Фарғоналик ёшлар нуфузли университетлар сари интилмоқда
Фарғона вилоятида иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг нуфузли хорижий олий таълим муассасаларида таҳсил олишига кўмаклашиш ҳамда “Эл-юрт умиди” жамғармаси имкониятларини кенг тарғиб этишга қаратилган учрашувлар ўтказилмоқда.
Вилоят ахборот-кутубхона марказида ташкил этилган тадбирда Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари Шерзод Полвонов, Бошқарув самарадорлиги агентлигининг вилоят филиали раҳбари Аҳад Акбаров ҳамда жамғарма вакиллари иштирок этди.
Учрашувда олий таълим муассасалари талабалари, техникум ўқувчилари, мактаб битирувчилари ва хорижда таҳсил олиш истагидаги ёшларга жамғарманинг стипендия дастурлари, танлов шартлари, етакчи хорижий университетларда таълим олиш имкониятлари ҳақида маълумот берилди.
Шунингдек, Фарғона шаҳридаги Президент мактаби ўқувчилари билан ҳам очиқ мулоқот ўтказилди. Унда иқтидорли ёшларнинг халқаро таълим дастурларида иштирок этишини қўллаб-қувватлаш, хорижда эгалланган билим ва тажрибани юртимиз тараққиётига йўналтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
[gallery-31950]
Бундай учрашувлар ёшларнинг халқаро таълим имкониятлари ҳақидаги тасаввурларини кенгайтириш, уларни ўз олдига аниқ мақсадлар қўйишга ундаш ҳамда келгусида малакали мутахассис бўлиб етишишига хизмат қилади.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА