Ўзбекистонда биохилма-хилликни бошқариш бўйича ягона ECODATA платформаси ишга туширилди
28 июль – Бутунжаҳон табиатни муҳофаза қилиш куни муносабати билан Тошкент шаҳрида мамлакат биохилма-хиллиги ва алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларга оид маълумотларни ягона тизимда жамлайдиган ECODATA электрон геоахборот платформаси расман ишга туширилди.
Янги рақамли платформа экология соҳасидаги тарқоқ маълумотларни ягона базага бирлаштириб, табиий меросни ўрганиш, мониторинг қилиш ва муҳофаза этишда замонавий ахборот тизими сифатида хизмат қилади. Лойиҳа тақдимоти “Green University” ҳузуридаги Марказий Осиё экология ва атроф-муҳит илмий тадқиқотлари марказида бўлиб ўтди.

Таъкидланганидек, платформа “Маълумот → таҳлил → қарор” тамойили асосида ишлайди. Бу эса экологик маълумотларни нафақат сақлаш, балки вақт ўтиши билан юз бераётган ўзгаришларни кузатиш, ҳудудлар кесимида таққослаш, биологик турлар ҳолатини таҳлил қилиш ҳамда бошқарув қарорларини илмий асосда қабул қилиш имконини яратади.

ECODATA платформаси Экология қўмитаси томонидан БМТ Тараққиёт дастури ва Глобал экологик жамғарма (GEF) ҳамкорлигида амалга оширилаётган “Aral Sea Wetlands” лойиҳаси доирасида ишлаб чиқилди.
Ягона тизим жорий этилгунга қадар экологик маълумотлар турли манбалар ва форматларда сақланиб келгани сабабли уларни таққослаш ва таҳлил қилишда қатор қийинчиликлар мавжуд эди. Янги платформа эса ҳайвонот ва ўсимлик дунёси, алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар, ўрмонлар, сув ҳавзалари, яйловлар, табиий ресурслардан фойдаланиш ҳамда экологик мониторингга оид маълумотларни ягона рақамли муҳитда жамлайди.

Бугунги кунда тизим 7 та модул ва 60 дан ортиқ ўзаро боғланган жадвалдан иборат бўлиб, Ўзбекистоннинг барча ҳудудларини қамраб олган. Унда ҳайвон ва ўсимлик турлари, жумладан, Қизил китобга киритилган ноёб турлар ҳақидаги маълумотлар, уларнинг тарқалиши, сони ва муҳофаза мақоми мунтазам юритиб борилади. Шунингдек, давлат қўриқхоналари, миллий боғлар, буюртмахоналар, ўрмон ва овчилик хўжаликлари, балиқчилик хўжаликлари ҳамда экологик туризм ҳудудлари тўғрисидаги ахборотлар ҳам ягона тизимда шакллантирилади.
Платформанинг яна бир муҳим жиҳати — табиий ҳудудларда мобиль модул орқали маълумотларни тўғридан-тўғри йиғиш имконияти. Мутахассислар кузатувларни GPS координаталари ва фотосуратлар билан бирга киритишлари мумкин. Интернет тармоғи мавжуд бўлмаган ҳолатларда ҳам маълумотлар қурилма хотирасида сақланиб, алоқа тикланганидан кейин автоматик равишда тизимга юкланади.

Фуқаролар ҳам мазкур платформа фаолиятида иштирок этиши мумкин. Улар ўсимлик ва ҳайвонларга оид кузатувларини юборишлари, тақдим этилган маълумотлар эса мутахассислар томонидан текширилиши кўзда тутилган.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА