даврида фаолият юритаётган хўжалик субъектлари компоненти 1,0170 бирликни ташкил этиб, олдинги ойга нисбатан 1,7 фоизга ортган. Бунда барча турдаги фаолият юритаётган хўжалик юритувчи субъектлар сони олдинги ойга нисбатан 3 682 бирликка ортиб, 514,7 мингтани ташкил этган. Йирик тадбиркорлик билан шуғулланувчи корхоналар сони эса 221 тага ошиб, 4 940 тани ташкил этган бўлса, кичик корхоналар сони 3,6 мингтага ортиб, 420,9 мингтага етган. Шунингдек, фермер хўжаликлари сони 141 тага камайиб, 88,9 мингтани ташкил этган.
2026 йилнинг апрель ойида савдо белгилари бўйича компонент 1,3392 бирликни ташкил этиб, ўтган ойга нисбатан 33,9 фоизга ортган. Мазкур даврда юридик шахслар томонидан 529 та товар белгилари ва товар номлари рўйхатга олинган.
Моҳигул Қосимова, ЎзА