Ўзбекистон Президенти Бутунжаҳон урбанизация форумининг очилиш маросимида иштирок этди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев БМТнинг Аҳоли пунктлари бўйича дастури шафелигида Боку шаҳрида ўтказилаётган Бутунжаҳон урбанизация форумининг 13-сессияси очилиш маросимида иштирок этди.
Пойтахтнинг Конгресс-марказида давлатимиз раҳбарини Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев ҳамда БМТнинг Аҳоли пунктлари бўйича дастури ижрочи директори Анаклаудия Россбах қутладилар.
Иштирокчиларнинг биргаликда суратга тушиш маросими бўлиб ўтди.

Бу галги форумнинг мавзуси – “Барча учун уй-жой: хавфсиз ва барқарор шаҳарлар ҳамда ҳамжамиятлар”. Унда давлатлар ва ҳукуматлар, халқаро ташкилотлар ҳамда ривожланиш институтлари раҳбарлари иштирок этмоқда.

Форум кун тартибидан шаҳарларни барқарор ривожлантириш, аҳолини замонавий ва арзон уй-жой билан таъминлаш, шаҳар муҳити сифатини ошириш, иқлим барқарорлигини мустаҳкамлаш, ижтимоий ва транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда уй-жойни молиялаштириш механизмларини такомиллаштириш масалалари ўрин олган.

Ўзбекистон Президенти форум доирасидаги Етакчилар саммитида нутқ сўзлайди.