Янги Ўзбекистоннинг истиқболли ислоҳоти
Сўнгги ўн йилликда юртимизда барча соҳаларга том маънода янги қон, янги ҳаво кириб келди десак, адашмаймиз. Хусусан, касбга бўлган ёндашув, қулай меҳнат шароитлари ва албатта, соҳалар вакилларининг ижтимоий мавқеининг янги даражага кўтарилгани шулар жумласидандир.
Бежизга бот-бот ижтимоий муҳитнинг соғлом бўлиши муҳимлигини таъкидламаяпмиз. Зеро, аҳолининг ҳар бир қатламига лаёқатидан келиб чиқиб муносабат қилинмаса, жамиятда мувозанат бузилиши кузатилиши аниқ. Шу маънода бугунги кунда мамлакатимизнинг энг ривожланган соҳаларидан бири ижтимоий ҳимоя тизими десак, янглишмаймиз. Янги Ўзбекистоннинг янгича сиёсати инсон қадри тамойилига қурилар экан, жамиятда тенглик ва шаффофлик ортиб бормоқда. Бу эса машаққатли меҳнат ва кучли сиёсий ирода самараси ўлароқ вужудга келаётгани ҳам сир эмас.
Йиллар давомида аҳолининг имконияти чекланган қатлами жамият тўзонидан айри, қаровсиз қўрғондай “дардимни ким эшитаркан”, дея яшаб келди. Бугунги кунга келиб эса уларга нафақат эътибор, балки ўз салоҳиятларини юксалтириб, жамият ривожига муносиб ҳисса қўшиш имконияти берилди. Эндиликда ногиронлиги бўлган шахслар ҳам нуфузли ташкилотларда масъул вазифаларда ишламоқда. Албатта, бунга босқичма-босқич ислоҳотлар натижасида эришилмоқда.
Аввало, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилгани юқорида айтганимиз қаровсиз қўрғонни, яъни имконияти чекланганларни ҳақиқий маънода ўз қарамоғига олди. Кейинчалик агентлик ҳузурида ташкил этилган инсон ижтимоий хизматлар маркази аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини тизимли равишда қамраб олди. Бунда қараб туриш хизмати, кучли руҳий тушкунликка тушиб қолган аёллар ва болаларга бўлган эътибор фикримизнинг исботи. Бундан ташқари ногиронликни белгилаш тизими ҳам тубдан такомиллаштирилди. Хусусан, тизим тўлиқ электронлаштирилиб, ортиқча оворагарчиликларга чек қўйилди. Шунингдек, инсон аралашувига йўл қўйилмаслиги таъминланди. Умуман олганда, бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.
Хулоса қилиб айтганда, янги Ўзбекистоннинг истиқболли ислоҳотларидан бири шубҳасиз ижтимоий ҳимоя тизимининг тараққий этганидир. Бунинг натижасида жамиятда инклюзив муҳит соғлом тус олиб бормоқда.
“Энди биз ногиронлиги бўлган инсонларга моддий ёрдам бериш ўрнига уларни меҳнат бозорига фаол жалб этишимиз, қулай шароитлар яратишимиз шарт”, – деган эди Президентимиз Шавкат Мирзиёев.
Дарҳақиқат, имконияти чекланган инсонлар учун энг муҳими бу уларга берилган имкониятдир. Бу эса уларда ҳаётга, келажакка нисбатан умид, ишонч уйғотишга хизмат қилади.
Шербек Исломов, ЎзА