Ўзбекистон ва Ҳиндистон: Ҳамкорлик мустаҳкамланяпти
Бугунги кунда Ўзбекистон – Ҳиндистон муносабати аҳамияти Марказий ва Жанубий Осиё транспорт ва иқтисодий боғлиқлигини кучайтириш, минтақавий хавфсизликни таъминлаш, терроризм ва трансмиллий таҳдидга қарши курашиш ҳамда ўзаро савдо-иқтисодий алоқани кенгайтириш билан белгиланади. Сўнгги йилларда олий даражадаги ташрифлар, мунтазам сиёсий маслаҳатлашув ва янги қўшма лойиҳалар йўлга қўйилиши мавжуд шерикликни янада мустаҳкамлаб, амалий мазмун билан бойитди.
Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Модининг Ўзбекистонга бу галги ташрифи ҳам мамлакатларимиз ўртасидаги алоқаларни янги поғонага олиб чиқиши кутиляпти.

Тошкент давлат шарқшунослик университети доценти Ҳилола Мустапова билан суҳбатимиз айни мавзуга бағишланди.
– Аввало, давлатларимиз ўртасидаги муносабат тарихига қисқача тўхталсангиз.
– Ўзбекистон билан Ҳиндистон ўртасидаги алоқалар тарихи узоқ ўтмишга бориб тақалади. Абу Райҳон Берунийнинг ХI асрда ушбу мамлакатга саёҳати ва шу асосда “Ҳиндистон” асари ёзилиши фикримизни тасдиқлайди. Буюк шоир ва давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур ХVI асрда “Бобурнома” асари орқали Ҳинд диёрининг мамлакатимиз билан уйғунлашган тарихини очиб берган. Асрлар давомида икки ҳудуд ўртасида савдо-сотиқ, илм-фан, маданият ва дипломатия ривожланган. Айниқса Темурийлар мавжуд алоқаларни янада фаоллаштирган.
Ўзбекистон мустақилликка эришгач, икки мамлакат ўртасидаги кенг қамровли ҳамкорлик янги мазмун билан бойиди, муносабат изчил ривожланиш босқичига ўтди. Ўзбекистон Ҳиндистонга Осиё қитъасининг сиёсий, иқтисодий соҳада ва инсон ресурси жиҳатидан улкан салоҳиятга эга энг йирик давлатларидан бири, нафақат жаҳон сиёсатида, балки иқтисодиётида ҳам муаммоларни ҳал этишда ўрни ортиб бораётган мамлакат сифатида қарайди.
Замонавий икки томонлама муносабатнинг янги босқичи 1992 йил 18 мартда Ўзбекистон Республикаси ва Ҳиндистон Республикаси ўртасида дипломатик алоқа ўрнатилиши билан бошланди. Шундан буён ҳамкорлик сиёсий-дипломатик мулоқотдан ташқари савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқа, транспорт-логистика, таълим, туризм ҳамда маданий-гуманитар йўналишларни ҳам қамраб олган ҳолда изчил ривожланмоқда.
Хуллас, иқтисодий жиҳатдан тез ўсиб бораётган Ҳиндистон савдо, сармоя, замонавий технология ва туризм бўйича Марказий Осиёда, айниқса, Ўзбекистон билан барқарор шерик бўлиши учун мустаҳкам асос мавжуд.
– Бугунги умумий ҳолат қандай сиёсий манзара касб этган?
– Мутахассислар фикрича, Марказий Осиёда жадал амалга оширилаётган ислоҳот минтақа давлатлари ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, шунингдек Ҳиндистон билан ҳар томонлама шерикликни кучайтириш учун мисли кўрилмаган имконият яратмоқда. Бугун сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга давлатлар ўртасида 2011 йил имзоланган Стратегик шериклик тўғрисидаги қўшма баёнот пухта замин яратган.
Ҳозирги муносабатни тобора амалий ва кўп соҳали тус олиб бораётган шакл сифатида баҳолаш мумкин.
Икки томонлама муносабат тизимида юқори даражали ўзаро ишончга асосланган, мунтазамлик касб этган сиёсий мулоқот устувор аҳамиятга эга. Масалан, 2026 йил майда икки мамлакат ташқи сиёсий маҳкамалари 17-сиёсий маслаҳатлашуви давомида томонлар стратегик шерикликнинг жорий ҳолатини ҳар томонлама ва атрофлича муҳокама қилиб, муҳим йўналишларни белгилаб олдилар.
Бош вазир Нарендра Модининг Тошкентга навбатдаги ташрифи эса фақат икки томонлама дипломатик муносабат доирасидаги юқори даражали мулоқот сифатидагина эмас, балки Ҳиндистоннинг Марказий Осиёдаги стратегик иштирокини кенгайтириш ва Жанубий Осиё билан иқтисодий-транспорт алоқаларини диверсификация қилиш жараёнининг муҳим шарти сифатида ҳам баҳолаш мақсадга мувофиқ. Зеро, Ҳиндистон сўнгги йилларда минтақамизни “кенгайтирилган қўшничилик” доирасида кўриб, савдо, муҳим минераллар, энергетика, хавфсизлик ва транспорт боғлиқлигини кучайтиришга интиляпти. Ўзбекистон учун ҳам Ҳиндистон йирик Жанубий Осиё бозори, технология ва инвестиция манбаи ҳамда муқобил транспорт йўналишларига чиқиш имкониятини берувчи стратегик ҳамкор ўлароқ алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Қолаверса, муносабатлар хавфсизлик ва минтақавий барқарорлик омили билан тобора кўпроқ боғланмоқда. Ўзбекистон ва Ҳиндистон Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, терроризм ва трансмиллий таҳдидларга қарши курашиш масалаларида ўзаро яқин ёндашувга эга. 2025 йил “Ҳиндистон – Марказий Осиё” мулоқотида ҳам Афғонистон бўйича яқин мувофиқлашувни давом эттириш зарурлиги таъкидланган.
Геоиқтисодий ва транспорт-коммуникация ҳам муҳим йўналишга айланмоқда. Ҳиндистон Марказий Осиёга чиқиш учун транспорт йўлакларини ривожлантиришдан манфаатдор, Ўзбекистон ҳинд бозори ва Жанубий Осиё билан боғланиш имкониятини кенгайтиришга интилади. Шу нуқтаи назардан Халқаро Шимол – Жануб транспорт йўлаги (INSTC) алоҳида аҳамиятга эга. Ҳиндистон Ўзбекистоннинг мазкур ташаббусдаги иштирокини қўллаб-қувватлаган.
Қисқача айтганда, Ўзбекистон – Ҳиндистон жорий муносабатини “тарихий-маданий яқинликдан стратегик, геоиқтисодий ва технологик шерикликка ўтиш” жараёни, дея таърифлаш мумкин.
– Мамлакатларимиз иқтисодий салоҳияти ва ҳамкорлик истиқболини қандай баҳолайсиз?
– Салоҳият нуқтаи назаридан Ўзбекистон ва Ҳиндистон бир-бирини тўлдирувчи иқтисодиётга эга. Ҳиндистон - улкан ички бозор, юқори технология, фармацевтика, рақамли иқтисодиёт, машинасозлик ва хизмат кўрсатиш борасида беқиёс салоҳиятга эга. Ўзбекистон эса Марказий Осиёнинг муҳим бозори, ишлаб чиқариш ва экспорт платформаси сифатида мавқеини тобора мустаҳкамламоқда. Иқтисодий ўсиш суръати таҳлили кўрсатадики, 2025 йил ялпи ички маҳсулотимиз қиймати 147 миллиард долларни, ташқи савдо айланмамиз эса 81,2 миллиард долларни ташкил этди. Бундай юқори кўрсаткич давлатнинг ташқи савдо алоқалари кўламини кенгайтириш ва экспорт салоҳиятини диверсификация қилиш йўлидаги стратегик мақсади муваффақиятли амалга оширилаётганлигини илмий жиҳатдан асослайди.
Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлиги маълумотига кўра, 2024 йил 980,4 миллион доллар товар айирбошланган. Ўтган йил якунида эса савдо айланмаси 1,3 миллиард доллардан ошиб, бир йилда қарийб 30 фоиз ўсган. Томонлар бу рақамни яқин истиқболда 2 миллиард долларга етказиш мақсадини белгилаган.
Менимча фармацевтика, тиббиёт, рақамли технология ва СИ, энергетика, қишлоқ хўжалиги, машинасозлик, кимё саноати, тоғ-кон соҳаси ва транспорт-логистика йўналишлари истиқболли. Хусусан, 2026 йил август ойида Нью-Деҳлида ўтказилган Ўзбекистон – Ҳиндистон бизнес форумида айни соҳалар бўйича янги лойиҳалар муҳокама қилинди. Ҳозир юртимизда ҳинд капитали иштирокида қарийб 400 корхона ишлаяпти, қўшма лойиҳалар жами қиймати 5 миллиард доллардан ошган.
Табиийки, мавжуд салоҳияти ҳали тўлиқ ишга солинган эмас. Ҳамкор томон расмий маълумотида ҳам ўзаро савдо ҳажми мавжуд имкониятга нисбатан пастлиги таъкидланган. Яъни, транспорт-логистика харажатини камайтириш, бевосита ҳаво қатнови ва транспорт йўлакларини ривожлантириш, савдо тартибини соддалаштириш ҳамда тўғридан-тўғри бизнес алоқалари кўламини кенгайтириш ҳал қилувчи омилдир.
– Маълумки, Ўзбекистон денгиз савдо йўлига эга эмас. Фикрингизча, Ҳиндистон томони таклиф этаётган жанубий транспорт йўлаклари мамлакатимиз учун мазкур бўшлиқни тўлдириш имконини берадими?
– Албатта. Ҳиндистон бу камчиликни қисман ва стратегик жиҳатдан тўлдириш имконига эга, деб ўйлайман. Тўғри, Ҳиндистон Ўзбекистонга бевосита денгизга чиқиш имконини бермайди, асосий масала ҳинд портлари, Эроннинг Чобаҳор порти ва Марказий Осиё ўртасида самарали мультимодал транспорт тизимини шакллантиришда.
Шу нуқтаи назардан энг муҳим лойиҳа – Чобаҳор порти. Бу масканни ривожлантириш ва бошқаришда иштирок этаётган Ҳиндистон мажмуани Марказий Осиёга чиқиш учун муҳим транспорт нуқтаси сифатида кўряпти. Деҳли ҳукумати Чобаҳорни Ҳинд океани орқали Марказий Осиё бозорига чиқиш ва “International North – South Transport Corridor” (INSTC) билан боғлашни стратегик мақсад этиб белгилаган.
Иккинчи истиқболли йўналиш – Транс-Афғон транспорт йўлаги. Агар Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон йўналишида темир йўл ва автомобиль инфратузилмаси тўлиқ шаклланса, биз Жанубий Осиё, жумладан Покистон портларига чиқиш имконига эга бўламиз. Шу тариқа Ҳиндистонда ҳам Марказий Осиё билан тўғридан-тўғри қуруқлик алоқасини ривожлантириш имкони пайдо бўлади. Ҳозирча Афғонистондаги вазият ва Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги анчайин кескин муносабат бу йўналишнинг асосий чекловидир.
– Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги маданий ҳамкорлик қандай аҳамиятга эга?
– Ўзбекистон ва Ҳиндистон маданий-гуманитар алоқаларини икки давлат муносабатининг энг барқарор ва халқларимиз ўртасидаги яқинликни таъминловчи йўналиш дея баҳолаш мумкин.
Бу жараёнда айниқса кино ўзига хос ўрин тутади. Ҳинд киноси Ўзбекистонда жуда машҳур. Масалан, 2024 йил декабрь ойида Раж Капур таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан юртимизда беш кунлик Ҳинд киноси ҳафталиги ўтказилди. Ўтган йил март ойида эса ҳинд кино санъатининг турли йўналишлари намойиш этилган фестиваль ташкил этилди.
Маданий дипломатиянинг яна бир муҳим йўналиши – йога, рақс, мусиқа ва санъат. Тошкентдаги Лал Баҳодур Шастри номли Ҳинд маданияти маркази бу борада муҳим институт ҳисобланади. Ҳамкорликнинг кенг кўламли амалий намунаси сифатида ҳамюртларимиз Харьяна штатида ўтказиладиган Осиёдаги энг йирик “Суражкунд” анъанавий халқаро ҳунармандлик фестивалида расман “Шерик давлат” мақомида қатнашганини таъкидлаш жоиз.
Яна бир муҳим йўналиш – таълим тизимидаги изчил шериклик. Хусусан, ҳамкор давлат ҳукуматининг “Aid to Uzbekistan” дастури доирасида республиканинг 15 олий таълим муассасасида Ҳиндистонни ўрганиш маркази ташкил этилгани маданий дипломатиянинг самарали воситаси бўлиб хизмат қилмоқда. Шу билан бирга Самарқанд давлат университети ва ТДШУда Ҳиндистон маданияти ва тилларини чуқур ўрганиш бўйича Ҳиндистон Маданий алоқалар кенгаши (ICCR) махсус академик дастурлари тизимли равишда амалиётга жорий этилган.
Икки томонлама маданий-гуманитар ва илмий алоқалар ривожига қўшилган ҳиссанинг юксак эътирофи сифатида ўзбек ҳиндшунос олимлари ҳинд ҳукумати томонидан мунтазам тақдирлаб келинаётганини кўрсатиш мумкин. Жумладан, ТДШУ доценти, филология фанлари бўйича фалсафа доктори Нилуфар Хўжаева Ўзбекистонда ҳинд тили ва таржимашунослигини ривожлантиришдаги хизматлари учун “Vishwa Hindi Samman” – “Жаҳон ҳинд тили фахри” мукофоти билан тақдирланиши давлатлар аро академик шерикликнинг юқори намунасидир. Н.Хўжаева мамлакатимиз тарихида ушбу нуфузли мукофотга лойиқ кўрилган тўртинчи ўзбек олими.
2025 йил июнь ойида бўлиб ўтган “Ҳиндистон – Марказий Осиё” мулоқотида ҳам маданий, таълим ва гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш халқларимиз ўртасида бевосита алоқани кучайтиришнинг муҳим воситаси сифатида қайд этилган. Шу нуқтаи назардан келгусида қўшма кино ва сериаллар ишлаб чиқариш, тарихий-меъморий меросни ўрганиш, талабалар ва ёшлар алмашинуви кўламини кенгайтириш, ҳинд ва ўзбек тилларини ўзаро ўрганиш, музейлар, санъат муассасалари ҳамкорлигини кучайтириш истиқболли йўналишлардир.
Қисқаси, иқтисодий-сиёсий манфаат давлатларни, маданият эса халқларни яқинлаштиради. Ўзбекистон ва Ҳиндистон ҳолатида айни яқинлик тарихий хотира, кино, мусиқа, таълим ва умумий цивилизацион мерос орқали шакллангани учун маданий дипломатия стратегик шерикликнинг узоқ муддатли ва барқарор пойдевори бўлиб қолади.
ЎзА мухбири Гўзал Сатторова суҳбатлашди.