Ҳукумат комиссияси Бўстонлиқдаги туризм объектлари билан танишди
Айни кунларда Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида замонавий туризм мажмуаларини барпо этиш бўйича ишлар жадал суръатларда давом этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев бошчилигидаги Инвестицияларни жалб этиш, саноатни ривожлантириш ва савдони тартибга солиш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси айнан мазкур ҳудудда амалга оширилаётган йирик туризм лойиҳаларининг бориши билан танишди.
Ташриф давомида комиссия аъзолари ҳудудда барпо этилаётган туризм инфратузилмаси, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ҳамда транспорт йўналишларини ривожлантириш ишларини кўздан кечирди. Шунингдек, масъуллар билан ўтказилган муҳокамаларда лойиҳаларнинг амалий ижроси, босқичма-босқич ривожланиши ва уларнинг ҳудуд иқтисодиётига таъсири юзасидан фикр алмашилди.

Комиссия томонидан туризм соҳасидаги йирик инвестиция лойиҳаларини барқарор иқтисодий экотизимга айлантириш, улар орқали аҳоли бандлигини ошириш ҳамда маҳаллий инфратузилмани ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, “Чимён” МФЙ ҳудудида барпо этилаётган “Белдерсой-Чимён-Нанай” халқаро умуммавсумий курорт мажмуаси лойиҳаси кўздан кечирилди. Ушбу йирик инвестиция лойиҳаси 1300 гектар майдонда хорижий инвестициялар ҳисобига амалга оширилмоқда. Лойиҳа доирасида замонавий туристик инфратузилмани шакллантириш асносида 1000 та иш ўрни яратиш ҳамда 6 минг нафаргача сайёҳга хизмат кўрсатиш режалаштирилган.
Шу билан бирга, комиссия “Белдерсой Resort & SPA” тоғ курорти ва дам олиш зонасини барпо этиш лойиҳасининг амалга оширилиши билан ҳам танишди. 45,9 гектар майдонни қамраб оладиган ушбу объект фойдаланишга топширилгандан сўнг 30-40 минг нафар сайёҳни қабул қилиш имконияти яратилиши ҳамда 400 та янги иш ўрни ташкил этилиши кутилмоқда.
Ҳукумат комиссияси ахборот хизматига кўра, ташриф якунида масъул вазирлик ва идораларга лойиҳаларни амалга ошириш суръатини жадаллаштириш, инфратузилмани янада ривожлантириш ҳамда инвесторлар ва сайёҳлар учун қулай шароитлар яратиш бўйича аниқ топшириқлар берилди.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА