Ўзбекистон – Ўмон: тарихий дўстликдан стратегик шериклик сари
Ўзбекистон ва Ўмон Султонлиги ўртасидаги муносабатлар тарихий дўстлик, ўзаро ишонч ва муштарак манфаатлар асосида изчил ривожланиб бормоқда. Сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасидаги сиёсий мулоқот анча фаоллашиб, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-логистика, туризм ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг Ўмон Султонлигидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Абдусалом Хатамов Маскатдаги “Oman Daily” нашрига берган интервьюсида таъкидлашича, мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар стратегик шерикликнинг янги босқичига қадам қўймоқда. Ўзаро инвестициялар ва савдо ҳажмининг ўсиб бориши, қўшма лойиҳалар кўламининг кенгайиши ҳамда яқин истиқболда янги инвестициявий келишувлар имзоланиши кутилаётгани ҳамкорликнинг мустаҳкам асосга эга эканини кўрсатади.
Сиёсий мулоқот ва дипломатик ҳамкорлик
А.Хатамов фикрича, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Ўмон ўртасида турли даражаларда мунтазам мулоқот йўлга қўйилган. Хусусан, 2024 йилда Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг Маскат шаҳрига, 2025 йилда эса Ўмон ташқи ишлар вазирининг Тошкентга ташрифлари икки томонлама муносабатларга янги суръат бағишлади. Шунингдек, ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувлар изчил давом этмоқда. Жумладан, жорий йил 30 июнь куни Маскат шаҳрида мазкур маслаҳатлашувларнинг тўққизинчи давраси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон делегациясига ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари раҳбарлик қилди.
Ўзбекистон элчисининг қайд этишича, икки ўлка халқаро муносабатларда низоларни дипломатик йўл билан ҳал этиш, давлатлар суверенитетини ҳурмат қилиш ва уларнинг ички ишларига аралашмаслик тамойилларига содиқ.

Дипломат Ўмон Султонлигининг Яқин Шарқдаги мураккаб вазиятларни тинч йўл билан ҳал этиш борасидаги саъй-ҳаракатларига ҳам юқори баҳо берди. Хусусан, Маскатнинг АҚШ ва Эрон ўртасидаги музокараларга мезбонлик қилиши, шунингдек, Яман билан боғлиқ инқирозни бартараф этишдаги воситачилик фаолияти алоҳида эътироф этилди.
– Кўплаб давлатлар йиллар давомида уруш олиб борган, аммо охир-оқибат музокаралар столига қайтишга мажбур бўлган. Мураккабликларга қарамай, зиддиятлар ва инқирозларга барҳам беришнинг ягона йўли шу, -деди элчи.
Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон БМТ ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти каби халқаро тузилмалар доирасида Ўмоннинг тинчлик ва хавфсизликни таъминлашга қаратилган ташаббусларини доимий қўллаб-қувватлайди.
Савдо ва инвестициявий ҳамкорлик кенгаймоқда
Элчимиз айтишича, икки давлт ўртасида савдо ва инвестициявий ҳамкорлик босқичма-босқич ривожланмоқда. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми ортиб, қўшма лойиҳалар сони кўпаймоқда. Хусусан, Ўзбекистон – Ўмон инвестиция компанияси озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, логистика марказларини модернизация қилиш ҳамда Тошкентда меҳмондўстлик соҳасини ривожлантиришга қаратилган лойиҳаларга юзлаб миллион доллар сармоя йўналтирган.
Дипломат юртимизда хорижий сармоядорлар учун яратилган қулай инвестициявий муҳитга ҳам тўхталиб ўтди.
– Ўзбекистонга жалб этилган инвестициялар ҳажми 2017 йилдаги 3 миллиард доллардан 2026 йилда 43 миллиард долларга етди. Бу ўн баробардан ортиқ ўсишни англатади, -деди у.
Транспорт-логистика – ҳамкорликнинг устувор йўналиши
Маскатдаги элчимизнинг қайд этишича, ҳозирда Ўзбекистоннинг Форс кўрфази давлатларига йўналтирилган экспорт юкларининг асосий қисми Туркманистон ва Эрон орқали ташилмоқда. Бунда Бандар-Аббос порти муҳим ўрин тутади. Бироқ минтақадаги сўнгги воқеалар мазкур йўналишдаги импорт-экспорт операцияларига таъсир кўрсатмоқда.
Шу нуқтаи назардан, Ўмон портлари ва эркин иқтисодий зоналари Ўзбекистон учун муҳим логистика имкониятларини тақдим этади. А.Хатамовнинг маълум қилишича, яқин вақт ичида Ўмоннинг Сўҳар эркин иқтисодий зонасида логистика хизматларига ихтисослашган қўшма Ўзбекистон – Ўмон компанияси ташкил этилиши эълон қилиниши кутилмоқда.
Туризм ва маданий-гуманитар алоқалар
Элчининг таъкидлашича, Ўмонга саёҳат қилаётган ўзбекистонликлар сони ортиб бораётгани каби, Ўмон фуқароларининг диёримизга бўлган қизиқиши ҳам кучаймоқда. Жорий йил 3 июлдан Маскат ва Тошкент ўртасида “Oman Air” авиакомпаниясининг тўғридан-тўғри парвозлари йўлга қўйилгани, шунингдек, ўзаро визасиз сафар қилиш тартибининг жорий этилиши сайёҳлар ҳаракатини янада енгиллаштирмоқда.
Шунингдек, дипломат икки халқни боғлаб турувчи тарихий ва маданий ришталар ҳақида ҳам сўз юритди. Унинг фикрича, Ўзбекистон ва Ўмон ўртасидаги алоқалар илк ислом даврига бориб тақалади. Хусусан, машҳур тарихчи, дипломат ва олим Абдураззоқ Самарқандий Ҳирот ҳукмдори томонидан Ҳиндистонга юборилган дипломатик миссия давомида Ўмонда ҳам бўлган.
У милодий 1442 йил май ойида Ўмонга етиб келган ва сафар давомида юзага келган қийинчиликлар туфайли тўрт ой давомида шу ерда қолган. Олим ўзининг “Матлаъ ус-саъдайн ва мажмаъ ул-баҳрайн” асарида Ўмон ҳақида қимматли маълумотлар қолдирган. Шунингдек, Умавийлар даврида Хуросон ҳокими бўлган ўмонлик саркарда Муҳаллаб ибн Абу Суфра ҳамда Бухорода Ибн Синонинг шогирди бўлган ўмонлик табиб ас-Саҳорий ибн аз-Заҳабий фаолияти ҳам икки халқ ўртасидаги қадимий алоқалардан далолат беради.
– Бизни тарихий ришталар боғлаб туради. Шунинг учун ҳам биз икки томонлама муносабатларни янада юксалтириш ва изчил мустаҳкамлашга доимо интиламиз, -деди Ўзбекистон элчиси.
Дипломатнинг қайд этишича, Тошкентда Ўмон Султонлиги кўмагида ташкил этилган Беруний институти кутубхонаси икки халқ дўстлиги ва илмий ҳамкорлигининг муҳим рамзларидан бири ҳисобланади. Жорий йилда 40 нафардан ортиқ ўзбекистонлик ўқитувчи ва талаба Султон Қобус марказида малака ошириш дастурларини тамомлаган. Шунингдек, ёш ўзбекистонлик дипломатлар Маскатда, ўмонлик дипломатлар эса Тошкентда ўқув курсларида иштирок этган.
Элчи келгусида Ўмонда Ўзбекистон маданияти кунлари, кўргазмалар, фольклор чиқишлари ва туризмга бағишланган тадбирлар ташкил этилиши режалаштирилаётганини маълум қилди.
Интервью якунида Абдусалом Хатамов Ўзбекистон ва Ўмон ўртасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлаш учун барча даражаларда мувофиқлаштирилган саъй-ҳаракатларни давом эттириш муҳимлигини қайд этди. Унинг фикрича, қўшма инвестицияларни рағбатлантириш, ишбилармонлар учун мунтазам форумлар ташкил этиш, илмий-тадқиқот дастурларини амалга ошириш ва маданий ҳамкорликни кенгайтириш икки мамлакат ўртасидаги шерикликни янги босқичга олиб чиқади.
– Бу мамлакатларимизга барқарор иқтисодий ўсиш учун янги имкониятлардан фойдаланиш, ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда Ўзбекистон – Ўмон муносабатларини шерикликнинг янги босқичига кўтариш имконини беради, -деди дипломатимиз.
Ў.Алимов, ЎзА