Ўзбекистон ва Словакия қишлоқ хўжалигида янги ҳамкорлик имкониятларини кўриб чиқди
Қишлоқ хўжалигида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, илғор тажриба ва замонавий технологиялар алмашинувини йўлга қўйиш соҳа самарадорлигини оширишда муҳим аҳамиятга эга.
Ўзбекистон–Словакия Ҳукуматлараро комиссиясининг иккинчи йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги делегацияси ҳам иштирок этди. Йиғилиш доирасида Словакия Қишлоқ хўжалиги ва қишлоқ тараққиёти вазирлиги билан ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари кўриб чиқилди.
Музокараларда соҳа мутахассисларининг малакасини ошириш, илмий алоқаларни ривожлантириш ва илғор тажрибаларни алмашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди, дейилади Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотида.
Шунингдек, ўсимликлар карантини соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ўзаро савдо ҳажмини ошириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.
Ҳамкорликни амалий лойиҳалар билан мустаҳкамлаш мақсадида 2027 йилда Ўзбекистон–Словакия бизнес-форумини ташкил этиш ташаббуси илгари сурилди. Ушбу форум икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш, инвестицияларни жалб қилиш ва ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Учрашув аграр соҳадаги савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш ва икки томонлама ҳамкорликни янги йўналишларда кенгайтириш учун муҳим мулоқот майдони бўлди.
М. Ҳожиакбарова, ЎзА