Ўзбекистонда AI ва киберхавфсизлик бўйича халқаро платформа яратилди (+видео)
Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ҳамда Франциянинг “Bureau Veritas” компанияси ҳамкорлигида “Сунъий интеллект ва ахборот хавфсизлиги: ISO стандартлари рақамлаштириш даврида” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.
Мазкур нуфузли тадбирда вазирлик ва идоралар, банк-молия муассасалари, йирик саноат корхоналари, халқаро экспертлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Конференцияда рақамлаштириш жараёнлари жадаллашиб бораётган ҳозирги шароитда ахборот хавфсизлигини таъминлаш, киберхавфларни бошқариш ва сунъий интеллект технологияларини халқаро стандартлар асосида жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, 1828 йилда ташкил этилган “Bureau Veritas” компанияси бугунги кунда 1600 дан ортиқ офис ва лабораторияларга эга бўлиб, 84 мингдан зиёд ходимни бирлаштирган ҳолда мустақил экспертиза, инспекция, синов ва сертификатлаштириш соҳасида жаҳон етакчиларидан бири ҳисобланади.
Тадбирда Ўзбекистонда рақамлаштириш, ахборот хавфсизлиги ва сунъий интеллектни бошқариш соҳасида амалга оширилаётган ишларга алоҳида эътибор қаратилди. Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги вакиллари мамлакатда ISO халқаро стандартлари асосида сертификатлаштириш тизимини ривожлантириш, ахборот хавфсизлигини мустаҳкамлаш ҳамда соҳада сунъий интеллект имкониятларидан самарали фойдаланиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
Шунингдек, агентлик томонидан “Техник жиҳатдан тартибга солиш” миллий ахборот тизимини ишга тушириш бўйича амалий тажриба тақдим этилди. Тожикистоннинг “TALCO TAKOB” компанияси раҳбарияти эса қўшни мамлакатда ахборот хавфсизлиги ва сунъий интеллектни бошқариш соҳасида амалга оширилаётган ишлар ҳамда Ўзбекистон билан ҳамкорлик истиқболлари ҳақида сўз юритди.
— Бугун мамлакатимизда рақамлаштириш ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилган, — дейди Ўзбекистон Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги СМТ бўлими бошлиғи А.Асқаров. — Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги томонидан ISO халқаро стандартлари асосида сертификатлаштириш тизимини такомиллаштириш, миллий ахборот тизимларини ривожлантириш ва корхоналарда киберхавфсизлик талабларини жорий этиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Тадбир доирасида бир қатор маҳаллий корхоналарга халқаро ISO сертификатлари топширилди. Шунингдек, Ўзбекистон ва Тожикистон компаниялари ўртасида кадрлар тайёрлаш ва сертификатлаштириш соҳасида ҳамкорлик меморандумлари имзоланди. Энг муҳими, конференция ахборот хавфсизлиги ва сунъий интеллект соҳасида халқаро тажриба алмашиш учун муҳим мулоқот майдони бўлди.
Конференция давомида Туркиянинг “BEAM Technology”, Ўзбекистоннинг “INNOVASOFT”, “SMS SYSTEMS”, “Kapital Sug‘urta” ҳамда халқаро “Check Point Software Technologies” компаниялари мутахассислари киберхавфсизлик, рақамли барқарорлик ва сунъий интеллект маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш бўйича илғор тажрибаларини тақдим этди.
Тадбирнинг яна бир муҳим жиҳати — қатор маҳаллий корхоналарга халқаро ISO сертификатларининг топширилиши бўлди. Жумладан, “ADM Jizzakh”, “Samarqand avtomobil zavodi”, “EAST CAN SOLUTIONS” ва “IMPEX INSURANCE” компанияларига ISO 9001, ISO 14001, ISO 45001, ISO 50001 ҳамда FSSC халқаро стандартлари бўйича сертификатлар берилди.
Шу билан бирга, “Bureau Veritas Tashkent” ҳамда Тожикистоннинг “TALCO TAKOB” компанияси ўртасида корхона ходимларини халқаро стандартлар бўйича тайёрлаш ва сертификатлаштириш соҳасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Мазкур конференция ахборот хавфсизлиги ва сунъий интеллект соҳасида халқаро тажриба алмашиш, замонавий стандартларни жорий этиш ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун муҳим мулоқот майдонига айланди.
— Ҳозир рақамлаштириш жараёнлари жадал суръатларда кечмоқда, — деди "Bureau Veritas” компаниясининг Шимолий Яқин Шарқ ва Каспий минтақаси бўйича вице-президенти М.Морено. — Давлат бошқаруви, банк-молия тизими, саноат ва хизмат кўрсатиш соҳаларида рақамли технологиялар кенг жорий этилмоқда. Бу эса ахборот хавфсизлигини таъминлаш, киберхавфларнинг олдини олиш ва маълумотларни ишончли ҳимоя қилишни стратегик вазифага айлантирмоқда. Айниқса, сунъий интеллект технологиялари кенг қўлланилаётган бугунги даврда халқаро ISO стандартлари муҳим аҳамиятга эга. Конференциянинг асосий мақсади — ахборот хавфсизлиги, кибербарқарорлик ва сунъий интеллектни бошқариш соҳасида халқаро тажрибани ўрганиш, ISO стандартларини жорий этиш бўйича амалий ечимларни муҳокама қилиш ҳамда давлат ва хусусий сектор ўртасида ҳамкорликни кучайтиришдан иборат бўлди.
Маълумот учун, “Bureau Veritas” бугунги кунда сертификатлаштириш, инспекция ва экспертиза соҳасида жаҳон етакчиларидан бири ҳисобланади. Компания ISO стандартларини жорий этиш, ахборот хавфсизлиги ва киберхавфларни бошқариш бўйича катта тажрибага эга. Уларнинг илғор амалиёти Ўзбекистон корхоналари учун ҳам муҳим аҳамият касб этади.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/IwtOAy8kKME" title="O‘zbekistonda AI va kiberxavfsizlik bo‘yicha xalqaro platforma yaratildi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Шаҳноза Маматуропова, Ойбек Давронов (видео), ЎзА