Инсон ҳуқуқлари маданияти ва ёшлар ташаббуси
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили(Омбудсман)нинг Самарқанд вилоятидаги минтақавий вакили томонидан “Омбудсман соати” лойиҳаси бўйича “Инсон ҳуқуқлари маданияти ва ёшлар ташаббуси” мавзусида онлайн конференция ўтказилди.
Самарқанд шаҳридаги умумтаълим мактаблари ўқувчилари ва ёшлар етакчилари иштирокида ўтказилган анжуманда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ва бунда Омбудсманнинг ўрни, унинг вазифа ва ваколатлари ҳамда фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби ҳақида тушунча берилди.
Шунингдек, 2026 йил 14 октябрда қабул қилинган қонун билан айрим қонун ҳужжатларига болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш мақсадида киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар моҳияти тушунтирилди.
Самарқанд вилояти ички ишлар бошқармаси вакили томонидан ёшлар ҳуқуқлари ва рақамли муҳит: шахсий маълумотлар, интернет хавфсизлиги ва шахсий ҳаёт дахлсизлиги мавзусида маъруза қилинди. Унда ёшларнинг интернетдан хавфсиз фойдаланиши, шахсий маълумотларини ҳимоя қилиши ҳамда рақамли муҳитда ўз ҳуқуқларини билишининг аҳамияти тушунтирилди.

– Мазкур тадбирдан кўзланган асосий мақсад ёшларнинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари борасидаги ҳуқуқий билимларини ошириш, ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга қаратилган, – дейди Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили(Омбудсман)нинг Самарқанд вилоятидаги минтақавий вакили Отабек Тошниёзов. – Конференция давомида ҳуқуқшунослар томонидан бу ҳақда тушунча бериш билан бирга болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилишга оид қонунчиликдаги ўзгаришлар ҳақида сўз юритилди. Қонунга кўра, болалар тарбияси бўйича мажбуриятларни бажармаслик, зарарли ахборот тарқатиш ҳамда комиссиялар қарорларини ижро этмаслик учун тегишли жарималар белгиланган. Шунингдек, таълим ходимларининг зўравонлик учун жавобгарлиги аниқлаштирилиб, жабрланган болаларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатилиши белгиланди. Бу ҳақда ёшлар етакчилари ва ўқитувчиларга алоҳида тушунтириш берилди.
Мулоқот давомида ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, инсон ҳуқуқлари маданиятини кенг тарғиб қилиш ва бу борада ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш юзасидан фикр ва таклифлар билдирилди. Иштирокчиларни қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан жавоблар берилди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири