Ўзбекистон стартаплар, сунъий интеллект ва рақамли инфратузилмага эътибор қаратмоқда
Тошкентда «Стартаплар мамлакати» шиори остида ICT WEEK Uzbekistan 2026 ҳафталиги бўлиб ўтмоқда. Тадбир доирасида инсон капиталини ривожлантириш, стартап экотизимини қўллаб-қувватлаш, сунъий интеллект соҳасида кадрлар тайёрлаш ва мамлакат рақамли инфратузилмасини янада кенгайтиришга қаратилган ташаббуслар тақдим этилмоқда.
Тошкентда ICT WEEK Uzbekistan 2026 ҳафталигининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу йилги тадбир «Стартаплар мамлакати» шиори остида ўтказилмоқда.
Тадбирнинг очилиш қисмида Ўзбекистонда стартап экотизимининг ривожланиши, ёшларнинг инновацион фаоллиги ва рақамли технологиялар соҳасида яратилаётган янги имкониятларга бағишланган видеотақдимот намойиш этилди.
Маросимда рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов иштирок этиб, мамлакат тараққиётида инсон капитали муҳим ўрин тутишини таъкидлади.
Унинг қайд этишича, ёшларнинг сифатли таълим олиши, замонавий билим ва кўникмаларни эгаллаши учун кенг имкониятлар яратиш, шунингдек, IT ва сунъий интеллект соҳаларида таълимни ривожлантириш устувор вазифалардан бири ҳисобланади.
Шу мақсадда «Бир миллион дастурчи» (One Million Coders) ва «Сунъий интеллект соҳасида беш миллион лидер» (Five Million AI Leaders) каби ташаббуслар амалга оширилмоқда. Улар орқали ёшларнинг замонавий технологиялар бўйича билим ва кўникмаларини ошириш ҳамда келажак касбларига тайёрлаш кўзда тутилган.
50 дан ортиқ стартап асосчилари бир маконда

ICT WEEK Uzbekistan 2026 очилиш маросимининг эътиборга молик жиҳатларидан бири — 50 дан ортиқ ўзбек стартаплари асосчиларининг саҳнага таклиф этилгани бўлди.
Шерзод Шерматов халқаро инвесторларни Ўзбекистондаги ёш технологик компанияларнинг ривожланиш жараёнида, айниқса, уларнинг дастлабки босқичлариданоқ иштирок этишга чақирди.
«Ушбу стартаплар келажакда “юникорн” компанияларга айланиши эҳтимоли юқори. Уларга эрта босқичда инвестиция киритиш орқали келажак “юникорн”ларининг инвесторига айланишингиз мумкин», — деди вазир.
Шунингдек, тадбир доирасида Startup Base янги платформасининг расмий тақдимоти ва ишга туширилиши маросими ўтказилди. Платформа Шерзод Шерматов ҳамда стартап экотизими вакиллари томонидан рамзий тугмани биргаликда босиш орқали фаоллаштирилди.
ICT EXPO: рақамли технологиялар майдонида халқаро ҳамкорлик

ICT WEEK Uzbekistan 2026 очилиши доирасида рақамли технологиялар вазири хорижий делегациялар вакиллари, компания раҳбарлари ҳамда фахрий меҳмонлар билан биргаликда ICT EXPO кўргазмасини кўздан кечирди.
Central Asian Expo Uzbekistan (CAEx) мажмуасида ўтказилаётган кўргазмада ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги маҳаллий ва хорижий ишланмалар, инновацион ечимлар ҳамда замонавий технологиялар намойиш этилмоқда.
Uztelecom ва Amazon Leo: чекка ҳудудларда интернет имкониятлари кенгаймоқда

ICT WEEK Uzbekistan 2026нинг биринчи кунидаги муҳим воқеалардан яна бири — Uztelecom, унинг «UZ-SAT» корхонаси ҳамда Amazon Leo ўртасида ҳамкорлик бўйича келишув имзолангани бўлди.
Келишувга мувофиқ, Uztelecom ва UZ-SAT Ўзбекистонда Amazon Leo хизматларининг ваколатли дистрибюторлари сифатида фаолият юритади.
Amazon Leo — Amazon компаниясининг паст орбитадаги сунъий йўлдошлар тизими бўлиб, анъанавий телекоммуникация инфратузилмасини яратиш қийин бўлган ҳудудларда юқори тезликдаги интернет хизматларини тақдим этишга мўлжалланган.
Янги ечимлар мавжуд ер усти тармоқларини тўлдириб, чекка ва бориш қийин бўлган ҳудудларда яшовчи аҳоли ҳамда фаолият юритаётган корхоналар учун замонавий алоқа хизматларидан фойдаланиш имкониятини кенгайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Юқори тезликдаги интернет аҳоли учун давлат электрон хизматларидан фойдаланиш, масофавий таълим, онлайн тиббий маслаҳатлар, масофадан ишлаш ва мулоқот қилиш имкониятларини кенгайтириши мумкин.
Uztelecom маълумотларига кўра, компания ҳозирда мамлакатдаги аҳоли пунктларининг 96 фоизини алоқа билан таъминламоқда. Компания фойдаланаётган оптик-толали алоқа линияларининг умумий узунлиги эса 378 802 километрни ташкил этади.

Келишув доирасида UZ-SAT Amazon Leo тармоғи имкониятларидан фойдаланган ҳолда Ўзбекистон бўйлаб мижозларни улаш ва улар учун алоқа ечимларини ишлаб чиқиш ҳамда тақдим этиш билан шуғулланади.
UZ-SAT бош директори Баҳром Азимовнинг таъкидлашича, сунъий йўлдош орқали алоқа хизматлари анъанавий инфратузилма имкониятлари чекланган ҳудудларда интернет қамровини кенгайтиришга хизмат қилади.
Amazon Leo вакиллари ҳам маҳаллий компаниялар билан ҳамкорлик спутник технологияларини жорий этиш ва юқори тезликдаги интернетдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Startup & Venture Summit: стартаплар ва инвесторлар мулоқот майдонида

ICT WEEK Uzbekistan 2026 доирасида Startup & Venture Summit ҳам ўтказилмоқда. Саммит стартап асосчилари, инвесторлар, венчур фондлар, акселераторлар, йирик компаниялар ҳамда давлат ташкилотлари вакилларини бир майдонга жамлади.
Тадбирда рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов ҳам иштирок этиб, Ўзбекистонда стартаплар учун қулай ҳуқуқий муҳит яратиш, венчур ҳамкорларни ва хорижий компанияларни жалб қилиш, шунингдек, стартап экотизимини халқаро майдон билан интеграция қилиш масалаларига тўхталди.
Саммит доирасида технологик тадбиркорликни Ўзбекистон ва Марказий Осиёда ривожлантириш, маҳаллий стартапларни халқаро бозорларга олиб чиқиш, инвестиция жалб қилиш ҳамда миллий лойиҳаларни глобал венчур экотизимига интеграция қилиш масалалари муҳокама қилинмоқда.
Умуман, ICT WEEK Uzbekistan 2026 давлат ташкилотлари, технологик компаниялар, стартаплар, инвесторлар ва халқаро ҳамкорларни бирлаштириб, Ўзбекистонда рақамли иқтисодиёт, инновациялар ва технологик тадбиркорликни ривожлантириш бўйича мулоқот учун йирик майдон вазифасини бажармоқда.
Н.Усмонова, ЎзА