Сурхондарёда кузги мавсумда 11 миллион 187 минг туп кўчат экилади
Ангор туманида Президентимизнинг шу йил 23 сентябрдаги “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга оширишда маҳаллалар ролини кучайтириш ва ҳудудларнинг яшиллик даражасини тубдан оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг кузги мавсумига тайёргарлик кўриш, экиладиган кўчатлар учун ер майдонларини тайёрлаб, суғориш тизимини ташкил этиш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов 2026-2027 йилларда вилоят ҳудудида яшил боғлар ва ўрмон ҳудудларини кенгайтириш, кўчат плантацияларини барпо этиш орқали кўчат захирасини яратиш, шунингдек, ҳудудларнинг табиий-иқлим шароитига мос, сувсизлик ва шўрланишга чидамли дарахт турларини танлаб экиш масалаларини муҳокама этди.

Вилоятда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг кузги мавсумида амалга ошириладиган ишлар тақдимоти ўтказилди.

Жорий йил кузги мавсумда воҳада 11 миллион 187 минг тупдан ортиқ кўчат экиш режалаштирилган. Яшил бойликларнинг қарийб 783 минг тупи Ангор туманидаги белгилаб олинган ҳудудларга қадалади.
Тақдимотда туманда амалга ошириладиган ишлар Илғор маҳалласида яшил белбоғ ташкил этиш учун танланган ҳудуд мисолида тушунтирилди. Хусусан, бир гектар майдонда 3х2 метр экиш схемаси асосида 1 минг 667 туп кўчат жойлаштириш кўзда тутилган. Дарахт кўчатларини экиш билан бирга уларни мунтазам суғориш ва парваришлаш имконини берувчи тизимни олдиндан ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилган.

Лойиҳада ҳудуд шароитидан келиб чиқиб, тут, гўзал каталпа, Элдор қарағайи, жийда, хитой каталпаси, қайрағоч ва арча-туя каби дарахт кўчатларини экиш тавсия этилган. Маҳаллада танлаб олинган ҳудудни яшил бойликка буркашда қурғоқчиликка, шамол ва турли иқлим шароитларига чидамли, соядорлик ва ҳавони тозалаш хусусиятлари юқори бўлган дарахтларга устуворлик бериш назарда тутилган.
Йиғилишда эколог, ўрмончи ва соҳа мутахассисларининг таклифлари тингланди. Мутахассислар кўчатларни танлаш, ерларни экишга тайёрлаш, суғориш тизимини йўлга қўйиш ва экилган дарахтларнинг яшаб кетишини таъминлаш юзасидан тегишли тавсиялар билдирди. Маҳаллаларда яшил ҳудудларни кенгайтириш, кўчатларни экишдан олдин ер ва сув инфратузилмасини тайёрлаш, кўчат захирасини яратиш ҳамда уларнинг парваришини тизимли ташкил этиш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган вазифалар белгилаб олинди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жорий этилган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси вилоятни яшил бойликларга буркаб, кутилмаганда юз берадиган шамол таъсирини камайтиришда муҳим омил бўлмоқда. Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 31 мартдаги “Сурхондарё ва Сирдарё вилоятларида шамол эрозиясининг салбий таъсирини камайтириш ва экологик вазиятни яхшилаш бўйича чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Ангор ва Термиз туманларидаги йирик майдонларда “яшил белбоғ”лар ташкил этилиб, шамол йўлларини тўсиш ва қум барханлари кўчишининг олдини олиш чоралари кўрилмоқда. Теварак-атрофни яшилликка буркашга илмий асосда ёндашилиб, “яшил белбоғ”лар яратилаяпти. Жумладан, лойиҳанинг ўтган мавсумида Ангор туманининг М39 халқаро магистраль автомобиль йўли бўйидаги 102 гектар ер майдонида 261 минг туп ва “Қорақир” даҳаси ҳудудидаги 108 гектар ерда 270 минг туп, Термиз тумани “Каттақум” даҳасидаги 82 гектар қумлоқ ер майдонида 218 минг туп мевали ва манзарали дарахт, Янгиобод маҳалласи ҳудудидаги 31 гектар ер майдонда 12,7 минг туп “элдор” қарағай кўчати экилиб, ундириб олинди.

Вилоятда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг кузги мавсумида маҳаллалар роли оширилиб, ҳудудларда иқлимни юмшатадиган табиий тўсиқ, шамол ва чангдан ҳимоялайдиган “яшил қалқон”ларни янада кенгайтириш ҳам мўлжалланмоқда.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,
ЎзА мухбири