Ўзбекистонда фаолият юритаётган ўқитувчилар сони очиқланди
Миллий статистика қўмитаси умумий ўрта таълим муассасаларида фаолият юритаётган педагоглар сонига доир расмий маълумотларни эълон қилди.
Қайд этилишича, 2025/2026 ўқув йили бошида Ўзбекистондаги умумий ўрта таълим ташкилотларида фаолият юритаётган ўқитувчилар сони (ўриндошларсиз) 577,7 минг нафарни ташкил этган. Ушбу кўрсаткич ўтган 2024/2025 ўқув йилига нисбатан 12,8 минг нафарга ёки 2,3 фоизга ошгани кузатилган.
Таҳлилларга кўра, соҳа ходимларининг гендер таркибида аёллар устунлик қилади: ўқитувчиларнинг 72,5 фоизи ёки 418,8 минг нафарини хотин-қизлар, 27,5 фоизи ёки 158,9 минг нафарини эркаклар ташкил этган.
Ҳудудлар кесимида умумий ўрта таълим муассасаларидаги ўқитувчилар сони қуйидагича тақсимланган:
Самарқанд вилояти — 65,1 минг нафар;
Қашқадарё вилояти — 65,1 минг нафар;
Фарғона вилояти — 60,6 минг нафар;
Сурхондарё вилояти — 52,3 минг нафар;
Андижон вилояти — 46,3 минг нафар;
Наманган вилояти — 42,6 минг нафар;
Қорақалпоғистон Республикаси — 40,7 минг нафар;
Тошкент вилояти — 40,2 минг нафар;
Хоразм вилояти — 35,1 минг нафар;
Тошкент шаҳри — 34,1 минг нафар;
Бухоро вилояти — 33,4 минг нафар;
Жиззах вилояти — 25,7 минг нафар;
Навоий вилояти — 22,3 минг нафар;
Сирдарё вилояти — 14,2 минг нафар.
М.Қосимова, ЎзА