Ўзбекистонда бозор хизматлари ҳажми ортиб бормоқда
Мамлакатимизда ички истеъмол, сервис инфратузилмаси ва рақамлаштириш жараёнларининг жадаллашиши бозор хизматлари соҳасида юқори натижаларни таъминламоқда.
2026 йилнинг дастлабки олти ойида Ўзбекистон иқтисодиётининг хизмат кўрсатиш соҳасида сезиларли ўсиш суръатлари қайд этилди. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, январь–июнь ойларида кўрсатилган бозор хизматларининг умумий ҳажми 664,9 триллион сўмга етиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 16,9 фоизга ошди.
Хизматлар ҳажми асосий турлар бўйича қуйидагича тақсимланди:
Энг юқори кўрсаткич савдо хизматлари ҳиссасига тўғри келиб, 170 триллион сўмни ташкил этди. Кейинги ўринларни яшаш ва овқатланиш (115,2 трлн сўм), молиявий (104,2 трлн сўм) ҳамда транспорт хизматлари (103,9 трлн сўм) эгаллади.
Шунингдек, алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари бўйича 51,9 триллион сўмлик, таълим соҳасида 23,8 триллион сўмлик ҳамда кўчмас мулк билан боғлиқ хизматлар бўйича 16,2 триллион сўмлик кўрсаткичлар қайд этилди.
Қолган соҳалар бўйича кўрсаткичлар қуйидагича: шахсий хизматлар — 11,9 трлн сўм; соғлиқни сақлаш хизматлари — 11,3 трлн сўм; меъморчилик, муҳандислик изланишлари ва техник синовлар — 8,9 трлн сўм; компьютерлар ва маиший товарларни таъмирлаш — 7,8 трлн сўм; ижара хизматлари — 7,6 трлн сўм ҳамда бошқа турдаги хизматлар — 32,2 триллион сўм.
2026 йилнинг биринчи ярим йиллигидаги 16,9 фоизлик ўсиш мамлакатда аҳолининг харид қобилияти ва ишбилармонлик муҳити изчил ривожланаётганидан далолат беради. Айниқса, молия, IT ва сервис соҳаларининг жадал ўсиши Ўзбекистон иқтисодиётида хизматлар улуши ортиб бораётганини кўрсатади.
Ҳамроз Баёнов, ЎзА