Партиянинг 35 йиллиги нишонланди
Гулистон шаҳридаги Ёшлар марказида Ўзбекистон Халқ демократик партияси ташкил этилганининг 35 йиллиги муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда партиянинг шаклланиши ва ривожланишига муносиб ҳисса қўшган фаоллар, партия кенгашининг собиқ раҳбарлари, депутатлар, тарғиботчилар ҳамда ёшлар иштирок этишди.
Тадбирда партиянинг 35 йиллик фаолияти, босиб ўтган йўли ва тўплаган тажрибаси ҳақида сўз юритилди. Партия ривожига ҳисса қўшган, турли йилларда раҳбарлик лавозимларида фаолият юритган фахрийларнинг хизматлари алоҳида эътироф этилиб, улар тақдирланди.
Шунингдек, партия фаолиятида ташаббускорлиги ва фаол иштироки билан ажралиб турган депутатлар, тарғиботчилар ҳамда ёшларга ҳам рағбатлантирилди.
[gallery-32243]
Юбилей тадбирида авлодлар давомийлигини таъминлаш, ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, аҳоли билан мулоқотни кучайтириш ва фуқароларни қийнаётган муаммоларга амалий ечим топиш каби вазифаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
— Партиямизнинг 35 йиллик йўли — бу катта тажриба ва масъулият мактаби. Эндиги вазифамиз — одамларнинг дардини эшитиш, муаммоларига ечим топиш ва уларнинг ишончини оқлаш. Чунки партиянинг кучи баландпарвоз гапларда эмас, халққа наф келтирадиган амалий ишлардадир. Одамлар ҳаётида ижобий ўзгариш бўлса, меҳнатимиз самараси ҳам шу, — деди Ўзбекистон Халқ демократик партияси Сардоба туман кенгаши раиси Суюн Намозов.
Тантанали тадбир партиянинг 35 йиллик фаолиятини сарҳисоб қилиш, унинг ривожига ҳисса қўшган фаолларни эътироф этиш ҳамда келгуси вазифаларни белгилаб олишга хизмат қилди.
Ғулом Примов,
Умид Обиджонов (сурат), ЎзА