Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи Транскаспий йўлаги бўйича амалий лойиҳаларни илгари сурмоқда
Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида транспорт-логистика алоқаларини ривожлантириш, савдо йўналишларини диверсификация қилиш ва минтақанинг транзит салоҳиятидан самарали фойдаланишда Транскаспий транспорт йўлаги муҳим аҳамият касб этади. Йўлакни ривожлантириш доирасида транспорт инфратузилмасини такомиллаштириш, инвестицияларни жалб этиш ва ташувлар самарадорлигини ошириш масалалари долзарб бўлиб бормоқда.
Бугун Тошкентда ўтказилган Транскаспий транспорт йўлаги бўйича иккинчи миллий конференцияда мазкур масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ва Европа Комиссиясининг Халқаро ҳамкорлик бўйича Бош дирекцияси ҳамкорлигида ташкил этилган анжуман ушбу йўналишдаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, мавжуд имкониятларни муҳокама қилиш ва амалий лойиҳаларни илгари суриш учун муҳим мулоқот майдони бўлди. Унда давлат ташкилотлари, халқаро молия институтлари, тараққиёт ҳамкорлари ҳамда транспорт ва логистика соҳасидаги хусусий сектор вакиллари иштирок этди.
Анжуманниг расмий очилишида Ўзбекистон Республикаси транспорт вазири Илҳом Маҳкамов, Европа Иттифоқининг Халқаро ҳамкорлик бўйича Бош дирекцияси Осиё ва Тинч океани минтақаси бўйича директори Петерис Устубс ва бошқалар сўзга чиқиб, Европа ва Марказий Осиё ўртасидаги транспорт алоқаларини ривожлантиришда Транскаспий транспорт йўлагининг аҳамиятини таъкидлади.
Тадбирда Ўзбекистоннинг Транскаспий транспорт тизимидаги иштирокини кенгайтириш, транспорт-логистика инфратузилмасини такомиллаштириш, транзит салоҳиятини ошириш ва янги инвестицияларни жалб қилиш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, амалий лойиҳаларни илгари суриш, транспорт жараёнларини рақамлаштириш, божхона тартиб-таомилларини уйғунлаштириш ва ташувлар самарадорлигини оширишга эътибор қаратилди.
Транспорт вазири Илҳом Маҳкамовнинг таъкидлашича, мамлакатда транспорт соҳасини ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли иқтисодий ўзгаришларнинг муҳим йўналишларидан биридир.
– Транскаспий транспорт йўлагига бағишланган иккинчи миллий конференция Европа Иттифоқи ва халқаро молия институтлари билан ҳамкорликни янада ривожлантириш, устувор лойиҳаларни амалга ошириш ва Ўрта коридорни хавфсиз ҳамда самарали транспорт йўлаги сифатида ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга.
Биз Европа Иттифоқи ва халқаро молия институтлари билан ҳамкорлик қилиш учун устувор миллий лойиҳалар портфелини шакллантирдик. Уларнинг марказида темир йўл инфратузилмасини модернизация қилиш, транспорт тармоқларини ривожлантириш ва логистика салоҳиятини ошириш вазифалари турибди.
Транскаспий коридорини тўлақонли ривожлантириш учун темир йўл ва автомобиль йўлларини замонавий логистика инфратузилмаси билан ўзаро боғлаш зарур. Айни пайтда Ўзбекистонда логистика марказлари ва омборлар тармоғини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. ЭСКАТОнинг халқаро аҳамиятга эга “қуруқ портлар” рўйхатига мамлакатимиздаги 27 та транспорт-логистика марказидан 24 таси киритилгани ҳам Ўзбекистоннинг минтақавий транспорт-логистика тизимидаги салоҳиятини кўрсатади.
[gallery-31701]
Ўзбекистон Ўрта коридорни ривожлантиришга қаратилган йирик минтақавий лойиҳаларни ҳам амалга оширмоқда. Хусусан, Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли лойиҳаси, Грузия портларида Ўзбекистон терминалини барпо этиш ҳамда Каспий денгизида юк ташиш имкониятларини кенгайтириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Шунингдек, “CASCA+” мультимодал йўналиши доирасида темир йўл ташувларига 70 фоизлик чегирмалар жорий этилди. Бу маршрутнинг иқтисодий жозибадорлигини ошириш ва бизнес учун қулай шароит яратишга қаратилган. Давлат зарур шарт-шароитларни яратади, иқтисодий ўсишнинг асосий драйвери эса бизнесдир. Шу боис халқаро тажрибани жалб этиш ва хусусий сектор билан фаол мулоқот ўрнатишга алоҳида аҳамият қаратяпмиз, –деди Илҳом Маҳкамов.
Конференцияда темир йўл ва автомобиль йўллари инфратузилмасини ривожлантириш, логистика хизматларини такомиллаштириш, халқаро ташувларда электрон ҳужжатлардан фойдаланиш ҳамда чегарадан ўтиш жараёнларини соддалаштириш бўйича таклифлар кўриб чиқилди. Хусусий секторни транспорт ва логистика лойиҳаларига кенгроқ жалб этиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Европа Иттифоқининг Халқаро ҳамкорлик бўйича Бош дирекцияси Осиё ва Тинч океани минтақаси бўйича директори Петерис Устубс қайд этганидек, Транскаспий транспорт йўлагини ривожлантиришда амалий лойиҳаларни илгари суриш, иштирокчи давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш ва ташувлар самарадорлигини ошириш муҳим аҳамиятга эга.
– Транскаспий транспорт йўлаги бўйича иккинчи миллий мувофиқлаштириш платформаси доирасида асосий вазифалардан бири эса амалий лойиҳаларни илгари суриш ва йўлак фаолиятида мавжуд тўсиқларни биргаликда бартараф этишдир.
Бу жараёнда йўлакка яхлит тизим сифатида ёндашиш муҳим. У фақат Ўзбекистон ёки Қозоғистон билан чекланмайди, балки Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ мамлакатларини ҳам қамраб олади. Шу боис бутун йўлак бўйлаб ҳужжатларни электрон шаклга ўтказиш ва божхона тартиб-таомилларини уйғунлаштириш зарур. Бу юкларнинг тезроқ ҳаракатланиши ва транзит вақтини қисқартиришга хизмат қилади.
Яна бир муҳим вазифа йўлакни олдиндан режалаштириш мумкин бўлган, ишончли тизимга айлантиришдир. Транспорт ва логистика компаниялари учун ташиш муддатларининг аниқ ва барқарор бўлиши муҳим. Бу йўлакнинг инвесторлар ва бизнес учун жозибадорлигини оширади.
Шу билан бирга, логистика марказлари, темир йўл ва автомобиль йўллари инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган қатор лойиҳаларни амалга ошириш зарур. Европа Иттифоқи Ўзбекистон ҳукумати, халқаро молия институтлари ва бошқа ҳамкорлар билан биргаликда ушбу лойиҳаларни илгари суриш ва Транскаспий транспорт йўлагини янада ривожлантиришдан манфаатдор, – деди Петерис Устубс.
Мухтасар айтганда, Транскаспий транспорт йўлагини мувофиқлаштириш платформаси Европа Иттифоқининг “Global Gateway” стратегияси доирасида амалга оширилиб, Марказий Осиёнинг беш давлати, Европа Иттифоқи, халқаро молия институтлари ва бошқа ҳамкорлар ўртасидаги мулоқотни қўллаб-қувватлайди. Конференция эса йўлакни ривожлантиришга қаратилган амалий лойиҳаларни илгари суриш ва янги ҳамкорлик имкониятларини белгилашга хизмат қилди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА