Ўзбекистон ва Туркманистон ўсимликлар дунёсини рақамлаштириш йўлида ҳамкорликни кучайтирмоқда
Ўсимликлар дунёси Ер сайёрасидаги биологик хилма-хилликнинг энг муҳим таркибий қисмларидан бири бўлиб, инсон ҳаёти, экотизимлар барқарорлиги ва табиий ресурсларни сақлашда беқиёс аҳамиятга эга.
Бугунги кунда дунё миқёсида ўсимлик турларини илмий жиҳатдан ўрганиш, уларнинг тарқалиш ҳудудлари ва табиий ҳолати ҳақидаги маълумотларни тизимлаштириш ҳамда келажак авлод учун сақлаб қолиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу нуқтаи назардан, гербарий фондларини рақамлаштириш ва улардаги илмий маълумотларни халқаро рақамли платформаларга интеграция қилиш замонавий ботаника фанининг устувор йўналишларидан бирига айланмоқда.

Ўзбекистон ва Туркманистон ҳудудлари Марказий Осиёнинг ўзига хос флористик бойлиги ва ноёб ўсимлик турлари билан ажралиб туради. Мазкур ҳудудларда тўпланган гербарий намуналари нафақат миллий, балки халқаро миқёсдаги илмий тадқиқотлар учун муҳим маълумот манбаи ҳисобланади. Уларни рақамлаштириш орқали ўсимликлар дунёсига оид тарихий ва замонавий маълумотларни кенг илмий ҳамжамият учун очиқлаш, турларнинг тарқалиши ва ўзгариш динамикасини ўрганиш, шунингдек, биохилма-хилликни мониторинг қилиш имкониятлари кенгаяди.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ботаника институти олимларининг Туркманистон Оғузхон муҳандислик-технологиялар университети Умумий ва амалий биология институтида учрашуви бўлиб ўтди.
Тадбир доирасида гербарий коллекцияларини рақамлаштириш, илмий маълумотларни рақамли нашрга тайёрлаш, GBIF тизимидаги тажриба алмашинуви ҳамда икки давлат мутахассисларининг келгусидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Учрашув якунида амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилиниб, гербарий маълумотларини мобилизация қилиш ва рақамлаштириш йўналишида келгусидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари белгилаб олинди.
Н.Раҳмонова, ЎзА