Камбағалликни қисқартириш фақат даромадни ошириш эмас, инсон қадрини юксалтиришдир
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида камбағалликни қисқартириш ва аҳоли даромадларини ошириш бўйича белгилаб берилган янги вазифалар мамлакатимизда инсон манфаатларини таъминлаш, оилалар фаровонлигини ошириш ва ҳар бир фуқаро учун муносиб ҳаёт шароитларини яратиш борасидаги ишларни янги босқичга олиб чиқмоқда.
Бу вазифалар, айниқса, хотин-қизлар ва ёшлар билан ишлаётган жамоатчилик ташкилотлари зиммасига катта масъулият юклайди. Чунки камбағалликни қисқартириш фақат моддий ёрдам кўрсатиш ёки кредит ажратиш билангина чекланмайди. Энг муҳими, ҳар бир оилага барқарор даромад манбаини яратиш, аёлни касб-ҳунарга ўргатиш, ёшларга билим ва имконият бериш, меҳнат қилиш ва тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун зарур шароит яратишдир. Айниқса, бола парвариши билан банд бўлган аёлларни уйида ёки маҳалласида даромадли меҳнатга жалб этиш, уларнинг касбий ва тадбиркорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш хотин-қизларнинг иқтисодий мустақиллигини таъминлашнинг муҳим йўналишидир. Аёлнинг даромади ошиши — оиланинг фаровонлиги, фарзандларнинг таълими ва келажаги, бутун маҳалланинг ижтимоий барқарорлигига бевосита таъсир кўрсатади.
Навоий вилояти “Зиёкор” аёллар ва ёшлар маркази ўз фаолиятида айнан шу тамойилга таяниб, фаолият кўрсатиб келмоқда. Марказ 2022 йил 5 майдан буён хотин-қизлар ва ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш, касб-ҳунарга йўналтириш, бандлигини таъминлаш ҳамда жамият ҳаётидаги иштирокини кенгайтириш йўналишларида изчил иш олиб бормоқда.

Марказнинг бугунги тажрибаси шуни кўрсатадики, инсонни қўллаб-қувватлашнинг энг самарали йўли унга тайёр ёрдам бериш эмас, балки ўз кучи билан даромад топиши учун имконият яратишдир.
Жумладан, 2022 йилда Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси томонидан ажратилган 30 миллион сўмлик грант асосида Нурота туманининг олис қишлоқларида яшовчи 106 нафар хотин-қиз бепул касб-ҳунарга ўқитилди. Мазкур лойиҳа орқали чекка ҳудудларда истиқомат қилувчи аёлларнинг касбий кўникмаларини ривожлантириш, уларни меҳнат бозорига олиб кириш ва мустақил даромад топиш имкониятларини кенгайтиришга эътибор қаратилди.
2023 йилда Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди томонидан молиялаштирилган 60 миллион сўмлик “Маҳалла – ижтимоий адолат маскани” лойиҳаси доирасида Нурота туманидаги 19 та маҳалланинг 6975 нафар аҳолисига амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти етказилди, фуқароларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий фаоллигини оширишга қаратилган ишлар олиб борилди. Шунингдек, 37 нафар ёшдан иборат “Ҳуқуқ тарғиботчилари” кўнгилли гуруҳи ташкил этилди.

2024 йилда Халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгаши ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамияти бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан молиялаштирилган 47 миллион сўмлик “Инсон қадрини улуғлаш – фаровон юрт пойдевори” лойиҳаси амалга оширилди. Лойиҳа доирасида инсон манфаатларини таъминлаш, ижтимоий масалаларни ҳал этиш ва аҳолининг фаровонлигини оширишга қаратилган ташаббуслар илгари сурилди. Навоий шаҳридаги 22 та умумтаълим мактабидан 6 тасида доимий фаолият юритувчи “Ҳуқуқ бурчаклари” ташкил этилди ҳамда 167 нафар мактаб ўқувчиси ўртасида “Сиз қонунни биласизми?” вилоят кўрик-танлови ўтказилди.
Марказ фаолиятида 2025 йил алоҳида самарадорлик босқичи бўлди. Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди томонидан молиялаштирилган 170 миллион сўмлик “Аёл фаровонлиги – тараққиёт ва барқарорликнинг пойдеворидир” лойиҳаси доирасида Хатирчи туманининг энг чекка “қизил” ҳудудларидаги Лангар ҳамда Оқтепа маҳаллаларида каштачилик марказлари ташкил этилди. Натижада 37 нафар ишсиз хотин-қиз доимий иш билан таъминланди. Бу натижа камбағалликни қисқартиришнинг энг тўғри механизмларидан бири – аёлга касб, иш ва барқарор даромад манбаини яратиш эканини амалда намоён этди.
2026 йилда эса Марказ Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди билан тузилган шартнома асосида 140 миллион сўмлик “Инсон қадри учун бунёдкорлик” грант лойиҳасини амалга оширмоқда. Лойиҳа доирасида аҳолининг кундалик эҳтиёжларидан келиб чиқиб, чекка маҳаллаларда хизмат кўрсатиш ва инфратузилмани яхшилашга қаратилган амалий ташаббуслар илгари сурилмоқда.

Шунингдек, жорий йилда энг муҳим ютуқларимиздан бири “Оила маскани – касб, бандлик ва фаровон ҳаёт сари” номли 800 миллион сўмлик грант лойиҳасининг давлат ижтимоий буюртмаси танловида ғолиб деб топилгани бўлди. Мазкур лойиҳа айнан камбағалликни қисқартириш, ишсиз ва касб-ҳунарга эга бўлмаган хотин-қизлар ҳамда ёшларнинг бандлигини таъминлашга қаратилгани билан алоҳида аҳамиятга эга. Лойиҳа доирасида эҳтиёжманд оилалар, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”, “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ҳамда бандлик органлари маълумотлари асосида мақсадли гуруҳларни аниқлаш, уларни замонавий ва талаб юқори бўлган касбларга ўқитиш, тадбиркорликка йўналтириш ва даромад манбаларини яратиш кўзда тутилган. Қисқа муддатли касб-ҳунар курсларида турли ҳунармандчилик йўналишлари бўйича таълим берилиши, амалий кўникмаларни шакллантириш ва фуқароларни ўзини ўзи банд қилиш ёки тадбиркорлик фаолиятига йўналтириш орқали лойиҳанинг асосий мақсади “ёрдам олувчи”дан “даромад яратувчи”гача бўлган йўлни таъминлашдир.
Бугунги кунда камбағалликни қисқартиришда касб-ҳунар ўргатиш, ўқув марказларига йўналтириш, дуал таълим, имтиёзли ва гаровсиз кредитлаш, кооперацияларни ривожлантириш ҳамда ижтимоий ваучерлар каби механизмлардан самарали фойдаланиш муҳим аҳамият касб этмоқда. Бундай имкониятлардан тўғри фойдаланиш учун эса аҳолига нафақат молиявий кўмак, балки билим, маслаҳат, йўналтириш ва амалий ҳамроҳлик ҳам зарур.

“Зиёкор” марказининг 2022–2026 йиллардаги фаолияти айнан шундай комплекс ёндашувга асосланган. Шу давр мобайнида жами 1 миллиард 247 миллион сўмлик грант ва давлат ижтимоий буюртмаси лойиҳалари амалга оширилди. Бу лойиҳалар орқали юзлаб хотин-қизлар касб-ҳунарга ўргатилди, ишсиз аёллар бандлиги таъминланди, ёшларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий фаоллиги оширилди, маҳаллаларда аҳолининг турмуш шароитини яхшилашга қаратилган амалий ташаббуслар илгари сурилди.
Биз учун камбағалликни қисқартириш ҳисоботдаги рақамлар ёки ўзлаштирилган маблағлар эмас. Энг катта натижа бир аёлнинг касб эгаллаши, бир оилада даромаднинг кўпайиши, бир ёшнинг ишли бўлиши, бир тадбиркорнинг ўз фаолиятини бошлаши ва бир оиланинг эртанги кунга ишонч билан қарашидир. Ҳар бир аёлнинг қўлида ҳунар бўлса, у оиласига таянч бўлади. Ҳар бир ёшга билим ва имконият берилса, у жамият тараққиётига ўз ҳиссасини қўшади. Ҳар бир оилада барқарор даромад манбаи яратилса, маҳалла фаровонлашади. Шу боис “Зиёкор” аёллар ва ёшлар маркази бундан буён ҳам хотин-қизлар ва ёшларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш, уларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка йўналтириш, янги иш ўринлари яратиш, оилавий даромадларни кўпайтиришга хизмат қиладиган лойиҳаларни кенгайтириш йўлида фаол иш олиб боради. Зеро, камбағалликни қисқартириш инсонни шунчаки ёрдам олувчига айлантириш эмас, унинг ўз имкониятига ишончини уйғотиш, меҳнати билан фаровон ҳаёт қуриши учун шароит яратишдир.
Ҳар бир оиланинг даромади ошса, маҳалла фаровонлашади. Маҳалла фаровонлашса, ҳудуд тараққий этади. Ҳудуд тараққий этса, Янги Ўзбекистоннинг инсон қадри улуғланган, фаровон ва кучли жамияти янада мустаҳкамланади.
Гулҳаё Равшанова,
Навоий вилоятидаги “Зиёкор” аёллар ва ёшлар маркази раҳбари.
ЎзА