Беларусда “Ўзбек қовунлари фестивали”
– Икки давлат раҳбарларига миннатдорчилик билдираман. Улар туфайли Беларусь ва бағри кенг, меҳмондўст, меҳнаткаш ўзбек халқи билан биродарлигимиз янада мустаҳкамланди, – дейди Минскда бугун очилган “Ўзбек қовунлари фестивали” қатнашчиси Алеся Залеский. – Бугунги фестиваль хонадонларимиз, фарзандларимизга чексиз қувонч олиб келди. Мен умримда бундай тотли меваларни истеъмол қилмаган эдим!
Аслида Алеся айтган миннатдорчилик ва ҳайрат сўзларини фестивалга ташриф буюрган ҳар бир иштирокчи бирдек такрорлади.
Ўзбекистон Республикасининг Беларусь Республикасидаги элчихонаси ташаббуси ва юртимиз деҳқон, фермер, тадбиркорлари саъй-харакати билан ташкил этилган “Ўзбек қовунлари фестивали” Минск аҳли учун кутилмаган совға бўлди. Бу ерга Сирдарё, Жиззах, Хоразм, Фарғонанинг тилни ёрар қовунлари келтирилган. Татиб кўриш бепул. Нархлари арзон. Икки қўлида аранг катта қовунларни кўтариб кетаётган харидорлар юзида мамнуният.
[gallery-31150]
Фестивалга Ўзбекистондан янги узилган Олтиариқ узумлари, Қува ва Шеробод анорлари ҳам келтирилди. Улардан “Ёз неъматлари” павильонида татиб кўрдилар.
Яна бир павильонда эса беларуссияликларнинг севимли емаклари – қуруқ мевалар сотувга қўйилди. Ёнғоқ, қуритилган ўрик, ҳатто хурмогача бор эди бу ерда.
– Юртингиз қанчалар саховатли-а, бу неъматларнинг барчасидан татиб кўриб ҳозироқ Ўзбекистонга боргим келди, – дейди Алеся Залеский.
Фестивалдаги ҳамма нарса Ўзбекистондан дарак бериб турар эди. Доиранинг жаранги ҳам, атлас-адрас дастурхонлар, харидорлар бири-биридан талашиб кийиб суратга тушаётган зарбоп либослар ҳам...
Бугун Ўзбекистон – Беларусь халқлари дўстлигини мустаҳкамлашга яна бир дадил қадам қўйилди.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА