Ўзбекистон ва Туркия имтиёзли савдони ривожлантиради
Туркия Республикаси савдо вазири ўринбосари Мустафо Тузжу бошчилигидаги делегация мамлакатимизда бўлди.
Ташриф доирасида Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Акрам Алиев ҳамда Мустафо Тузжу ҳамраислигида икки мамлакат ўртасида Имтиёзли савдо тўғрисидаги битим бўйича Ишчи гуруҳнинг навбатдаги йиғилиши ўтказилди.
Мулоқот давомида тенглик асосида имтиёзли савдо тизими татбиқ этиладиган маҳсулотлар рўйхатини янада кенгайтириш масаласи атрофлича муҳокама қилиниб, музокаранинг учинчи давраси якуни бўйича ўзаро келишувга эришилди. Шунингдек, икки томонлама манфаатли қўшимча товар турларини рўйхатга киритиш бўйича эришилган натижани мустаҳкамловчи якуний баённома имзоланди.
Қабул қилинган қарорлар ўзаро савдо-сотиқни жонлантириш, экспорт-импорт амалиёти кўламини кенгайтириш ҳамда товар айирбошлаш қийматини 5 миллиард долларга етказиш йўлидаги муҳим қадам экани таъкидланди.
Ф.Яхшибоева, ЎзА