Мисрнинг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги замонавий илми энди Ўзбекистонда
Мисрлик олим ва мутахассислар Ўзбекистондаги қишлоқ хўжалиги лойиҳаларини ўрганмоқда. Улар сув ресурсларини бошқариш ва замонавий технологияларни жорий этиш бўйича ҳамкорликни ривожлантириб, янги ечимлар таклиф этади.
Февраль ойида Ўзбекистон делегациясининг Мисрга сафари чоғида қатор манфаатли келишувларга эришилган эди. Энди ҳамкорликнинг навбатдаги амалий босқичи Ўзбекистонда давом этмоқда. Миср Қишлоқ хўжалиги тадқиқотлари маркази, Чўл тадқиқотлари маркази ва Миллий сув тадқиқотлари маркази олимлари ҳамда соҳа мутахассисларидан иборат делегация мамлакатимизга ташриф буюрди. Делегация аъзолари “Ўзагростар холдинг” муассислигидаги ихтисослашган компаниялар томонидан амалга оширилаётган лойиҳаларни жойларда ўрганди.

Улар мавжуд ер, сув ва инфратузилма имкониятлари билан яқиндан танишиб, муайян лойиҳалар бўйича амалий тавсия ва таклифлар ишлаб чиқмоқда. Шунингдек, хорижлик мутахассислар иштирокида қўшма лойиҳалар шакллантирилиб, тажриба-синов ишлари ташкил этилади.
Миср Чўл тадқиқотлари маркази директори Аҳмед Шавки Моҳамед Ҳашад Ўзбекистондаги ташрифидан олган таассуротларини шундай изоҳлади.
— Мен бу ерда ижобий руҳият ва катта салоҳиятга эга мамлакатни кўрдим, — дейди у. — Айни дамда Қашқадарё вилоятига алоҳида эътибор қаратмоқдамиз. Бу ҳудудда ривожланиш ва иқтисодий ўсишга хизмат қиладиган лойиҳаларни амалга оширишни режалаштирганмиз. Кўрганларимиздан келиб чиқиб айтиш мумкинки, мавжуд шароитларни яхшилаш ва мамлакат тараққиётига ҳисса қўшадиган иқтисодий лойиҳаларни йўлга қўйиш учун яхши имкониятлар бор.
Директор, шунингдек, сув масаласини жиддий ўрганиш зарурлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, бу ташриф ҳар томонлама муваффақиятли бўлган.

Мазкур ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигида Миср делегацияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Унда “Ўзагростар холдинг” тизимида замонавий илмий ёндашувлар ва технологияларни жорий этиш режалари, холдинг фаолияти жорий лойиҳалари ва истиқболдаги режалари тақдим этилди. Қишлоқ хўжалигининг турли тармоқларида ўзаро манфаатли ташаббусларни йўлга қўйиш имкониятлари муҳокама қилинди. Музокаралар якунида томонлар ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Эслатиб ўтамиз, Миср Араб Республикаси Қишлоқ хўжалиги ва мелиорация вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалиги тадқиқотлари маркази 1913 йилда ташкил этилган бўлиб, 16 та илмий-тадқиқот институтни қамраб олади ва 10 минг нафардан зиёд тадқиқотчини бирлаштиради. Марказ олимлари 250 дан ортиқ экин навини Мисрнинг тупроқ-иқлим шароитларига мослаштириб, ҳосилдорликни ўртача 15–30 фоизга оширишга эришган.
Санжар Тошпўлатов, ЎзА