Ўзбекистон ва Хитой туризм соҳасида янги лойиҳаларни бошламоқчи
Хитойнинг Сиань шаҳрида бўлиб ўтган “III Ўзбекистон – Хитой ҳудудлараро форуми” доирасида Туризм қўмитаси раиси А.Аққулов Хитойнинг “Fei Jing Tourism” компанияси (чиқиш туризми) вице-президенти Вей Жие, “Winner Hydrogen” транспорт компанияси бош директори Ло Тианши ҳамда “Shaanxi Tourism Group” компанияси бош директори ўринбосари Сзао Юеванг билан музокаралар ўтказди.
“Fei Jing Tourism” компанияси билан Хитойдан юқори сегмент сайёҳларини юртимизга жалб қилиш ва компаниянинг Ўзбекистонда туризм соҳасида фаолият кўламини кенгайтириш масалалари муҳокама этилди. Ўз навбатида, компания юқори ва бизнес сегментидаги мижозлар талабидан келиб чиқиб, камида 80 та хонага эга меҳмонхоналарни бошқарувга олиш ва 4 ҳамда 5 юлдуз тоифасидаги Хитой брендларини жалб қилиш истагини билдирди.

“Winner Hydrogen” транспорт компанияси билан музокараларда туризм транспорти хизматларини кенгайтириш лойиҳалари муҳокама қилинди. Ўзбекистон туризм бозорига олиб кирилаётган Yutong, Golden Dragon, King Long ва бошқа русумдаги автобуслар учун комплекс техник сервис кўрсата оладиган марказ фаолиятини йўлга қўйиш бўйича дастлабки келишувларга эришилди.

Шунингдек, “Shaanxi Tourism Group” компанияси билан Шаньси провинциясидан сайёҳлар оқимини ошириш, тематик парк ва бошқа туристик лойиҳаларни ҳамкорликда амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.


Ушбу компания томонидан Сиань шаҳрида 40 гектар майдонда “Ипак йўли” тематик парки барпо этилган бўлиб, мажмуанинг кунлик сайёҳлар сиғими 40 минг кишини ташкил этади. Хитой томони билан “Ипак йўли” тематик паркининг навбатдаги лойиҳасини Ўзбекистонда, жумладан “Самарқанд туризм маркази”га туташ ҳудудда ташкил қилиш истиқболлари ўрганиб чиқилмоқда.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА