Маданий мерос соҳасида давлат бошқаруви органларининг ваколатлари аниқлаштирилмоқда
Кейинги йилларда маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасида давлат бошқаруви тизими босқичма-босқич такомиллаштирилди. Ваколатли органларнинг функциялари қайта кўриб чиқилди.
Сенат ялпи мажлисида муҳокама қилинган “Маданий мерос соҳасидаги давлат бошқаруви тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун ана шу ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлашга қаратилган.

Қонун бўйича маъруза қилган Сенатнинг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалар қўмитаси аъзоси Малика Қодирхонова қонунга мувофиқ маданий мерос соҳасида давлат бошқаруви органларининг ваколатлари аниқлаштирилганини қайд этди.

Моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш бўйича ваколатлар Маданий мерос агентлигига, номоддий маданий мерос объектлари билан боғлиқ ваколатлар эса Маданият вазирлигига тегишли эканлиги назарда тутилмоқда.
Хусусан, Маданий мерос агентлигига моддий маданий мерос объектларини ҳисобга олиш, давлат кадастрини юритиш, тарихий-маданий экспертиза ўтказиш, маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасида давлат назоратини амалга ошириш вазифалари юклатилмоқда.

Қонун билан маданий бойликларнинг муомаласи, жумладан, уларни кимошди савдолари орқали реализация қилиш тартиби такомиллаштирилиб, ушбу жараёнларни ваколатли орган билан келишган ҳолда амалга ошириш механизми жорий этилмоқда.
Археология ёдгорликларини тадқиқ этишни фақат тегишли рухсатнома асосида амалга ошириш, маданий мерос объектларининг ҳолатини мунтазам назорат қилиш ҳамда уларни ҳар беш йилда кўрикдан ўтказиш тартиби белгиламоқда.
Сенаторлар маъқуллаган қонун маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан самарали фойдаланиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш, ваколатлар тақсимотида аниқликни таъминлаш ҳамда соҳада ягона ва самарали бошқарувни йўлга қўйишга хизмат қилади.
Н.Абдураимова,
Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА