Бемор болаларни даволашга ваучерлар тарқатилди
Президент топшириғи амалда
Давлат раҳбарининг ташаббуси асосида Қурбон ҳайити муносабати билан оғир хасталикка чалинган болалар учун “Вақф” фонди томонидан йирик миқдорда маблағлар ажратилиб, уларнинг даволанишларига йўналтирилмоқда.


Тошкент вилоятида ҳам мазкур ташаббус доирасида Соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамда шаҳар-туман Тиббиёт бирлашмалари негизида вилоят даволаш-профилактика муассасалари масъул ходимларидан иборат штаб ташкил этилди. “Вақф” фонди томонидан вилоятга жами 1 минг 100 та ваучер ажратилиб, шундан оғир ва ногиронликка олиб келувчи касалликка чалинган 299 нафар болада юқори технологик операциялар амалга оширилади.


Шунингдек, 216 нафар онкологик, гематологик ва онкогематологик ташхиси қўйилган беморларда тиббий текширувлар, даволаш ва жарроҳлик амалиётлари ўтказилади. Яна 4 нафар беморда жигар ва буйрак трансплантацияси амалга оширилади. Шу кунларда Ангрен шаҳри бўйича масъуллар ана шундай хонадонларга ташриф буюриб, ваучерларни ўз эгаларига топширди. Фуқаролар билан суҳбатда мавжуд муаммолар ўрганилиб, ижобий ҳал қилиш чоралари кўриляпти.

– Ангрен шаҳри Гулзор маҳалласида яшайман, – дейди Доно Эрматова. – Фарзандим Мустафо Соаталиев юракнинг туғма нуқсони билан туғилган. Уни даволатиш учун кўп ташвиш чекаётгандик. Бугун ўғлимнинг бепул жарроҳлик амалиёти учун ваучер берилгани бизга катта қувонч бағишлади. Бундай эътибор ва ғамхўрлик учун миннатдормиз.
А.Мусаев, ЎзА.